Бу дунё
ташвишлардан иборатдай туюлади.
Беташвиш яшашнинг имкони, иложи йўқ каби. Баъзан барчасидан ҳориб кетасиз-у,
“Уф-ф! Қанийди, бир кун бўлса ҳам ташвишсиз яшасам!..” деган хаёлга борасиз. Руҳан
ва жисмонан ором олишни истайсиз маълум муддат. Аммо... Ўйлаб кўринг-а,
беташвиш ҳаёт сизга керакми?
“Ишқсиз
эшак – дардсиз кесак” деган иборани жуда кўп эшитгансиз. Бу иборани ким “кашф
этгани” менга қоронғи.
Бироқ, топиб айтган. Албатта, иборани ҳар ким ўзича шарҳлайди.
“Ишқсиз эшак” деганда фақат муҳаббатсиз одамни эмас, беташвиш инсонни ҳам
тушуниш мумкин, менимча. Зеро, беташвиш инсон муҳаббат нелигини ҳам билмайди.
Дунё асли
ташвишлардан иборат. Бу — бор гап. Инсон то тирик экан, ниманингдир ташвишида
куйиб-пишиб юради. Талаба ўқиш, ошиқ маъшуқанинг висолига эришиш, она
болаларига тарбия бериш... ташвишида юради. Ҳамманинг ташвиши турлича.
Бировники майда ташвиш бўлса, бошқа бировники каттароқ. Масалан, имтиҳон
топшираётган абитуриент билан мамлакат тинчлигини қўриқлаётган аскарнинг
ташвишини тенглаштириб бўлмайди. Юртни бошқараётган президент билан оиласига
масъул бўлган эркакнинг ташвиши ҳам бир хил эмас.
Ташвишлар
хоҳ майда бўлсин, хоҳ улуғ, барчаси ўз ечимини талаб этади. Ўша муаммони ҳал
этмагунингизча тинчимайсиз. Агар бу “муаммо” доим зиммангизда бўлса, сизга бир
лаҳза ором йўқ. Уни ҳал этиш йўлларини излайверасиз... Хуллас, тинчлик йўқ
сизга. Ўқиш, иш, оила... Ҳаммасининг ўзига яраша ташвиши бор. Осон эмас. Бир лаҳза
тин олишга вақт тополмай қоласиз баъзан. Шундай пайтда севимли ишингиз ҳам,
суйган кишиларингиз ҳам кўзингизга балодай кўриниши мумкин. Ҳаммасини аро йўлда
ташлаб, кетворгингиз келади. Аммо қочиб қаёққа ҳам борардингиз?! Тилингизни
тишлаб юраверасиз. Бу — ҳаёт қонуни. Унга бўйсунишга мажбурсиз. Бироқ
ич-ичингиздан бу ташвишлар тезроқ тугашини истайсиз. Беташвиш ҳаёт кўзингизга гўзал
бўлиб кўринади. Сиз ўша ҳаётга интила бошлайсиз. Аммо... у ҳаёт сиз кутгандек гўзалмикин?
Бироз фикр юритиб кўринг. Жавоби ўз-ўзидан аён бўлади.
Тасаввур қилинг.
Ҳамма нарсангиз етарли. Ҳеч бир ташвишингиз йўқ. “Дунёнинг бир ками” деган
тушунча сизга ёт. Ҳаётингиз сокин, осуда. Худди сиз истагандек. Раҳбарингиздан
гап эшитмайсиз, оилангиздагилар ҳеч нарса талаб қилмайди, дўсту ошноларингиз
зиёфатга чорламайди, дардини тўкмайди, душманларингиз чоҳ қазишни бас қилган...
Хуллас, ҳеч бир ташвишингиз йўқ. Маза қилиб яшаяпсиз. Шу тахлит бир кунингиз ўтади.
Икки кун, уч кун... Умр ўтаверади. Сиз эса, беташвиш, ялло қилиб юрибсиз. Бошқаларга
шундай бўлиб кўринади. Аслида-чи? Бундай ҳаёт, охир-оқибат, жонингизга тегиб
кетади. Бир хилликдан безор бўласиз. Ташвишларингизни қўмсаб қоласиз.
Ташвишингиз бор эканки, сиз яшашга, гўзалроқ ҳаёт кечиришга интиласиз. Беташвиш
ҳаёт ҳаётми?! Тириклигингизни билдириб турадиган ташвишларингиз эмасми?! Ўйлаб
кўринг. Хулоса чиқариш сизга боғлиқ.
(с) Комила
НОСИРОВА.
2003 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий