пятница, 15 сентября 2023 г.

Босфор сайри


Истанбулга борган ҳар қандай сайёҳ албатта денгизда кемада сайр қилишни, денгизни томоша қилишни истайди. Бунинг учун сайёҳларда кўплаб имкониятлар бор. Масалан, камроқ харажат эвазига денгиз манзарасидан узоқроқ баҳраманд бўлиш учун Босфор узун ёки қисқа турини танлаш мумкин. Тўғри, Босфор турини таклиф қилувчилар жуда кўп. Аксари 20-30 евро атрофида. Агар бошқа йўловчилар билан кетмай, яқинларингиз билан ёки икки-уч киши бўлиб денгизда сайр қилишни истасангиз, 50 долларлик сайрни таклиф қилувчиларни топишингиз мумкин. Энг арзон йўли эса – Эминёнудан Босфор турига чиқадиган кемаларга ўтириш. Бир кишининг Босфор узун турига бориб, кейин яна Эминёнуга қайтиши атиги 65 лирага тушади. 65 лира тахминан 2,5 доллар бўлади. 2,5 долларга сиз кемада Босфор узун турига чиқиб, 2 соатга яқин денгизда сузиб, истаганча суратга тушиб, видеолар олиб, Анадали кавағи деган шаҳарчага борасиз. У ерда икки соатча вақтни денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомларни тановул қилиб, музқаймоқ еб, бироз дам олишингиз ёки теварак атрофни томоша қилиб ўтказишингиз мумкин. Кейин денгизда яна икки соатча сузиб, Эминёнуга қайтасиз. Дарвоқе, кемада аччиққина чой, қаҳва ёки бошқа салқин ичимликлар сотилади.

Биз Истанбулда ўтган 18 кун ичида икки марта Босфор узун турига чиқдик. Денгизни томоша қилганда, туйишингиз мумкин бўлган завқни сўз билан тасвирлаш маҳол. Денгизни кўриш, бу завқни шахсан ҳис қилиш керак. 

(c) Комила Носирова

Комментариев нет:

Отправить комментарий