Ҳаётнинг ишлари ғалати гоҳо:
Ўзингни сезарсан дардларга шерик.
Аммо бу дунёда эмассан танҳо —
Оқибат ўлмаган, меҳр ҳам тирик.
Синовли дунё бу: камлари бисёр,
Кўнгилнинг бир жойи доимо кемтик.
Лекин бу ҳаётда яхшилар ҳам бор,
Оқибат ўлмаган, меҳр ҳам тирик.
Балки бироз қийин тириклик шарти,
Қийнаб ҳам қўяди баъзан йўқчилик.
Лекин йўқолмаган инсофнинг қадри,
Оқибат ўлмаган, меҳр ҳам тирик.
Шайтон қутқу қилиб солар минг
кўйга,
Кимнингдир юраги бутунлай чирик.
Лекин фаришталар бошлар бир ўйга:
Оқибат ўлмаган, меҳр ҳам тирик.
Мол-давлат ҳеч кимга вафо
қилмаган,
Беш кунлик дунёда бу —
бемаънилик.
Инсоний ҳисларга баҳо бўлмаган,
Оқибат ўлмаган, меҳр ҳам тирик!
(с)
Комила НОСИРОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий