Умар Шамсиев 10 мартда “Туркистон” санъат саройида икки маҳал – 15:00 ва 19:00да “Баҳордан салом” деб номланган илк яккахон концертини тақдим этяпти. Қизиқ, ҳозир ҳатто бир йил ижод қилганлар ҳам “Истиқлол” санъат саройига интилаётганда, у етти йилдан бери санъат ичида юрганига қарамай, “Туркистон”ни танлади. Бунга сабаб нима? Хонанда мухлис тўплай олмасликдан чўчияптими? Бу ва бошқа саволларга қуйидаги суҳбатимиздан жавоб топасиз.
– Бир неча йилдан бери ижод қиляпсиз, лекин илк бор концерт беряпсиз. Бироқ баъзи ёш хонандалар каби “Истиқлол”да эмас, Туркистонда. Устига-устак, бир кун, яна икки маҳал. Ундан кўра икки-уч кун берганингиз яхшимасмиди? Ё одам тўлмай қолишидан чўчидингизми?
– Йўқ, ундай эмас. Ўзи биринчи концертимни “Туркистон”да беришни ният қилиб юрардим. Камтарона, ихчамгина, каттамас. Менга жуда ёқади. Қолаверса, ҳамма хонандалар “Туркистон”дан бошлаган.
– Тайёргарлик бир ой олдин бошланди дедингиз. Кўп санъаткорлар бир йил аввалдан бошлайди. Репертуарингиз қандай бўлди?
– Концерт дастуридан аввал яратилган хит тароналар ўрин олган. Бундан ташқари, янги куйланган беш-олтита қўшиқ ҳам бор.
– Концерт олдидан ҳаяжон бўлиши табиий. Ҳозир кўпроқ нимадан хавотирланяпсиз?
– Улгураманми-йўқми деган хавотир йўқ эмас.
– Улгурганингиз учун бошлаяпсиз-да. Ёки ҳали ҳам қўшиқлар ёзиляптими?
– Йўқ, ҳаммаси ёзилиб бўлинган. Қандай бўларкин деб ўйлаб хавотирланяпман. Ҳар қалай, биринчи концертим. Мухлислар қандай кутиб олишаркин, деб ўйлаяпман.
– Даромад ҳақида ҳам ўйлаяпсизми?
– Йўқ, бу ҳақда ўйламаяпман. Ҳозир фақат харажат бўляпти (кулиб).
– Харажат қилгандан кейин даромад ҳақида ҳам ўйлашади-да.
– Даромад кейин бўладиган нарса. Биринчи концертда барибир ҳамма катта харажат қилади. Бу ҳам катта реклама.
– Илк қўшиғингиз билан телевидениега чиққанингизга неча йил бўлди?
– Етти йил бўлиб қолди.
- Етти йиллик орзуингиз бу йил амалга ошаётган экан-да? Концертда дуэтлар борми? Устозингиз билан бирга чиқиш қилиш ниятингиз-чи?
– “Дилкаш лаҳзалар” деган кўрсатувда чиқяпман. Шунда биринчи дуэтим – Дилором Абдураҳмонова билан куйланган миллий йўналишдаги дуэтимизни ижро этдик. Ундан кейин машҳур бўлган, мухлисларга маъқул келган Ирода Иралиева билан айтилган “Қараб-қараб” қўшиғи. Учинчи дуэтим эса устозим Илҳом Фармонов билан.
– Концерт меҳмонлари кимлар?
– Концертга Comedy.uz жамоасини таклиф қилганмиз. Бундан ташқари, Улуғбек Раҳматуллаев, Сардор Раҳимхон бўлади.
– Баъзи хонандалар концерт берса, рекламани бир неча ой аввал бошлашади, сизнинг рекламангиз эса бир ярим ой қолганда чиқди. Ҳозир эса шоу-бизнес қоидаларига кўра, олдинроқ ҳаракат қилмасангиз, яхшироқ харажат қилмасангиз, мухлис йиғиш бироз муаммо бўлади...
– Тўғри. Лекин мен таваккал билан ҳам иш қиламан. Вақт озгина бўлса ҳам, ҳаммасига улгуриб, астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳам менинг омадим.
– Концерт олдидан нимага улгурмаяпман деб ўйлаяпсиз?
– Иш кўп. Либос тиктириш, роликларни тайёрлаш... Ҳаммаси хаёлимда айланиб юрибди. Рекламага кўп вақтимиз кетиб қолди.
– Яқинда бир қўшиғингизга ишланган клип омманинг эътиборини тортди. Юзингизнинг бир томони хунук кўрингани учун клип бадиий кенгашдан ўтмай қолишидан қўрқмадингизми? Ахир ҳозир ҳамма клиплар ҳам тасдиқдан ўтмаяпти...
– Йўқ, чўчимадим. Бу клип воқеасини узоқ ўйлаганмиз. Бошида айтишганда, менга ёқмади. “Қизиқ бўлади, ҳам янгилик бўлади”, дейишди. Мени ишонтириб, “ҳаммаси яхши бўлади, қўрқманг”, деб далда беришди. Клип кўпчиликка маъқул келди, лекин баъзиларга охири ёқмади. “Нега юзингизни хунук қилдингиз?” деб гапиришди. Энди бу ижод-да. Ижодда хилма-хилликка интилиш керак.
– Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда анча фаол бўлиб қолдингиз. Фейсбукда саҳифа очганингизга ҳам унчалик кўп бўлмади, шекилли? Ижтимоий тармоқларнинг қайсиларида аккаунтингиз бор?
– Кўпроқ Одноклассники.рудан фойдаланаман. Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларга кираман. Ҳозирги кунда асосан концерт билан боғлиқ саволларни беришяпти. “Репетициялар билан чарчамаяпсизми?” деб сўрашяпти. Омад тилашяпти. Табриклашяпти.
– Расмий сайтингиз очилганига анча бўлди. Лекин у ердан янги маълумотларни топиш қийин?
– Тўғри, сайтимнинг очилганига икки йил бўлган, лекин сайтни мунтазам бойитиб турадиган мутахассис тополмаяпмиз. Яхшироқ одам топсак, насиб қилса, сайтни яна ривожлантириш ниятимиз бор.
– Гоҳида қўшиқларингизни, клипларингизни айлантирмай қўясиз, баъзан эса тез-тез айлантиришни бошлайсиз. Тўйдан тушаётган даромад ҳисобига тезлаштирасизми ёки бир бериб, бир тўхтатиш одатингизми?
– Тўғри, бу нарса маблағга ҳам боғлиқ. Кейин йиғиб-йиғиб мухлисларимни биттада хурсанд қилишга ҳам ҳаракат қиламан.
– Клипларингиз нечта?
– 15тача.
– Қўшиқларингиз сони-чи?
– Йигирматадан ортиқ.
– Қўшиқларингизнинг ярмидан кўпига клип олган экансиз-да?
– Шундай.
– Нима деб ўйлайсиз, сизни кўпроқ қўшиқларингиз орқали танишадими ёки клипларингиз орқали?
– Менимча, қўшиқлари орқали танишса керак.
– Истайсизми-истамайсизми, ёшсиз, мухлисаларингиз сизга севги изҳор қилишлари мумкин. Рафиқангиз рашк қилмайдими?
– Тўғри, илгари севги изҳор қилишарди. Лекин уч-тўрт йилдан бери мухлисаларим оилали эканлигимни тушуниб қолишган (кулиб). Қолаверса, мен оилали эканлигимни яширмайман, очиғини айтаман.
– Доим кулиб, жилмайиб турасиз. Сизни хафа қилиш қийин бўлса керак-а? Ёки бу бир ниқобми?
– Йўқ, ниқоб эмас. Бу – Худо берган табиий кўриниш. Хафа бўлишга келсак, дилни оғритадиган гаплар гапирилганда, хафа бўламан, албатта. Лекин жаҳл қилмайман.
– Санъатни танлаганингиздан афсусланган пайтларингиз бўладими?
– Йўқ, бундан ҳеч ҳам афсусланмаганман.
– Жонли ижрода концерт беришга журъат эта оласизми?
– Насиб қилса, кейинги концертларимда жонли ижрода беришни ҳам ният қилганман. Бунга вақт ва жиддий тайёргарлик керак.
– Концерт дастури олдидан мухлисларингизга айтар сўзларингиз?
– Ҳаммага бахт-омад ҳамроҳ бўлсин. Мухлисларим бундан ҳам кўп бўлишсин, сафлари кенгайиб бораверсин. Бу концертим асосан пойтахтда реклама бўляпти, кейин бутун республика бўйлаб концерт бериш ниятим бор.
Хонанда ҳақида
Тўлиқ исм-шарифи: Шамсиев Умаржон Аҳмаджонович
Туғилган вақти: 1985 йил 24 февраль
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
Блиц-сўров
Шоколад ёки конфет: конфет
Қаҳва ёки капучино: қаҳва
Тайланд ёки Туркия: иккала давлатга ҳам бориш ниятим бор
Мелодрама ёки драма: мелодрама
Маҳзун ёки шўх тарона: шўх тарона
Совға қилиш учун атиргул ёки лола: атиргул
(с) СЕВДОРА ва Ёдгорбек ЮКСАЛ суҳбатлашди.
2013 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий