понедельник, 5 января 2015 г.

Болаликка қайтиб...)


Охирги пайтларда асосан болалар адабиётини мутолаа қиляпман. Гарри Поттер ҳақидаги учта китобни, яна бир нечта болаларга мўлжалланган асарларни ўқиб чиқдим. Сўнгги ўқиганларимдан бири Роальд Далнинг “Матильда”си бўлди. Бир ўтиришда ўқидим, жуда қизиқ. Таржима ҳам қилдим. Балки, кейинроқ китоб қилиб чиқариш имкони бўлар.

Жаҳон адабиётида болалар учун жуда кўп қизиқарли асарлар бор. Болалар қиёфасида катталарнинг оламига хос хусусиятлар, жиҳатларни кўришингиз, одамлар, болаларнинг олами ҳақида кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин.
Ўйлаб кўрсам, болалигимда ҳам асосан катталар адабиётини ўқиган эканман. Уйимизда “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларининг деярли ҳар бир сони бўларди. Ўшаларни, кейин бор китобларни ўқийверардим. Албатта, болаларга мўлжалланган, эртак китобларим ҳам кам эмасди. Бувамнинг “Уйқу нега аразлади?”, рус қўшнимизнинг Незнайка ҳақидаги китобни совға қилганини яхши эслайман.
Аммо ҳозир болалар адабиётини мириқиб ўқияпман. Балки, бу кимгадир эриш туюлар, лекин катта бўлганда ҳам болалар адабиётини ўқиш қизиқ. Жуда кўп китоблар эътиборимдан четда қолган экан. Айниқса, ўзига хос юмор билан йўғрилган асарлар... Жуда қизиқ. Дарвоқе, Роальд Далнинг “Чарли ва шоколад фабрикаси”ни ҳам ўқидим. Бу асар ҳам фильм қилинган. Ёзувчининг ўзига хос, қизиқ услуби бор.

Комментариев нет:

Отправить комментарий