Гоҳо билмасдан гумонсираш оқибатида одам кўнглини нақадар чўктириб
юбориш мумкин. Бир ишхонада шундай воқеа рўй берган. Хизматчи эрталаб келиб
стол ғаладонини очиб кўради-да, кечаги маошини қўйган жойидан топа олмайди,
ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. У келганда хонани йиғиштириб чиқиб
кетган фаррош аёлни эслайди ва балки шу олгандир, деб гумонсирайди.
Бироздан
сўнг бошқа хоналарни йиғиштираётган фаррошни чақириб, аввал ғаладонда пул
кўрмадингизми, деб сўрайди. Унинг йўқ деган маънода бош тебратиши ва ранги-рўйи
қув ўчиб кетганидан яна гумон хуружига миниб, “Сиз олмасангиз, ким олади?” деб
юборади. Фаррош аёлнинг бир зумда елкалари чўкиб, кичкина қомати ерга михланиб
қолади, пулни кўрмагани, бинобарин олмагани ҳақида болаларини ўртага қўйиб
қасам ичади, сўнгра бир замбил бўлиб чиқиб кетади.
Хизматчи ҳам кечгача ўзини қўярга жой тополмай юради ва уйга қайтгач,
кеча кийган костюмининг чўнтагидан маошини топади. У эртаси куни ишга барвақт
келиб, хоналарнинг биридан фаррошни топиб, “Кечирасиз” дейишини билади, аёл
овозининг борича ҳўнграб юборади ва юзини қўлидаги пол латта билан ўраган ҳолда
ўзини йўқотиб қўяди. Хижолат, илтижо ва узрлардан ўзига келган фаррош аёл
уйидан пул олиб келгани ва стол тортмасига солиб қўймоқчи бўлгани ва фақат
йўқолган пулнинг қанчалигини билмай боши гаранг бўлиб турганини айтганда,
хизматчи уялганидан ниҳоятда оғир аҳволга тушиб қолади.
(с) Тилаб Маҳмудов,
“Комиллик асрорлари”.
Комментариев нет:
Отправить комментарий