Ҳаётим бироқ, аммо,
лекинлардан иборат бўлиб қолаётганини ҳис қиламан. Орзуларимга етмоқ,
режаларимни амалга оширмоқ истайман, БИРОҚ деган зиддиятлар туғилади.
Эзгуликлар қилсам, савоб дафтарига ёзувлар қўшилсин, дейман, АММОлар қўлимни боғлайди.
Ҳаёт гўзалликларидан завқ олишни кўзлайман, қалбимга қувончни шерик қилмоқчи бўламан,
ЛЕКИНлар йўлимга ғов бўлади.
Қаёққа боқмай,
нимаики қилмай, қаршимда фақат шу зидлов боғловчилари кўкрак кериб турганига
гувоҳ бўламан. Бу боғловчилар ҳаётимни барбод қилишга, қаддимни букишга,
иродамни синдиришга астойдил бел боғлаганга ўхшайди. Бу боғловчилар менга қарши
ёлғиз курашганда ҳам майлийди, йўқ, улар доимо бирга. Бирини енгсам, иккинчиси
найзасини тиқади. Иккинчисини йўқ қилсам, учинчиси... Курашишга ҳолим қолмайди
баъзан. Вужудимдаги сўнгги қувватни уларга қарши сарфлайман-у, заифлашиб йиқиламан.
Турмоққа уринаман,
бироқ...
Кучимни тўплашга ҳаракат
қиламан, аммо...
Ҳаётга қайтмоқчи бўламан,
лекин...
Кўз ўнгимда
катта-катта ҳарфларда битилган шу боғловчилар намоён бўлаверади. Биласизми,
улар қаерга битилган? Менинг шўргина пешонамга!..
Пешанамдан ўчиришга
уринаман бу боғловчиларни, бироқ...
Қисмат йўлимга улар
таъсир кўрсатмасин, дейман, аммо...
Худойимдан шайтондан
эмас, астағфируллоҳ, шу боғловчилардан ҳимоя қилишни сўрайман, лекин...
Зидлов боғловчилари,
бунча мени яхши кўрасиз? Сиздан қочишга, яширинишга, юзимни кўрсатмасликка қанчалик
уринмай, минг ҳаракат қилмай, барибир, сизнинг таъсирингиздан чиқиб кетолмас
эканман. Мен шу оддий, аччиққина ҳақиқатни тушуниб етдим. Ахир, сиз қаергадир
эмас, менинг пешонамга, тақдиримга битилгансиз. Сизлардан халос бўлиш учун мен
вужудимни жондан халос қилмоғим керак...
Бироқ яшагим
келади...
Аммо ўлишни
истамайман...
Лекин ҳаёт гўзал
туйилади...
(с)
Комила НОСИРОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий