понедельник, 30 апреля 2018 г.

Ёшлар қандай китобларни ўқишади?



Ёшлар китоб ўқимай қўйди деган айбномаларни сиз ҳам эшитгансиз, албатта. Бироқ бу ўринда фақат ёшлар эмас, катталар орасида ҳам китоб ўқимаётганлар бор, дейиш жоиз. Ёшларнинг ҳаммасини эса бирваракайига китоб ўқимайдиганга чиқариш нотўғри. Чунки китоб ўқийдиган ёшлар йўқ эмас. Анча жиддий асарларни мутолаа қиладиганлар ҳам бор. Ҳозир-чи, ёшлар қандай китобларни ўқишяпти?
 
Шаҳноза ОДИЛОВА, модельер-дизайнер: — Ёмонлик қилиш ҳамманинг қўлидан келади, аммо яхшилик қилишга ҳамма ҳам қодир эмас. Инсон борига шукур, йўғига сабр қилишни билиши керак. Бу менинг шахсий фикрим. Китоб ўқиган одам шу ҳақиқатни англаб етади. Биз ёшлар миллий китобларимизни кўпроқ ўқишимиз керак. Шунда маънавий бойлигимиз ошади. Охирги пайтларда мен асосан тиббиётга оид китобларни ўқияпман. Айни пайтда Абу Али ибн Синонинг гиёҳлар билан даволаш сирлари китобини ўқияпман. 

Комилжон АСЛОНОВ, дастурчи: — Менимча, ҳар бир ёш ўз ички дунёси, интилишлари ва қизиқишларига қараб китоб танлайди. Ҳозир менинг тахминимча муҳаббат мавзусидаги китоблар кўпроқ ўқилса керак, яна билмадим... Шахсан ўзим, мутахассислигим дастурчи бўлишига қарамай, адабиёт, хусусан шеърият мен учун энг биринчи ўринда. Шунинг учун, табиийки, китоб ўқишни яхши кўраман, янги чиққан асарларни ўқишга ҳаракат қиламан. Кўпроқ бадиалар, мавзуси ибратли, ҳикматларга тааллуқли китоблар, инсонларни меҳрга чорлайдиган, қадрлашга ўргатадиган асарларни мутолаа қиламан. Насрда ўқиган охирги китобим — турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши” романи, назмда эса “Онажон” шеърим тўплами, Хосият Рустамованинг “Ишғол” китоби.

Хуршида ИСАЕВА, абитуриент: — Очиғини айтсам, бир йилдан бери университетга киришга тайёргарлик кўряпман. Шунинг учун дарсликлардан, ўзим танлаган соҳага тегишли адабиётлардан бошқа китобларни ўқишга умуман вақтим бўлмаяпти. Лекин бундан аввал кўп китоб ўқиганман. Кўпроқ жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқишга ҳаракат қилардим. Сервантеснинг “Дон Кихот”, Мопассаннинг “Азизим”, Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон” асарини ўқиганман. Менимча, китоб ўқимасдан кунини фақат интернетда ўтириш, кино кўриш, ўйин ўйнаш билан ўтказадиган ёшлар кўп нарсани йўқотишади. Тенгдошларимга кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилган бўлардим.

Робия ШОДМОНОВА, ҳамшира: — Китоб кўп ўқимайман, лекин газета ўқишни яхши кўраман. Ҳар ҳафта иккита-учта газета сотиб олиб, биринчи навбатда ҳикояларни, шеърларни ўқиб чиқаман. Газеталарда катта асарларни бўлиб-бўлиб беришлари менга унчалик ёқмайди, лекин охирги пайтларда хориж ёзувчиларининг машҳур асарларини таржима қилиб эълон қилишаётганидан хурсандман. Ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли асарларни беришяпти. Шу асарларни таржима қилаётган ижодкорларга куч-қувват, ғайрат тилайман. Уларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли биз шу асарларни ўзбек тилида ўқиш имконига эга бўлдик.

Муслим ЗОКИРОВ, талаба: — Мен китоб мухлисиман деб айтолмайман. Лекин бир ўқиганимда, кетма-кет беш-олтита китобни ўқийман. Айниқса, қизиқарли асар бўлса, то ўшани ўқиб бўлмагунимча кўнглим тинчимайди. Яқинда пойтахтдаги Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида китоб байрами ўтказилди. Қизиқиб дўстларим билан бордим. Ҳамма нашриётлар сўнгги чоп этилган китобларни олиб келишган экан. Бир нечта ўзимга қизиқ туюлган китобни сотиб олдим. Шулар орасидан менга “Онажон” деган шеърий китоб жуда ёқди. Алишер Навоийдан тортиб замондош шоирларнинг оналарга бағишлаб ёзган шеърлари жамланган экан. Қизиқарли ва таъсирли китоб бўлибди. Тўплаб, нашр қилдирган инсонга катта раҳмат. Бу китобни ҳамма фарзандлар ўқишлари керак деб ўйлайман.

Тоҳир ОЧИЛОВ, дилер: — Кўп вақтим иш туфайли кўчада ўтади. Уйга боргач, баъзида китоб ўқиш у ёқда турсин, овқатланишга ҳам ҳушим бўлмайди. Айтмоқчиманки, китоб ўқишга вақт етишмайди. Бўш вақт топилиб қолганда эса, яхшироқ кино кўриб дам олгим ёки ўртоқларим билан футбол ўйнагим келади. Тўғри, баъзилар китоб ўқиб дам олади. Мен эса кино кўриб, футбол ўйнаб дам оламан.

СЕВДОРА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий