воскресенье, 13 сентября 2015 г.

Ўзга миллат исмларини қўйиш урф бўлдими?

Яқинда uff.uz сайти андижонлик футбол мухлиси ўғлига бразилиялик футболчи Неймарнинг исмини қўйгани ҳақида хабар бериб, чақалоқнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси суратини ҳам илова қилди. uff.uz нинг қайд этишича, юртимизда Марадона исмли инсон ҳам бор. У ҳозирда “Машъал” сафида ўйнайди. Бундан ташқари, сайтда ёзилишича, Чингалчук, Пеле, Брюс Ли деб исм қўйган юртдошларимиз ҳам бор.
Бундан бир неча ой аввал эса интернетда ўзбекистонлик бир кишининг ўғлига Жумонг деб исм қўйгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ, интернет фойдаланувчиларнинг ёзишича, ўша одам қариндошларининг ҳазил-мазахларидан сўнг ўзбекона исм қўйишга мажбур бўлган. Аммо бундан аввал ҳам фарзандига Жумонг ва Со Сео На исм қўйганлар ҳақида эшитганмиз. Бир пайтлар ТВда “Эсмеральда” сериали намойиш этилганда, фарзандига Эсмеральда деб исм қўйганлар ҳам бўлган, дейишади.
Севимли кино ёки сериал қаҳрамони, жамоат ва сиёсат арбобларига ҳавас қилиб, исм қўядиганлар ҳам кам эмас. Масалан, фарзандига Гопал, Радха, Дурёдхон, Рахул, деб исм қўйганлар бор. Ёки Индира, Клара, Сония, Маркс сингари исмлар-чи?
Эҳтимол, бу кимлар учундир оддий ҳолдир. Эҳтимол, ишқибозлик шу даражада бўлади-да, ота-она ўша инсонларга ҳавас қилгани, боласининг ўшалардай обрў-эътиборли, машҳур бўлишини истагани учун шундай исм қўйган, дерсиз. Бироқ ўзбекка ўзга миллат вакилининг исмини қўйиш тўғримикин? Ахир исм инсоннинг бир умрлик ҳамроҳи-ку, у ҳақдаги илк тасаввурни ҳам айнан исми уйғотади. Қолаверса, ота-онаси кимгадир ҳавас қилиб қўйган бу исм келажакда боласига қай даражада маъқул келади? Тенгдошлари ва жамиятда қандай қабул қилинади? Ахир ўзимизнинг жуда гўзал, пурмаъно, табиатимизга муносиб кўплаб исмларимиз бор-ку.
Ўқувчилик йилларимизда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчимиз бир гапни қайта-қайта такрорларди: “Одамлар боласига исм танлаётганда, маъносини билиши керак. Баъзилар Фурқат деб исм қўяди. Лекин бу айрилиқ деган маънони англатади. Маҳзуна деб атайди. Ваҳоланки, маҳзуна маҳзунлик, ҳузун деган сўздан олинган. Бу исмлар келажакда боланинг тақдирига таъсир қилади. Шунинг учун ота-она боласига исм қўйишдан аввал, агар танлаган исмининг маъносини билмаса катталардан сўраши ёки исмлар маъноси ёзилган китобни варақлаб чиқиш керак”.
Ҳадиси шарифларда ота-онанинг фарзанди олдидаги энг биринчи вазифаси унга чиройли исм қўйиш эканлиги айтилади. Шундай экан, ўзига ёққан бирон бир қаҳрамоннинг, нимани англатишини ҳам билмаган исмини жондан азиз фарзандига қўйиши нотўғри. Хўш, Неймар исми нимани англатади? Жумонг-чи? Бу исмлар англатган маъно ўзбек боласининг табиатига, хулқига қанчалик мос келади? Ахир келажакда бу инсонлар ўзликка мос бўлмаган исмидан хижолат тортмайди, деб ким кафолат беради? Ўшанда улар ўзига муносиб исм қўймагани учун ота-онасидан хафа бўлмасмикин?
Умуман олганда, ота-оналарнинг фарзандига ўзбекча исм қўйишда ҳам эътиборсизлик қилиши кўп учрайди. Дейлик, нарса-буюмларнинг номини болага исм қилиб қўйиш қай даражада тўғри? Ахир танлаш жоиз бўлса, исмлар бобида ҳечам танқислик йўқ. Шулар орасидан чақалоққа мос исм албатта топилади. Бироқ бизда кейинги йилларда айнан бир хил исмлар урфга кирган. Масалан, сўнгги вақтларда қизларга Мубина, Мадина, Муслима деб, ўғил болаларга эса Муҳаммадюсуф, Муҳаммадали, Муҳаммадамин, Комрон деб исм қўядиганлар кўпайган. Хўп, булар албатта чиройли, маъноли, ота-онанинг фарзандининг солиҳ бўлиш орзусида қўйган исмлари. Аммо шундай чиройли исмларни қўйгандан сўнг уларни тўлиқ, чиройли айтиш ҳам керак-да. Ота-оналарнинг ўзлари фарзандининг исмини чала айтиб, “Мухаш”, “Мубиш”, “Мадиш” деб турса, бошқалардан нима кутиш мумкин?
Тўғри, ҳеч кимга “Фарзандингга бундай исм қўйма!” деб ақл ўргатолмайсиз. Ҳар бир ота-она боласига ўзига маъқул исмни қўйишга ҳақли. Бироқ мухлислик тугаб, бугун маъқул топилган исм эртага номаъқул туюлмай қолишига, бундай исми учун фарзанднинг тенгдошлари ўртасида мазах қилинмаслигига кафолат бормикин? Юқорида айтганимиздек, чиройли ва муносиб исм қўйиш – ота-онанинг энг биринчи навбатдаги бурчи. Шундай экан, фарзандингизнинг нафақат қиёфаси, хулқи, балки исми ҳам чиройли бўлсин.  

(с) Комила НОСИРОВА.
2014.

Комментариев нет:

Отправить комментарий