пятница, 5 января 2018 г.

Аёлларга телефон нимага керак?



Телефон – ҳеч шубҳасиз, алоқа воситаси. Уяли телефоннинг алоқа қилишдан бошқа яна қатор имкониятлари борлиги ҳам эътирофга лойиқ. Суратга, видеога олиш, қўшиқ, радио эшитиш, Интернетга кириш... Хуллас, имкониятлар анчагина. Бироқ у барибир энг аввало алоқа воситаси ҳисобланади. Аммо уяли телефондан ҳар доим ҳам ана шу мақсадда, қўшимча имкониятлари учунгина фойдаланишяптимикин? Масалан, аёллар, қизлар учун телефон қандай хизмат қиляпти?

Гулнора ЗОКИРОВА, ҳисобчи: – Менимча, мобил телефон бир-бирини соғинганлар, ишдаги ҳамкорлар, дўсту қариндошларнинг мулоқот қилиши учун. Бироқ мулоқотда ҳам мулоқот бор-да. Баъзилар иш юзасидан, заруратдан гаплашади, баъзилар эса – бекорчиликдан, зерикканидан. Шундай аёллар борки, телефондан танишлари, қариндошлари билан ғийбатлашиш, майда-чуйда гапларни ўзаро баҳам кўриш учунгина фойдаланади. Айниқса, жамоат транспортида шундайларга кўп дуч келаман. Ўн дақиқа гаплашса, ўн дақиқа, ярим соат гаплашса, ярим соат давомида кимнингдир ғийбатидан, кимнингдир қайсидир ишини муҳокама қилишдан бўшамайди айримлар. Тўғриси, шундай пайтларда қулоғимни беркитиб олгим келади. Наҳотки ўша аёллар одамлар орасида уяли телефонда ғийбатлашиш қанчалик хунук кўринишини билишмаса?!  Менимча, уларга уяли телефоннинг умуман кераги йўқ!

Мақсадбек САФАРОВ, ҳайдовчи: – Уяли телефон энг аввало ишбилармон одамларга қўл келади. Бироқ ҳозир ҳаммада, ҳатто боғча болаларида ҳам мобил телефон бор. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммасига ҳам телефоннинг зарурати бор деб ўйламайман. Масалан, уй бекаларига қўл телефонининг кераги йўқ, менимча. Уйда ўтиргандан кейин уй телефонидан ҳам фойдаланиш мумкин-ку. Касб тақозоси билан ҳар хил одамларга рўпара бўлишга тўғри келади. Беихтиёр уларнинг телефондаги суҳбатларига ҳам гувоҳ бўламан. Айниқса, аёллар, қизларнинг уяли телефонда ҳеч истиҳоласиз, андишасиз бировнинг ғийбатини қилаётганини, кап-катта хотинларнинг келинини ёмонлаётганини эшитиш ҳатто қулоққа ҳам ёқмайди. Ёш қизларнинг-ку, телефонда йигитлар ҳақида гаплашишдан, йигити билан гап сотишдан бўшамаслигини кўриб, жаҳлим чиқиб кетади. Ўшалар онасининг ёнида ҳам йигити билан шундай бемалол, бехижолат гаплашармикин? Менимча, ота-онасининг ёнида бироз уялса керак. Аммо бегоналардан сираям хижолат тортишмайди.

Тоиржон ШОДИЕВ, менежер: – Уяли телефондан фойдаланиш – замон талаби. У кимнинг қўлида бўлишидан қатъи назар, энг аввало алоқа воситаси ҳисобланади. Аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдек керак деб ўйлайман. Ҳатто уй бекаларига ҳам. Ахир уйда телефон бўлмаслиги мумкин, болаларидан хавотирланаётган она фарзандларига қўнғироқ қилиб, нималар билан шуғулланаётганини билиб туриши, ҳолидан бохабар бўлиши керак-ку. Қолаверса, яқинлари, дугоналари билан гаплашади. Буни табиий қабул қилиш керак. Одамзод атрофдагилар билан мулоқот қилиб маиший муамоллардан, кундалик ташвишлардан чалғийди, менимча. Шундай экан, аёлларга уяли телефон бир овунчоқ сифатида хизмат қилаётган бўлса, бунинг ёмон томони йўқ деб ўйлайман.

Ҳуснора ОТАХОНОВА, дизайнер: Бошқаларни билмадим-у, шахсан менга уяли телефон ниҳоятда зарур. Зарур бўлганида кўчадаги одамлардан сўраб ёки телефон будкасини қидириб юролмайман-ку. Тўғри, баъзилар учун телефон шунчаки эрмакка айланиб қолган. Ҳуда-беҳудага фойдаланади, кераксиз SMSлару ижтимоий тармоқларда узлуксиз ўтиришларга пулини, вақтини сарфлайди. Бундай олиб қараганда, ўз ихтиёридаги вақтни ва пулни қандай сарф қилиш – ҳар кимнинг шахсий иши, бировга ақл ўргатиб бўлмайди, аммо вақт – энг бебаҳо неъмат, йўқотилганининг ўрнини тўлдириб ҳам, қайтариб ҳам бўлмайди. Бу неъматни уяли телефондаги бекорчи суҳбатларга сарфлаганлар эртага ўзлари пушаймон бўлишади.

Муҳиддин БОЛТАЕВ, уста: – Аёллардан кўра ёш болаларнинг қўлидаги телефондан хавотирланиш керак. Аёллар телефондан фақат суҳбатлашиш, нари борса, ғийбатлашиш учун фойдаланар, аммо болалар-чи?! Улар ота-онасининг кўзини шамғалат қилиб, уяли телефондан Интернетга кириб, ижтимоий тармоқларда уззукун ўтиришибди-ку! Яна бошқа сайтларга ҳам киришади. У сайтларнинг мазмун-мундарижасидан эса ота-оналари кўпинча бехабар бўлишади. Болаларнинг қўлидаги телефон нимага хизмат қилаётганини назорат қилиб туришимиз керак.

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий