Ҳар бир инсон (у хоҳ яхши
бўлсин, хоҳ ёмон) бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Ғам-қайғудан, ташвишдан йироқ
бўлишни хоҳлайди. Аммо... ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу. “Ёруғ
кунларни умид билан кутиб яшашнинг ўзи ҳам бир бахт”, дейди баъзилар. Сиз-чи?!
Сиз бахтни қандай тасаввур қиласиз?
Бахт!.. Бу сўз жуда тансиқ,
айни пайтда кўп ишлатилади. Ҳуда-беҳуда бу сўзни тилга олаверамиз. Арзимас
нарсадан севиниб, “Мен ҳаммадан бахтиёрман!” дегувчиларнинг сон-саноғи йўқ. “Бахтлимисиз?”
деган саволни дуч келган одамга бераверамиз. Аммо тайинли жавоб олиш ўта
мушкул. Негаки, ҳар ким бахтни ўзича тасаввур қилади. Кимдир кўнгил
хотиржамлигини бахт деб билса, кимдир молу давлатни. Яна кимдир мақсад-муродига
етса, “Шу эмасми бахт?” дейди. Бироқ...
“Бахтга етишиш йўлларини
излаш ҳам бахт”, деган экан бир донишманд. Ўйлаб кўринг, сиз учун бахт нима?!
Қандай воқеа рўй берса, ўзингизни бахтли санайсиз? Университетга кирсангиз,
армонингиз қолмайдими? Севганингиз билан турмуш қурсангиз, мурод-мақсадингизга
етасизми? Тўла-тўкис ҳаёт кечирсангиз, ташвишингиз бўлмайдими?.. Яхшилаб
ўйланг, қачон топасиз бахтингизни?
Тасаввур қилинг: Сиз
бой-бадавлат, жамиятда юксак обрў-эътиборга эга одамсиз. Қўлингизни қаёққа
узатсангиз, етади. Сизни бошига кўтарадиган, бор меҳрини бағишлайдиган
яқинларингиз, ёру дўстларингиз атрофингизда парвона. Ҳеч нимадан камчилигингиз
йўқ. Хуллас, айтганингиз айтган, деганингиз деган. Шуми сиз учун бахт?! Бир
кунмас, бир кун бундай ҳаёт жонингизга тегиб кетади-ку! Ҳаёт ташвишларини
қўмсаб қоласиз. Ниманингдир орзусида куйиб-ёнишни истайсиз. Ўша кўзингизга
“бахт” бўлиб кўринган нарса аслида сароб эканлиги маълум бўлади. Ана шунақа,
бахт тўкин-сочин, беташвиш ҳаёт кечириш эмас. Бу сўзнинг маъноси жуда кенг. Баъзан шу оддий
сўзни англаш учун бир инсоннинг умри керак бўлади.
Сиз
ўзингиз севган соҳада қизғин фаолият юритяпсиз. Бу — бахт! Кимнидир девоналарча
севиб қолдингиз. Қалбингизда эзгу туйғулар уйғонди. Бу — бахт! Сиз шайтон
васвасаларига учмайсиз, доимо виждон амрига қараб иш тутасиз. Бу ҳам бахт!
Кимгадир яхшилик қилдингиз. У энди сизни умр бўйи дуо қилади. Бу — бахт! Айрим
одамлар каби ўз манфаатингизни ўйлаб эмас, элу юрт, халқ учун яшаяпсиз. Бу ҳам
бахт! Бундай вазиятларда яна бир талайини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳар
биримизнинг ҳаётимизда кўнглимизга таскин берадиган, йўлимизни ёритадиган нурли
нуқталар бор. Шундай экан, нега тушкунликка тушасиз? Нега ўзингизни бахтсиз
санайсиз?
Ҳозиргача
инсон қачон ва қандай ҳолатда ўзини бахтиёр ҳис қилишини аниқ айтиб бера оладиган донишманд топилмаган. Шундай
бўлса-да, ҳаёти давомида маълум тажрибага эга бўлиб, бахт ҳақидаги ўз
тасаввурларини баён этишган. Эҳтимол, инсон ўзини бахтли сезиши учун кўп
нарсаларни ўрганиши, тушуниши, ўзгаларнинг дардини ҳис қила олиши, куйиниши,
дардига дармон бўла олиши керакдир. Балки, шундагина инсон бахт нималигини
англаб етар. Эҳтимол, сиз учун қўл етмас олисда кўринган бахтингиз
ёнгинангиздадир. Атрофингиздагиларга, қолаверса, қалбингизга бир назар ташлаб
кўринг-а! Ажабмас, дунёдаги энг бахтиёр инсон сиз бўлсангиз!..
(с) Комила НОСИРОВА
2003 й.
Бундан ўн йил муқаддам ёзилган ушбу мулоҳазаларимни бир нечта интернет сайтларида муаллифи исми кўрсатилмасдан қўйилганини кўриб, очиғи, ғашим келди. Сўрамасдан бировнинг материалини жойлаштираверишади... Муаллиф исми кўрсатилсаям майли эди. Қаердан олишган, билмадим. Сайт администраторларига шу ҳақда эътирозимни билдиргандим, тайинли жавоб ололмадим. Нима эмиш, газетада босилган бўлса, сканер қилиб, нусха жўнатингмиш... Хуллас, шуни ўз блогимда жойлаяпман.
ОтветитьУдалить