пятница, 15 сентября 2023 г.

Истанбул ҳақида айрим қизиқ маълумотлар


* Истанбул – бирданига иккита қитъа – ҳам Европа, ҳам Осиёда жойлашган дунёдаги ягона шаҳар.

* Истанбулда иккита денгиз – Қора ва Мармара денгизи туташади.

* Шаҳар Рим императори Константиннинг амри билан еттита тепаликда бунёд қилинган.

* 1509 йилда Истанбулда юз берган кучли зилзила оқибатида 10 мингга яқин одам ҳалок бўлиб, юздан ортиқ масжид, шунингдек, Тўпқопи саройи, Галата минорасига зиён етган. 

* Истанбулдаги Гранд базар, яъни Капали Чарши – дунёдаги энг улкан ёпиқ бозор.

* Суратларда тасвирланадиган қизил трамвай Истиқлол кўчасидан юради.

* Агата Кристи ўзининг машҳур “Шарқий экспрессдаги қотиллик” асарини Истанбулдаги “Пера палас” меҳмонхонасининг 411 хонасида ёзган. Ҳозирги кунда ҳам меҳмонлар бу хонага кириб, асар қандай муҳитда ёзилганини кўришлари мумкин. Хонадаги деярли ҳамма жиҳозлар машҳур адиба яшаган пайтдагидек қолган.

* Истанбулни мушуклар шаҳри ҳам дейишади. Бу ерда мушукларни ҳар қадамда учратишингиз мумкин. Шаҳарликлар уларни жуда яхши кўришади. Кўча четларида ҳатто улар учун идишларда сув, овқат ҳам қўйишади.

* Кемалар шаҳарнинг Европа қисмини Осиё қисми билан бирлаштиради. Каракёй, Эминёну ва Бешикташдан шаҳарнинг Осиё қисмида жойлашган Ускудар, Ҳайдарпаша, Кадикёйга бориш мумкин. Сайёҳлар Истанбулнинг Осиё қисмига асосан Эминёнудан боришади. Бу жой шаҳарнинг сайёҳлар энг кўп бўладиган қисмига яқин.

* Дўлмабаҳче саройидаги ҳамма соатлар битта вақтни – 09:05ни кўрсатади. Бу – Мустафо Камол Отатуркнинг вафот этган вақти. Отатурк 1938 йил 10 ноябрда шу саройда вафот этган. 

* Истанбулда 500га яқин ҳаммом бор.

* Дўлмабаҳче саройи 1842-1853 йилларда султон Абдулмажид биринчи даврида қурилган.

* Тўпқопи саройида оғирлиги 4 килограммга етадиган зумрад, шунингдек, 86 қиротли бриллиант – “Қошиқчининг олмоси” сақланади. Олмосни алоҳида соқчи қўриқлайди, уни суратга олиш тақиқланади. Афсоналарга кўра, истанбуллик фақир киши уни чиқиндилар орасидан топиб, учта қошиққа алмаштирган экан. Қошиқчининг олмоси деган ном шундан келиб чиққан. 

(с) Комила тайёрлади.

Мақолалардан берухсат фойдаланиш тақиқланади. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий