вторник, 14 марта 2017 г.

Сўкмай гапиришнинг иложи йўқми?



Одамлар, айниқса, эркаклар, ўсмирлару йигитларнинг ўзаро гапларини эшитиб, беихтиёр хижолат тортасиз. Чунки айримлар эшитганда юз қизарадиган гапларни ҳуда-беҳуда қўллаб, ҳар иккита сўзнинг орасида ишлатади. Бундай гапларни гапириш тугул эшитишга ҳам уялади одам. Аммо негадир ўша гапираётганларнинг кўзларида уят-пуятдан асар кўринмайди. Ваҳоланки, сўзлашиш одобидан бохабар ахлоқли одамлар бундай хунук қилиқларни ўзларига ҳеч қачон муносиб кўрмайдилар.

Раъно АЗИМЖОНОВА, ўқитувчи: – Баъзан мактаб ўқувчиларининг оғзидан чиқаётган гапларни эшитиб, тўғриси, ёқамни ушлаб қоламан. Улар бундай хунук сўз-ибораларни қаердан ўрганишяпти? Наҳотки оталаридан, оналаридан бўлса? Ёки кўчадагилардан эшитишяптими? Наҳотки ўсмирларнинг гапириши шу даражада бузилиб кетган бўлса? Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозир болаларнинг ҳаддан ташқари кўп сўкиши, сўкинганда ҳам хунук сўкиниши кўнглимни ғаш қилади. Ахир биз фарзандларимизга бундай тарбия бермаймиз-ку. Сўкиб гапириш номаъқуллиги ҳақида қайта-қайта уқтирамиз. Аммо негадир бу хунук одатнинг олдини ололмаяпмиз. Ёки насиҳатларимиз, одобнома дарсларимиз болаларга таъсир қилмаяптимикин. Болани бола десангиз, кап-катта эркакларнинг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқаётганини эшитиб қоламан. Ҳар икки сўзнинг бирида сўкиш гап ишлатиб гапиришади. Ёнларида аёл турибдими ёки ёш бола борми, фарқи йўқ, парволарига келтиришмайди. Ваҳоланки, улар кичикларга ўрнак бўлишлари, айтайтган ҳар бир сўзларининг маъсулиятини тушунишлари керак. Шундагина болалардан “Сўкма!” деб талаб қилишга ҳақимиз бўлади.  

Шаҳзодбек ОРИПОВ, талаба: – Сўкиш деганда кўпчилик дарров ўғил болаларни, эркакларни айблай бошлайди. Тўғри, йигитлар ва эркаклар орасида сўкиб гапириш кўпроқ тарқалган, аммо ҳозирги кунда қизларнинг ҳам оғзидан ҳар хил номаъқул гаплар чиқаётганини инкор қилиб бўлмайди. Айримлари ҳатто йигитлар ҳам оғзига олмайдиган ниҳоятда хунук сўзлар билан сўкишадики, наҳотки шулар ўзбек қизлари бўлса, деб ҳайрон бўлиб қоламан. Кўча-кўй, бозорларда эса аёлларнинг бир-бирини ёмон гаплар билан ҳақорат қилишига, жанжаллашишига гувоҳ бўлганман. Ўша қизлар, аёллар ўзларига шундай хунук сўзларни тилга олишни эп кўришганига ачинаман. Негаки бизнинг қизларимизга, аёлларимизга бундай хунук одатлар ҳеч қачон ярашмайди. Умуман, сўкиш, сўкиниш ҳеч кимга ҳеч қачон кўрк бағишламаган. Зеро, инсон бундай қилиқлари билан ўзининг нақадар маданиятсиз ва беадаблигини кўрсатиб қўяди.

Гулбаҳор ЗОКИРОВА, технолог: – Бу ҳам жамиятнинг энг оғриқли муаммоларидан бири деб ўйлайман. Бундай қараганда, сўкиш сўзларини эшитиш ҳеч кимга ёқмайди. Лекин кўчада сўкиб гапираётган болани ёки эркакни ҳеч ким тўхтатмайди. “Ҳой, нима деяпсан, ўйлаб гапир!” деб дакки бермайди. Мабодо қизлардан шундай номаъқул сўзлар чиқиб қолса, танбеҳ берадиганлар чиқиб қолиши мумкин, аммо эркакларнинг оғзига урадиганлар йўқ. “Бундай гапларни гапириш ярашмайди. Кап-катта одамсиз, тилингизни назорат қилмасангиз, атрофдагиларга салбий таъсир кўрсатасиз”, деб биров тушунтирмайди. “Менга нима, барибир гапимга қулоқ солмайди” ёки “Мени ҳам сўкиб беради”, деб кетаверади ҳамма. Тўғри, ўша одам танбеҳдан бир мартада хулоса чиқармаслиги мумкиндир, лекин атрофдагилардан бир неча марта эътироз эшитса, ўйлаб гапирадиган, тилига эҳтиёт бўладиган бўларди, менимча. Менинг дадам эса бировнинг сўкиб гапираётганини эшитсалар, дарров танбеҳ берардилар. Бундай ҳолатда ҳеч қачон бефарқ ўтиб кетганларини кўрмаганман. Баъзан сўкаётганларнинг дадамни мазах қилганини кўрсам, ҳатто аччиғим ҳам чиқарди: “Шулар билан тенг бўласизми? Гапингизга қулоқ солмаслиги кўриниб турибди-ку бу тарбиясизларнинг!” “Бўлмаса, индамай кетишим керакми? Нималар дейишаётганини эшитмаяпсанми?” деб койинардилар дадам. Шунинг учун айтяпман, агар ҳамма катталар дадамдек йўл тутса, шундай хунук одатга ўша жой ва вақтнинг ўзида чек қўйишга ҳаракат қилса, бу иллатни бутунлай йўқотолмаган тақдиримизда ҳам, ҳеч бўлмаса, камайтирардик.

Зоҳиджон ДАВРОНОВ, веб-дастурчи: – Биласизми, сўкадиган одамларнинг ҳам тоифалари бўларкан: ашаддий сўконғичлар, яъни сўкмай туролмайдиганлар, ҳаяжонга берилганда сўкиб гапирадиганлар, онда-сонда оғзидан чиқиб кетадиганлар... Хуллас, тоифаси анча кўп. Бу тоифалар ҳақида яқинда бир танишим мазахомуз оҳангда гапириб берганда, ҳайрон қолгандим. Кейин эътибор берсам, чиндан ҳам шундай экан. Баъзиларнинг гапиришини эшитсангиз, ҳар бир сўзига сўкиш сўзини қўшиб гапиради. Баъзилар эса жаҳли чиққандагина. Айримлар эса “Сўкмайдиган эркак бор эканми?” деб бу хунук одатни ўзича оқлаб ҳам қўяди. Шахсан мен сўкмайман. Баъзан оғзимдан шундай хунук сўзлар чиқиб кетса, дарров тилимни тийиш чораларини қидираман. Чунки бу хунук одат одамга бир ёпишса, қутулиш қийин бўлади.  

Гулмира СОДИҚОВА, талаба: – Яқинда дугоналарим билан ўқишдан қайтаётиб, бир бекатча пиёда юрдик. Шунда бир йигит билан айтишиб турган икки қизни учратдик. Қизлардан бири шунақанги сўзларни айтиб сўкардики, эшитган одамнинг хижолатдан қизариши аниқ эди. Йигит эса уларни инсофга чақиришга уринарди: “Қиз бола бўлсангиз, бунақа расво гапларни гапиришга уялмасизми?!” Бироқ қизлар бунга сари ҳаволаниб, бисотларидаги энг ярамас сўзларни тилга олишдан тўхташмасди. Ўтган-кетган одамларнинг нафрат ва жаҳл билан қараётганини гўёки пайқашмасди. Дугоналарим билан бир муддат тўхтаб қолдик. Шунда мен чидолмасдан уларга танбеҳ бердим: “Қизлар, уялмайсизларми?” Сўкаётган қизга менга ҳужум қила кетди: “Сен қаёқдан пайдо бўлдинг? Нега бизнинг гапимизга аралашасан?!” У ёғи сўкишларга уланди. Дугоналарим ўртага тушмоқчи бўлишганди, тўхтатдим. Бундай қизлар билан рисоладагидек муомала қилиб бўлмаслигини тушундим.  

Ҳадиси шарифдан:
* Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам қиладирган гуноҳи азимлардан бири – ота-онасини ҳақорат қилмоқдир!”  дедилар. Шунда: “Ё Расуллуллоҳ, одам ўз ота-онасини қандай қилиб ҳақорат қилмоғи мумкин?” – дейишди. Жаноб Расуллуллоҳ: “Бировнинг ота-онасини сўккан одам ўз ота-онасини ҳақорат қилган бўлур”, – деб жавоб қилдилар”.

* Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мусулмон одамнинг сўкмоғи – бузуқлик ва урушмоғи кофирликдир!” – дедилар”.

Руҳшунослар нима дейди?
Руҳшуносларнинг уқтиришича, кичкина болани сўккани учун уришиш, уялтириш ва жазолашнинг кераги йўқ, чунки у ҳали сўкиш сўзларни билмайди, бунинг ёмонлигини тушунмайди, шунинг учун сизнинг жазоингиз унга адолатсизлик бўлиб кўринади.
Энг тўғри йўл — тушунтириш. Шундай қилингки, болакай сўкиш сўзларни ишлатиш уятли ва ношоён эканлигини тушунсин. Гапираётганда хотиржам ва самимий гапиринг, асло асабийлашманг, жаҳл қилманг.
Агар ҳайратга тушганингизни ёки жаҳлингиз чиққанини сездирсангиз, бола сизни мазах қилиш учун ҳам гапини такрорлаши мумкин. Шунинг учун мулойим сўзлашингиз бола учун кутилмаган бўлади, жаҳлингизни чиқариш истагини йўқотади.
Баъзи ота-оналар кичкинтойнинг сўкишидан кулишади. Ҳиссиётларингизни назорат қилинг: бола буни маъқуллаш белгиси деб қабул қилиб, сизни янада кўпроқ кулдиришга уриниши мумкин.

Дарвоқе
Ғарб фильмларида хунук сўз ва иборалар кўп ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Бу эса кўпинча фильмни кўраётган ёш томошабинлар тарбиясига салбий таъсир қилади. Россияда ана шу жиҳатларни назарда тутиб, 2014 йил июль ойида нонорматив лексикани тақиқлаш ҳақидаги қонун кучга кирди. Қонунга кўра, ОАВда, бадиий асарларни ва халқ ижодиёти намуналарини оммавий ижро қилиш пайтида, театр постановкаларида, концертларда ва бошқа кўнгилочар маросимларда, шунингдек, кинотеатрларда фильмлар намойиш қилинаётганда, сўкиш сўзларини ишлатиш тақиқланади. Нонорматив лексика мавжуд бўлган босма ва аудиовизуал маҳсулотлар эса огоҳлантирувчи ёрлиқли махсус ўрамларда сотилади. Қонунни бузганлар жарима тўлайди. Қонунни такрор бузганда эса, жарима икки баробар миқдорда ундирилади.

Сўнгсиз ўрнида
Инсоннинг сўзлаш маданияти унинг тарбияси, ахлоқининг кўзгусидир. Сўкиш, ҳақорат, уят сўзлар кўзгуга шундай доғ туширадики, бу одам ҳақида атрофдагиларда жуда нохуш таассурот уйғонади. Шундай экан, ҳаммамиз ҳам бесуяк тилимизга эҳтиёт бўлайлик. Инсоннинг тили ҳам, дили ҳам чиройли бўлиши кераклигини унутмайлик.

Комила НОСИРОВА.
2015.

Комментариев нет:

Отправить комментарий