понедельник, 26 июля 2021 г.

Яхши гапга муҳтожмиз


Яхши сўз билан илон инидан чиқади, пичоқ қинидан, деганлари рост экан. Инсон қалби шу қадар нозик бўларканки, биргина аччиқ гап билан кўнглини совутиш, биргина ширин сўз билан осмонларга чиқариб, беҳад қувонч улашиш мумкин экан. Балки шунинг учундир, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, дейишади. Зеро, ўйламай айтилган биргина гап билан энг мустаҳкам ришталар ҳам узилиб кетиши ҳеч гапмас...

Бу қиз билан иккимиз жуда яқин бўлиб қолгандик. Дардимиз, ўйимиз, келажак ҳақидаги орзуларимиз гўё бирдай эди. Қадрдон дугоналардек гаплашардик. Мени уни ҳатто “опам” деб атай бошлагандим. Бир гапга тушсак борми, вақт ўтганини сезмай, соатлаб суҳбатлашардик. Назаримда, муносабатларимиз самимий эди. Аммо...

Бир куни у ҳақига хиёнат қилганимга шама қилгандай бўлди. Лекин бу гапни очиқ-ойдин айтмади. Гап тагида гап борлигини сездим-у, кайфиятим тушиб кетди. Анчагача унинг гапини ўйлаб юрдим. Аммо шубҳага асос тополмай, юрагим сиқилди.

Шундан кейин у билан гаплашгим ҳам, сўрашгим ҳам келмай қолди. У мендаги ўзгаришни сезди чоғи, сабабини сўрамади. Демак, атай айтган ўша гапни!.. Унга умуман дил ёрмайдиган, ҳатто энг оддий сирларимни ҳам айтмайдиган бўлдим.

Ўша биргина гап орамизга, дўстона муносабатларимизга рахна солди. Опа-сингиллик ришталари ҳам узилди...

Не бахтки, бу дунёда одам дардига ширин сўзлари, ишончи билан малҳаму тиргак бўладиган инсонлар ҳам бор. Уларнинг борлиги — бизнинг бахтимиз.

Эсимда, ўшанда роса иккиланиб, сиқилиб юрган пайтларим эди. Университетга ҳужжат топшириб, талаба бўлиш орзусида юргандим. Билимимимни мустаҳкамлаш ниятида репетиторга қатнай бошладим. Аммо кўпчилик “Таниш-билишинг ёхуд пулинг бўлмаса, талаба бўлишни орзу қилмай қўяқол. Ё заринг, ё зўринг бўлсин!” қабилидаги гаплари билан кўнглимга ғулғула солар, баъзилар эса очиқдан-очиқ шубҳа билан қарар, хуллас, иккиланишимни баттар кучайтирар, гумонларимни оширарди.

Шундай пайтда бирортаси ишонч билдириб, тиргак бўлмаса, жуда оғир бўларкан одамга. Хаёлингизни тест саволларига тайёргарлик эмас, балки шубҳа гумонлар, иккиланишлар эгаллаб оларкан.

Минг бора шукрки, менга далда берадиган, ишонч билдирадиган одам топилди.

Бизнес мактабни битираётган пайтим эди. У ерда ҳисобчилик мутахассислиги бўйича ўрта махсус таълим олаётгандим. Ўқув юртида ҳам жамоат ишларида фаол қатнашиб, олимпиадаларда юқори ўринларни олиб келганим боис, директор ўринбосари Дилфуза Толипова мени яхши танирди. Баъзан-баъзан мақтаб қўярди.

Июнь ойида диплом ишимиз ҳимояси бўлди. Ҳимояга тайёргарлик кўрган бўлсам-да, барибир, ҳаяжонда эдим. Бу ёқда кириш имтиҳонлари ҳам яқинлашиб қолганди...

Ҳимоя навбати менга келгач, хонага кирдим. Дилфуза Камоловна, гуруҳ раҳбаримиз Замира опа ва яна бир домла ўтирган экан. Ўқиганларим ҳам эсимдан чиқиб кетаёзди. Шунда Дилфуза опанинг менга хайрихоҳлик билан жилмайиб ўтирганини кўриб, анча дадиллашдим.

— Бу қиз яхши ўқийди, — деди гуруҳимиз раҳбари мени таништирган каби.

— Биламан, — кулди Дилфуза опа, — бу қизни яхши биламан.

Берилган саволларга тутилмай жавоб бердим. Дилфуза опа кутилмаганда сўраб қолди:

— Қаёққа ҳаракат қиляпсиз? Филологиягами?

— Йўқ, — дедим унинг эътиборидан севиниб, — журналистикага кирмоқчиман. Насиб қилса, албатта...

— Мен сизга, киришингизга ишонаман. Билимингиз бор, албатта, кирасиз. Ўшанда менинг олдимга келиб, “Дилфуза опа, мана мен талаба бўлдим, суюнчи беринг!” десангиз, хурсанд бўламан.

Дилфуза опанинг гаплари менга гўё куч бағишлагандай бўлди. Қушдек учиб чиқдим хонадан...

Абитуриентлик даврининг машаққатларини ҳар бир талаба яхши билади. Туни билан китоб титкилаш осон эмас. Гоҳ ҳаммасига қўл силтагингиз, мириқиб дам олгингиз келади. Шундай пайтларда мен Дилфуза Камоловнанинг “Мен сизга ишонаман”, деган гапини эслаб, “Йўқ, менга ишонган одамларнинг ишончини оқлашим керак. Дангасалик қилишга ҳақим йўқ!” деб, яна китоб варақлашга тушардим...

Шукрки, ҳаракатларим зое кетмади: мен ҳам талаба бўлдим, диплом олдим ҳам.

Эсимда, адабиёт ўқитувчимиз Зуҳра Исмоиловна жуда меҳрибон аёл эди. Бизга чиройли шеърлар ўқиб берарди...

Ўшанда бешинчи синфда ўқирдим. Математика фанидан бизга янги ўқитувчи дарс бера бошлади. Уни ҳамма “жуда қаттиққўл, болаларнинг бошини доскага уради. Дарс қилмай келганларни қаттиқ жазолайди. Пақиллатиб “икки” қўяди”, дея таърифлаб, кўнглимизга ғулғула солиб қўйди. Унинг дарсига киришдан қўрқа бошладик.

Муножат опа чиндан ҳам қаттиққўл эди. Буни қарашларидан, гапиришларидан сезардик. Доскага чиқишга ҳеч ким ботинмасди. Шуни билгани учунми, унинг ўзи ҳаммани бир-бир мисол ечишга чақирарди.

Бир куни шундай бўлдики, ҳамма бирин-кетин “икки” ола бошлади. Қўрқиб кетдим. Мендан аввал чиққан дугонамнинг ҳолига маймун йиғлади. Кейин навбат менга келди.

Бошим айланиб, тилим тутилиб, доскага чиқдим. Мисолнинг топшириғини доскага ёздим-у, у ёғига жим туриб қолдим. Кўзларим китобда-ю, ҳеч нимани кўролмайман. Билмадим, балки, “шок”ка тушиб қолгандирман.

Хуллас, мисолни еча олмадим. Муножат опа эса бақира-бақира менга ҳам “икки” қўйиб берди.

Дарсдан кейин йиғлаганча ўз синфимизга кетаётгандим, Зуҳра опага рўпара келдим.

— Ие, нима бўлди?! — сўради у йиғлаётганимни кўриб. — Нимага йиғлаяпсан?

— “Икки” олдим математикадан... — дедим ўзимни тутолмай хиқиллаб. — Муножат опа роса бақирди...

Зуҳра опа мени бағрига босиб юпатаркан, деди:

— Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойига тушади. Сен яхши ўқийсан-ку, бу баҳони, албатта, тўғрилайсан. Хафа бўлма. Муножат опа ҳам одам, яхши ўқисанг, ҳеч қачон ёмон баҳо қўймайди.

Ўқитувчимнинг гаплари таъсир қилиб, ўзимни босиб олдим.

Ўша воқеадан кейин математикадан доимо яхшилаб дарс тайёрлайдиган ва аъло баҳо оладиган бўлдим...

Бу гаплардан хулоса шуки, инсон ҳамиша эътиборга, ишончга, ширин сўзга муҳтож. Одамнинг инсон бўлиб шаклланишида, ҳаётда ўз ўрнини топиб, ҳаракатларида собит ва қатъий бўлишида атрофдагиларнинг, танишу нотанишларнинг ўрни катта. Ахир, яхши гап юракка малҳам бўлади, ёмон гап қалбни ўлдиради.

Буни унутмаслик керак. Бировнинг қалбига билмай озор етказиб қўйишдан Худо сақласин!

(с) Комила НОСИРОВА

2003 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий