пятница, 27 мая 2016 г.

Тиббиётда эришилган энг муҳим ютуқлар


2015 йил илм-фан учун жуда самарали бўлди. Олимлар айниқса тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришишди. Инсоният ажойиб кашфиётлар қилиб, кўплаб фойдали дори-дармонларни яратди. Қуйида тиббиёт соҳасидаги ана шундай ютуқлар билан таништирамиз.

Самарали антибиотик
2014 йилда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсоният антибиотиксиз даврга қадам қўяётгани ҳақида огоҳлантирди. Б уҳақиқатга яқин эди. Фан ва тиббиёт 1987 йилдан бери чиндан ҳам антибиотикларнинг янги турини чиқармаётганди. Бироқ касалликлар тобора авжига чиқмоқда. Ҳар йили янги, мавжуд дориларга қарши турадиган юқумли касалликлар пайдо бўлмоқда. Бу дунё муаммосига айланди. Бироқ 2015 йилда олимлар амалга оширган иш кескин ўзгаришлар ясаши мумкин.
Олимлар 25та микробга қарши препаратдан иборат антибиотикларнинг янги гуруҳини кашф қилишди. Улардан бири теиксобактин деб номланди. Бу антибиотик микробларнинг янги ҳужайра ҳосил қилиш хусусиятини тўхтатиб, уларни йўқотади. Бошқача айтганда, микроблар бу дори таъсирида ривожланиб, вақт ўтган сари препаратга қарши курашиш хусусиятини ҳосил қилолмайди. Теиксобактин ҳозирга қадар резистент тилла ранг стафилоккок ва силни пайдо қиладиган бир қанча бактерияларга қарши курашда юқори самарадорлигини кўрсатди.
Теиксобактиннинг лабораториядаги синовлари сичқонларда ўтказилди. Аксарият тажрибалар препаратнинг самарадорлигини кўрсатди. Одамлардаги синовлар 2017 йилда бошланиши керак.  

Ўстирилган товуш пайчалари
Тиббиётда энг қизиқ ва истиқболли йўналишлардан бири тўқималар регенерациясидир. 2015 йилда сунъий йўл билан қайта тикланган аъзолар рўйхатига яна бир банд қўшилди. Висконсин университети шифокорлари одамнинг товуш пайчаларини ўстиришни ўрганиб олишди.
Бир гуруҳ олимлар Натан Вельхэн бошчилигида биомуҳандислик йўли билан товуш пайчаларининг шиллиқ қавати ишини бажара оладиган тўқимани яратишди. Бу тўқима тебраниб, одам нутқини ҳосил қилишга имкон беради. Янги пайчалар ўстиришга имкон берадиган донор ҳужайралар беш нафар кўнгилли бемордан олинди. Олимлар лаборатория шароитида икки ҳафта давомида зарур тўқимани ўстириб, уни сунъий бўғиз макетига қўшишди.
Бу товуш пайчалари ёрдамида ҳосил бўлган товушни олимлар оғир ва роботлаштирилган ўйинчоқникига ўхшайди деб таърифлашмоқда. Бироқ олимлар яратган товуш пайчалари реал шароитда (яъни тирик организмга ўрнатилганда) ҳақиқийдек янграшига ишонишади.

Саратонга қарши дори Паркинсон касалида ҳам ёрдам бериши мумкин
Тасигна (ёки нилотиниб) синалган ва маъқулланган дори бўлиб, ундан одатда лейкемия аломатлари бор одамларни даволашдан фойдаланилади. Аммо Жоржтаун университети тиббиёт марказида ўтказилган тадқиқот тасигна препарати Паркинсон касалига чалинган одамларда мотор аломатларини назорат қилишда жуда кучли восита бўлиши мумкинлигини, уларнинг мотор функцияларини яхшилашини кўрсатди.
Олимлар олти ой давомида кўнгилли 12 нафар беморга нилотинибдан катта дозада беришди. Бу тажрибадан ўтган барча беморларда мотор функцияларининг яхшилангани кузатилди. Уларнинг 10 нафарида эса анчагина яхшиланиш сезилди.
Бу тадқиқотдан асосий мақсад нилотинибнинг одам организми хавфсизлиги ва зарарсизлигини текшириш эди. Фойдаланилган миқдор лейкемияга чалинган беморларларга одатда бериладиган миқдордан анча кам эди. Препарат самарадорлигини кўрсатган бўлса-да, тадқиқот назорат гуруҳини жалб қилмасдан, кичик гуруҳда ўтказилди. Шунинг учун тасигнани Паркинсон касаллигига қарши тавсия қилишдан аввал яна бир нечта синов ва илмий тадқиқот ўтказишга тўғри келади.  

Кўкрак қафаси чоп этилди
Сўнгги йилларда 3D технологияси кўплаб соҳаларга кириб келиб, янги-янги кашфиётларга ва ишлаб чиқаришнинг янги усулларига сабаб бўлмоқда. 2015 йилда Испаниядаги Саламанка университети касалхонаси докторлари илк бор беморнинг жароҳатланган кўкрак қафасини 3D усулида чоп этилган протезга алмаштириш амалиётини ўтказишди.
Бемор саркоманинг кам учрайдиган турига чалинган бўлиб, шифокорларнинг бошқа чораси йўқ эди. Ўсимтанинг организмда янада тарқаб кетмаслиги учун мутахассислар унинг бутун кўкрак қафасини олиб ташлаб, суякларни титан имплантат билан алмаштиришди.
Одатда, скелетнинг йирик қисмлари учун имплантатлар ҳар хил материалдан тайёрланади ва улар вақт ўтган сари эскиради. Бундан ташқари, керакли ўлчамдаги имплантатни яратиш учун шифокорларнинг беморнинг кўкрак қафасини синчиклаб сканер қилишларига тўғри келди.
Янги кўкрак қафаси учун титан қотишмасидан фойдаланишга қарор қилишди. Юқори аниқликдаги уч ўлчамли компьютер томография ўтказилгач, олимлар 1,3 миллион долларлик Arcam принтеридан фойдаланиб, янги титан кўкрак қафасини яратишди. Беморга янги кўкрак қафаси қўйиш операцияси муваффақиятли ўтди.

Тери ҳужайраларидан мия ҳужайралари
Калифорниядаги Солк институти олимлари 2015 йилни инсон миясини ўрганишга бағишлашди. Улар тери ҳужайраларини мия ҳужайраларига айлантириш йўлини ишлаб чиқиб, янги технологияни қўллаш усулини ҳам топишди. 
Олимлар тери ҳужайраларини эски мия ҳужайраларига айлантириш йўлини топишгани улардан кейинчалик фойдаланишни (масалан, Альцгеймер ва Паркинсон касалликларида) осонлаштиради. Бундай тадқиқотлар учун ҳайвонларнинг мия ҳужайраларидан фойдаланиларди, бироқ бундай ҳолатда олимларнинг имкониятлари чекланган бўлади.
Мия ҳужайраларини сунъий равишда яратиш йўлини ишлаб чиқишлари билан тадқиқотчилар серотонин ишлаб чиқариш имконига эга нейронларни яратишга урина бошлашди. Гарчи олинган ҳужайралар инсон мияси имкониятларининг озгинасига эга бўлса-да, олимларга тадқиқлтлар аутизм, шизофрения ва тушкунлик сингари касалликларга қарши дорилар излашда яхши ёрдам бермоқда.

Инъекцияли мия наноимплантати
Гарварднинг бир гуруҳ олимлари фалажга олиб борадиган қатор нейродегенератив бузилишларни даволаш имконини берадиган имплантатни ишлаб чиқди. Имплантат электрон қурилма шаклида бўлиб, универсал каркас (тўр)дан иборат. Унга кейинчалик, беморнинг миясидаги киритилгандан кейин турли наноқурилмаларни улаш мумкин бўлади. Имплантат туфайли миянинг нейрон фаоллигини кузатиш, маълум тўқималарнинг ишини кучайтириш, шунингдек, нейронларнинг регенерациясини тезлаштириш мумкин бўлади. Электрон тўр полимер иплар, транзисторлар ёки наноэлектродлардан иборат бўлиб, улар ўзаро кесишиб боғланади.
Гарвард олимлари 2016 йилнинг бошида ҳам бундай имплантатнинг хавфсизлигини синаб кўрмоқда. Ҳозирча тажриба сичқонларда ўтказилмоқда.   

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий