вторник, 6 февраля 2018 г.

Омадга ишонасизми?



Кимдир омад инсоннинг меҳнати ва уринишлари натижаси деб уқтирса, кимдир уни тақдирнинг туҳфаси деб таърифлайди. Омад ўзи нима? У кимларга кулиб боқади? Омад бўлмаса, инсоннинг ишлари юришмайди, дейишади. Чиндан ҳам шундайми?
 
Шаҳзод ЖОНИХОНОВ, тадбиркор: Омад бу одамга Яратган томонидан бериладиган имконият, менимча. Одам ўша имконият қўлида эканлигини билиб, ундан фойдалана олиши керак. Агар у имкониятни қўлдан чиқариб юборса, кейин бу имкон қайтиб келмаслиги мумкин. Омад ана шундай омонат нарса.

Камола АБДИЕВА, ўқитувчи: — Менимча, омад — Ҳумо қушига ўхшаган нодирроқ ҳодиса. У ҳар куни ёки одам истаган пайтда келавермайди. Насиб қилгандагина бизга ҳамроҳ бўлади. Эҳтимол, омад саъй-ҳаракатларимиз, уринишларимиз самарасидир. Чунки ҳаракат қилмаган одамга омаднинг кулиб боқиши қийин.

Зоҳид ТОҒАЕВ, ҳайдовчи: — Омад — ишингизнинг бароридан келиши, оилангизнинг хотиржамлиги, Худодан сўраган тилакларингизнинг бажо бўлиши. Аслида, тириклигингизнинг ўзи ҳам энг катта омад. Ана шу омад бўлмаса, қолган ҳаммаси бекор!

Зулфия ҒАНИЕВА, ҳамшира: — Мен учун омад — бу дунёда ота-онам, дўстларим, яқинларим, мени тушунадиган, ёрдам керак бўлганда, қўллаб-қувватлайдиган одамларнинг борлиги. Катта пул топиш, даромадга эга бўлиш — буларнинг бари ўткинчи нарсалар. Тўғриси, бойликни омад деб тушунадиганларни тушунолмайман. Чунки бундай омад бугун бўлса, эртага — йўқ.

Дониёр АШУРОВ, менежер: — Омад — бор нарса, албатта. Баъзан роса уринасиз, ўзингизни ўтга-чўққа урасиз-у, кўзлаган мақсадингизга эришолмайсиз. Баъзан эса ортиқча ҳаракат қилмасангиз ҳам, кўп муваффақиятлар насиб этади. Омад дегани шу бўлса керак.

Жавлон ОРТИҚОВ, маркетолог: — Ҳақиқий омад — қилган меҳнатингизнинг самарасини кўра олишингиз, йўлингиздаги тўсиқларни енгиб ўтишга қодир эканлигингиз. Чунки синовлар қаршисида таслим бўлсангиз, омад ҳеч қачон сизга насиб қилмайди. Зеро, омад ҳам ҳаракат қилганга ҳамроҳ бўлади. Бекорга интилга толъе ёр, дейишмайди.

Дилшода ЭРМАТОВА, талаба: — Мен омадни аслида йўқ нарса деб ўйлайман. Ишларингизнинг юришиб тургани омад эмас, балки, насиба бўлса керак. Насиб қилгани учун ҳам, ўша нарсалар сизники бўлди. Агар насибангиз бўлмаганда, бу неъматлар ҳеч қачон сизга тегишли бўлмасди. Омад — шу насибанинг синоними, менимча.

Маҳбуба ҚОДИРОВА, ҳуқуқшунос: — Омад фақат ҳалол, тиришқоқ ва ғайратли одамларга кулиб боқади деб ўйлайман. Агар одам муваффақият қозониш, мақсадига етиш учун ҳаракат қилмаса, бирон нимага эришиши мумкинми? Йўқ, албатта. Мен омадлиман деб қўл қовуштириб ўтиргани билан ҳеч ким унга ҳеч нарсани тайёр қилиб олиб келиб бермайди. Ҳамма нарсанинг асосида меҳнат ва ҳаракат ётади.  

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий