вторник, 2 сентября 2014 г.

Интернет танишув қанчалик ишончли?


Ҳозирги даврда Интернетдан фойдаланувчиларининг аудиторияси кенгайиб бораётгани сингари у орқали танишиб дўстлашаётганлар, севишаётганлар, ҳатто оила қураётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу албатта янгилик эмас. Лекин интернетдаги танишувга қанчалик ишониш мумкин? Умуман, бундай муносабатларнинг истиқболи борми? Интернетдаги таниш ва дўстларнинг муносабати қанчалик жиддий бўлади? Эҳтимол, булар виртуал кенгликларда қолиб, унутилиб кетар.


Гулбаҳор МАМАЖОНОВА, ҳисобчи:  – Бундан бир неча йил аввал хорижий юртга бориб ишладим. Ўшанда дўстларим, оиламдагилар билан боғланиб, алоқа қилиб туриш учун Интернетдан кўп фойдаланардим. Гоҳида онлайн мулоқотда фақат яқинларим эмас, нотанишлар билан ҳам гаплашиб қолардим. Дўстлик таклифлари асосан йигитлардан келарди. Шундан сезардимки, уларнинг аксарияти ё шунчаки вақт ўтказиш, ё ким биландир танишиб, жиддий муносабат ўрнатиш ниятида. Шу тариқа танишиб бир йигит билан танишиб қолдим. Унинг гап-сўзлари, жиддийлиги менга маъқул келди. Биз йигит ва қиздек эмас, худди опа-укадек суҳбатлашардик. У мени ўзига яқин олиб, оиласидагилар қиз қидираётганини, тез орада уйланиш нияти борлигини айтди ва мендан танишларим орасида яхши қиз бор-йўқлигини сўради. Унинг яхши йигитлигига шубҳа қилмаганим учун дарров ўзим таниган яхши бир қизнинг электрон почтасини бердим. Йигит хурсанд бўлиб, шу қиз билан албатта танишишини айтди. "Сизга ишонаман. Агар у ҳам сизга ўхшаган самимий ва оқкўнгил қиз бўлса, бахтимни топишим аниқ”, – деди. Хурсанд бўлиб кетдим. Балки, у бу гапларни шунчаки, йўлига айтгандир, аммо барибир бундай гаплар кўнглингни кўтараркан-да. Кўп ўтмай йигит менга ўша қиз билан танишганини, бир амаллаб телефон рақамини сўраб олганини айтди. Кейин анчачага хат ёзмай қўйди. Укамдек яқин кўрганим учун "Бирон нарса бўлдимикин?” деб хавотирга тушдим. Ўшанда ундан телефон рақамини сўрамаганим эсимга тушди. У ҳам мендан сўрамаганди. Аммо яна бироз вақт ўтгач, яна хат ёзиб қолди. Ҳалиги қиз билан муносабатлари жиддийлашиб кетганини, учрашганини ва бир-бирларини ёқтиришганини, энди унинг уйига онасини совчиликка жўнатмоқчилигини маълум қилди. Чиндан ҳам, ўша қизникига совчи юборди, қизнинг уйидагилар ҳам розилик беришди. Уларни унаштириб, тўй кунини белгилашди. Ўшанда унинг қанчалик бахтиёрлигини Интернет орқали ҳам ҳис қилдим ва у билан бирга қувондим. У менга тўйга албатта боришим кераклигини уқтириб, "Бизни сиз топиштирдингиз, тўйимизда азиз меҳмон бўласиз, келишингиз шарт”, – деди.
Минг афсуски, хорижий давлатда бўлганим учун тутинган укамнинг тўйга боришнининг иложини қилолмадим. Бунинг учун у мендан бироз хафа бўлди, лекин шароитни тушунди. Кейин Тошкентга қайтганимда, ниҳоят у билан юзма-юз кўришдим ва виртуал суҳбатларда туғилган таассурот мени алдамаганини тушундим. Мен орқали танишиб, оила қурган йигит-қизнинг бахтиёрлигини кўриб, янада севиндим. Улар мени яхшилаб меҳмон қилиб, эшиклари ҳар доим мен учун очиқлигини, ёрдам керак бўлиб қолганда, ҳеч истиҳола қилмай мурожаат этишим мумкинлигини айтишди. Ўшанда интернетда танишиб, дўст тутинган, бир-бирига кўнгил қўйган одамларга ҳар доим шубҳа билан қараш керак эмаслигини тушундим. Ахир у шунчаки танишув воситаси, риштанинг ўзи эмас-ку.
 
Нодира ШОҚОСИМОВА, рассом-дизайнер:  – Бир дугонамнинг сўнгги пайтларда Интернетга жуда кўп кираётгани ва мени ҳам турли тармоқларга дўст сифатида таклиф этаётганидан ажабланиб, ундан "Намунча Интернетга танда қўйиб олдинг?” деб очиқ сўрадим. У менга ижтимоий тармоқлардан бирида хорижий давлатда ишлаб, малакасини ошираётган бир йигит билан танишиб, уни ёқтириб қолганини, шунинг учун имкон бўлса-бўлмаса Интернетга кириб, у билан кўпроқ суҳбатлашишга уринаётганини айтди. Кейин эса "Уни севиб қолганга ўхшайман” деб иқрор бўлди. Дугонамнинг гапидан аввалига кулгим қистади, "Қўйсанг-чи бўлмағур гапни. Одам фақат интернетдагина кўрган кишисини ҳам севиб қолиши мумкин эканми? Мен бунга ишонмайман”, деб уни койидим. Бироқ дугонамнинг ўша йигит ҳақида оғзидан бол томиб, ширин хаёлларга берилиб гапиришидан англадимки, чиндан ҳам уни ёқтириб қолган. "Хўп майли, балки уни севиб қолганинг ростдир, лекин у-чи? – дедим. – Уям сени севадими?” "Ҳа, у ҳам мени ёқтиради, – деди дугонам кўзлари чақнаб. – Уй манзилимни сўради. Телефон рақамимни бердим, ҳар куни кечқурун қўнғироқ қиляпти. Тез орада совчи юбораркан. Хориждан қайтганидан кейин эса тўй қиламиз...”
 Дугонамнинг хаёлпарастлигидан ажаблансам-да, ич-ичимдан унга бахт тилардим, бу ширин туш бир кун барбод бўлиши мумкинлигини айтгим огоҳлантиришни истасам ҳам, кўнглига озор бериб қўймаслик учун индамай қўя қолдим. Қолаверса, у ўша пайтда гапимга қулоқ соладиган аҳволда эмасди, орзулар осмонида учиб юрарди. Лекин вақт ўтиб, ўшанда уни огоҳлантирмаганимдан афсусландим. Чунки ўша йигит дугонамга қоп-қоп ваъдалар бериб, кейин туйғуларининг устидан кулди... Дугонам менга қўнғироқ қилиб, кўзлари кўр бўлганини, йигит зотига ҳеч қачон ишониб бўлмаслигини айтиб йиғлай бошлаганда, бу изтиробларнинг сабабчиси хориждаги ўша йигитлигини дарров сездим. Дугонамдан нима бўлганини сўрагандим, ижтимоий тармоққа бир талай қизлар орасида тушган суратини жойлаб, тагига "Ҳамма соҳибжамоллар мени ёқтиради” деб изоҳ ёзиб қўйганини айтди. Табиийки, дугонам бу суратни кўргач, рашк оловида ёнган ва йигитдан изоҳ талаб қилган. У эса: "Сенга суратимнинг нимаси ёқмади? "Ёқди” деган тугмани босганлар сони қанчалигини кўрдингми?” дебди. Дугонам шундагина унинг муносабатлари ҳеч қачон жиддий бўлмаганини тушуниб, "Алвидо!” дебди. Йигит ҳам худди шуни кутиб турган экан, "Майли, яхши-ёмон суҳбатлар учун раҳмат. Сенга омад ва яхши йигитни учратишингни тилайман”, – деб кулибди. Дугонам бу гапларни йиғлаб сўзларкан, ўзимни шу ишларнинг иштирокчисидек айбдор сездим. Агар уни ўшанда огоҳлантирганимда, балки туйғулари бу даражада кучайиб кетмасмиди...
 
Фазлиддин БОЙМУРОДОВ, тадбиркор:  – Тўғриси, дўстларим, танишларим орасида Интернет орқали танишиб, қизлар билан учрашиб юрганлари кам эмас. Жиддий муносабат ўрнатганлари ҳам бор. Балки бу кимлар учундир имкониятдир, лекин шахсан менга бундай усулда танишиш ёқмайди. Ахир сиз билан виртуал мулоқот қилган, дўст бўлган одам ҳақиқий ҳаётда ҳам ўшандайми-йўқми, то юзма-юз кўришиб, гаплашмагунча билолмайсиз-ку. Интернетда танишиб, ўзларича севишиб, ҳаётда кўришганда эса, бир-биридан бирпасда совиб кетганларни ҳам кўрдим. Негаки ўзини чиройли томондан кўрсатишга, суратларини ҳам фотошопда ишлаб, дунёдаги энг чиройли инсонга айлантириб, кейин сайтларга жойлайдиганлар кўп. Қизларнинг фақат ташқи қиёфасини қадрлайдиган йигитлар эса бундай сурат эгаларига танишишни жуда кўп таклиф қилишади. Айрим ҳиссиётга берилганлар севги-муҳаббат ҳақида онтлар ичиб, "Уйингизга совчи жўнатаман” деб ваъда беришади. Ҳаётда у билан учрашгач эса суратда жуда чиройли кўринган пари аслида ҳаммага ўхшаган оддийгина қиз эканлигини кўриб, ҳафсалалари пир бўлади. Натижада виртуал маконда туғилган оташин ҳиссиётлар дарров сўниб, йўққа чиқади. Йигитлар ҳам, қизлар ҳам ўзларини алдангандек ҳис қилишади ва Интернетдаги танишувлар икки дунёда ҳам ишониб бўлмаслигига ҳаммани ишонтиришни бошлашади. Шундай экан, Интернетдаги танишувларнинг жиддийроқ муносабатларга асос бўлиши жуда қийин. Ҳар қалай, мен бундай муносабатлар узоққа боришига ишонолмайман. Шунинг учун ҳам ким биландир танишиш, кимгадир виртуалона кўнгил қўйиш учун Интернетга кирмайман.
 
Нафиса ОДИЛОВА, мураббия:  – Қаерда, қачон ва ким билан танишиш – ҳамманинг шахсий иши, албатта, бироқ интернет танишувлар оила сингари мудаққас қадриятга дахл қила бошласа, у бир кишига дахлдор иш бўлмай қолади. Шундай қиз ва аёллар бор эканки, интернетда йигитлар билан танишиб, уларнинг уйланган, оилали эканлигини билса ҳам, барибир муҳаббат ҳақида гаплашаверкан, ҳатто учрашувга чиқишга ҳам рози бўлаверкан. Бундайлар оилали аёллар орасида ҳам бор экан. Танишларимдан шундай гапларни эшитиб, роса ҳайрон қолдим. Қандай қилиб оиласи бор одамга, виртуал равишда бўлса ҳам осилиш мумкин? Бу ахлоқ чегарасидан чиқиб кетиш эмасми? Яқинда рус нашрларидан бирида ўқигандим, Ғарбда эр-хотинлар ўртасида ана шундай танишувлар оқибатида ажрашишлар сони тобора ортиб бораётган экан. Бундай маълумотлардан кейин интернет танишувларга нисбатан кишида салбий муносабат уйғониши табиий. Гарчи Интернет замонавий инсоннинг ҳаётидан аллақачон мустаҳкам ўрин эгаллашга улгурган бўлса-да, у оиладек муқаддас қўрғонга, чиндан ҳам яқин инсонлар билан илиқ муносабатларга салбий таъсир кўрсатмагандагина фойда келтириши мумкин деб ўйлайман.

(с) Комила НОСИРОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий