среда, 18 мая 2016 г.

Ижтимоий тармоқ бизга нима беради?


Бугун ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари кун сайин кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга турли ижтимоий тармоқларнинг, шунингдек, тармоқларда туғилаётган муносабатлар салбий томонларини ўқтин-ўқтин уқтирувчилар ҳам кам эмас. Бироқ ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлади. Шундай экан, ижтимоий тармоқларнинг фақат яхши томонларидан фойдаланишга уринаётганлар ҳам бор.
 
Исмоил ДАВРОНОВ, шифокор: — Мен асосан Фейсбукдан фойдаланаман. Саҳифамда фақатгина ўзим таниган ва ҳурмат қилган инсонлар билан дўст бўлганман. Улар билан қизиқарли мақолалар, манбаларга ҳаволалар алмашамиз, яқинда мутолаа қилган китобларимиз ҳақида фикр алмашамиз. Нотанишлар, зериккани учунгина ҳамманинг саҳифасига шарҳ ёзиб ўтирадиганлар билан дўстлашмайман, бегоналарнинг саҳифаларида деярли меҳмон бўлмайман. Ростини айтсам, бунга вақтим ҳам йўқ. Ижтимоий тармоқни ҳаётининг мазмунига айлантириб олиб, эртаю кеч ундан чиқмай ўтирадиганларни тушунмайман. Зеро, ҳамма нарсанинг меъёри бўлиши керак.

Шокир АЛИХЎЖАЕВ, талаба: — Ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчисиман десам, адашмайман. Твиттер, Фейсбук, Вконтакте каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланаман. Саҳифаларимни ҳар куни текшираман, менга йўлланган хабарларга жавоб ёзаман, дўстларим эълон қилган янгиликларни ўқийман ва ўзимни қизиқтирганларига шарҳ ёзаман. Дўстларим кўп, лекин уларнинг бари маданиятли, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қиладиган одамлар. Бировнинг саҳифасида номаъқул шарҳ ёзадиган, беҳаё суратлар эълон қиладиганлари йўқ. Чунки мен ҳеч қачон дўстларим сафига ўзим умуман билмаган, танимаган фойдаланувчиларни қўшмайман, дўстлик таклифини ҳам жўнатмайман. Шунинг учун ҳам мен ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ортиқча муаммога дуч келмайман.

Зиёда ҒОФУРОВА, таржимон: — Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда фаолман деб айтолмайман, чунки кўпинча саҳифаларимга киришга вақт топишим қийин бўлади. Кирганимда ҳам, ёзилган хабарларни текшираман, жавоб ёзаман. Бошқаларнинг саҳифаларига киришга вақтим ҳам, ҳушим ҳам йўқ. “Унда нега ижтимоий тармоқдан фойдаланасан?” дейишингиз мумкин. Шунчаки олисдаги, кўп кўришолмайдиган танишларим, қариндошларим билан мулоқот қилиш, сурат алмашиш, улардан узилиб қолмаслик, қолаверса, янгиликлардан бохабар бўлиш учун ҳам ижтимоий тармоқ орқали мулоқот қиламан. Бу — мулоқотнинг анча осон ва арзон усули. Ижтимоий тармоқларнинг оммалашиб кетганининг сабабларидан бири ҳам шу бўлса керак.

Ойдин ЗОКИРОВА, талаба: — Ижтимоий тармоқларда ўзим қизиққан мавзулардаги гуруҳларга аъзо бўлганман. Дўстларим, танишларим эълон қилган янгиликлар, мақолаларни қизиқиб ўқийман ва ўз фикрларимни ҳам билдираман. Бу мен учун жуда фойдали деб ўйлайман. Негаки, ижтимоий тармоқда эълон қилинаётган мақолаларни бошқа жойдан топиш қийин, Фейсбукда эса кўпинча мен излаб тополмайдиган мақолалар, шеърлар, ҳикоялар, қизиқарли суҳбатлар эълон қилинади. Қолаверса, мен ижодини ҳурмат қиладиган ижодкорлар шарҳ ёзишади, фикр билдиришади. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқдаги асосий саҳифани мунтазам кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Менимча, сизга ўхшаб фикрлайдиган, сиз қизиққан нарсаларга қизиқадиган одамлар билан ҳамсуҳбат билан, фикр алмашиш, улардан нималарнидир ўрганишга ҳаракат қилишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, аксинча, бу инсоннинг дунёқараши шаклланишига, турли ёшдаги одамлар билан мулоқот қилишни ўрганишига, баъзида эса ҳатто ажойиб ғоялар туғилишига ҳам ёрдам беради деб ўйлайман. Бошқаларга ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ана шундай тамойилларга амал қилишни маслаҳат бераман.

(с) СЕВДОРА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий