воскресенье, 19 февраля 2023 г.

“Кўнгилдаги болаликни йўқотиш — бахтсизлик!”


Бахтиёр Раҳмонов ҳали ёш бўлишига қарамай, мухлислар орасида танилиб улгурди. У ҳақда кўпинча “Овози яхши” деган таърифни эшитиб қоламиз. Бироқ хонандага нисбатан фақат бу таърифни бериш етарли эмас. Унга нисбатан яна “ғайратли, мутолаасевар, фаол, қизиқувчан” деган сифатларни ҳам ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, қизиқарли суҳбатдош ҳам.

— “Қуёш порламоқ учун” қўшиғи билан омма эътиборига тушдингиз ва мукофотландингиз. Шу қўшиққа қадар босиб ўтган ижодий йўлингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Мусиқа билан шуғулланишни нисбатан кеч бошлаганман, 15 ёшимдан. Дастлаб гитара чалишни ўрганганман, кейинчалик эса вокал билан шуғулланганман. 2008 йилда Келажак овози кўрик танлови Республика босқичида ғолиб бўлганман.      2010-2011 йилларда Ниҳол кўрик танловида Қашқадарё вилоят босқичида ғолиб бўлганман. “Қуёш порламоқ учун” 2011 йил экран юзини кўрган бўлса-да, аслида, 2009 йилда ёзилган ва бир неча радиостанциялар “Бу қўшиқни биз эфирга бера олмаймиз, бу бизнинг форматга мос эмас!” деган жавобни айтишганди.

— Болалигингизни тез-тез эслаб турасизми?

— Кўнглимда ҳозир ҳам боламан. Кўнгилдаги болаликни йўқотиш — бу бахтсизлик!

— Қўшиқчиликда қайси жанрда ўзингизни яхшироқ намоён эта оласиз ва қайси йўналишда ижод қилишни истамайсиз?

Ўз йўналишимни бирор бир ном билан аташим қийин. Балки бу йўналиш лирикадир, балки баллада, балки эстрада. Буни тингловчининг ўзига ҳавола этиб қўя қолганим маьқул. Аммо мен рэп йўналишида ижод қилишни истамаган бўлардим.

— Қандай китобларни мутолаа қиласиз? Севимли асарингиз?

— Китоблар — бу менинг энг оғриқли нуқтам. Туғилган кунимга ҳам китоб совға килишларини истайман-у, аммо ҳеч ким шу вақтгача китоб билан табрикламаган. Китоблар билан боғлиқлигим болалигимдан. Эсимда, онам мени ухлатиш мақсадида классик (миллий ва жаҳон классикаси) мусиқа пластинкаси жўрлигида эртак ўқиб берардилар. Кейинчалик отам ўқийдиган китобларга ўтганман. Мактаб кутубхонасидан китоб ўғирлаб келардим. Севимли ёзувчиларим жуда кўп: Альбер Камю, Нил Дональд Уолш, Достоевский, Пелевин, Чингиз Айтматов, Бернар Вербер, Ранджиш Ошо.

Шоирлардан эса Эшқобил Шукур, Бобур Элмуродов ва Усмон Азим ижодларидан кенг фойдаланаман ва улар фалсафасидан лаззатланаман.

— Жаҳон қўшиқчилик санъатидан нималарни ўрганишимиз керак деб ҳисоблайсиз? Ўзингиз кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?

— Жаҳон қўшиқчилик санъатидан биринчи навбатда ўзимизни ҳурмат қилишни ва ўзимизни алдамасликни ўрганишимиз керак.

Яна тўхтовсиз ўз устимизда ишлашни ўрганишимиз керак. Қолган ҳаммаси ўз-ўзидан давом этаверади ҳамда юксакликка олиб келади.

Кумирим: Александр Розенбаум.

Андреа Бочелли, Брайн Адамс, Лара Фабиан, Лучиано Паваротти, Юрий Шевчук, Насиба Абдуллаева, Кумуш Раззоқова ижодларини ҳурмат қиламан.

— Қўшиқчида қандай фазилатлар мужассам бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

— Инсонийлик.

— Устозларингиз кимлар?

— Мусиқий тарбиям шаклланишида Эркин ака Турдиев ва китобларнинг ҳиссаси катта.

— Қайси қўшиқни маза қилиб эшитасиз?

— Миллий куйлардан: “Куйгай”, “Нола” ижросидаги “Хоҳ инон, хоҳ инонма”, Насиба Абдуллаеванинг “Умр баҳори”, жахон классикасидан Моцартнинг “Радость” (соната №6), Равелнинг “Болеро”, Эннио Морикконенинг “Орис” (“Нормализация веса и зрения”), Александр Розенбаумнинг “Размышление на прогулке”сини эшитиб завқланаман.

Санъат сиз учун?

— Саньат мен учун ҳам, бошкалар учун ҳам — Саньат. У фақат бузилсагина, бошқа ном билан номлаш мумкин. Афсуски, унинг номлари охирги вақтда кўпайиб кетди.

Кимлар билан ижодий ҳамкорлик қиласиз?

Бутун борлиқ ва Яратган билан.

Мухлисларингиз билан қай даражада яқинсиз? Улар орасида дўстларингиз борми?

Мухлисларимни жуда ҳурмат қиламан. Улар орасида дўстларим ҳам бор.

— Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишингизни биламиз. Тармоқлар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Ижтимоий тармоқлардан фақатгина узоқдаги яқинлар билан мулоқот қилиш мақсадида фойдаланаман ва бу ҳақда бирор нарса деб ўйлашдан ҳеч қандай маьно йўқ деб ҳисоблайман.

— Сиз қалбга қулоқ соласизми ёки ақл сўзига?

— Қалбим биринчи ўринда. Аммо ақлни ишга солмаслик тубанликка етаклайди.

Ҳаётдаги энг катта орзуингиз?

— Англаб бўлмас истаклар инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб туради. Орзуларим жуда кўп ва улар ҳақида гапиришни истамасдим.

Санъатдан ташқари яна бошқа қизиқишларингиз борми?

— Китоблар, уй ҳайвонлари, балиқларни яхши кўраман. Мусиқа асбобларини коллекция қилиш одатим бор.

Ўз камчиликларингизни биласизми?

— Албатта. Вақти-вақти билан камчиликларимни тузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ўз камчилигини кўрмаслик ёки сезмаслик инсонни манман қилиб тарбиялайди.

 

Хонанда ўзи ҳақида

1987 йил 2 мартда Қарши шаҳрида туғилганман. Отам қурилиш соҳасида, онам эса тиббиёт соҳасида ишлайди.

2002 йилда мактабнинг 9-синфини тугатиб, 2005 йилгача Компьютер технологиялари коллежида ўқиганман.

2007-2012 Муҳандислик-иқтисодиёт институтида таҳсил олганман.

Болалигимдан жуда кўп касб турларини эгаллашга ҳаракат қилиб, шогирдликка тушганман. Дурадгорлик, сартарошлик, этикдўзлик, рассомлик, сотувчилик ишлари билан навбатма-навбат шуғулланганман. 21 ёшимда эса мусиқа билан жиддий шуғулланишга қарор қилганман. Чапақай бўлганим сабаблими, билмадим, ёки шунга истеьдодим борлиги учунми, чизган расмларим кўпчилик томонидан ижобий қабул қилинарди.

Узоқ вақт ўзлигимни англаш борасидаги изланиш ишлари давом этиб, ахийри кўнглимга энг зарурида тўхталдим. Бунга асосий сабаб деб мен болалигимдан мутолаа қилган китобларни кўрсатсам, муболаға бўлмайди.

 

Блиц савол-жавоб:

1. Севимли қўшиғингиз?

Александр Розенбаумнинг Размышление на прогулке” қўшиғи.

2. Севимли қўшиқчингиз?

Александр Розенбаум.

3. Севимли актёр ва актриса?

Жонни Депп, Уилл Смит, Гулчеҳра Жамилова, Гвинет Пэлтроу.

4. Севимли ёзувчингиз?

Ранджиш Ошо, Чингиз Айтматов.

5. Ёқтирган рангингиз?

Сариқ.

6. Севимли таомингиз?

Ош, тандир кабоб.

7. Энг яқин дўстингиз?

Ота-онам.

8. Севимли машина русуми?

Mersedes Benz”.

(с) Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

2013 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий