понедельник, 30 апреля 2018 г.

Сирингизни кимга ишонасиз?



Одам кўпинча ичидаги дардларини, сирларини кимгадир айтишга эҳтиёж сезади. Аммо сирни ишониб айтиш мумкин бўлган яқин инсон ҳар доим ҳам топилавермайди. Қолаверса, сирнинг ошкор бўлиб кетишидан чўчиб туради киши. Бу борада панд еган бир хонанда “Сиримни сиртимга чиқармай қўйганимга анча бўлган”, деган эди.
 
Гулнора ШОКИРОВА, тарбиячи: — Менимча, бировга ошкор қилинган сирнинг сирлиги қолмайди. Ўзингиз сақлолмаган сирни бировдан сақлашни талаб қилиш унчалик тўғри бўлмаса керак. Шунинг учун қандай сирингиз бўлса ҳам, ичингизда қолгани яхши.  
Азиза ТУРСУНОВА, дизайнер: — Мен сиримни ишониб айтишим мумкин бўлган фақат бир инсон бор. У ҳам бўлса, онам. Бошқа ҳеч кимга ишонмайман. Бир дугонам панд берганидан сўнг одамларга тўла ишонолмайдиган бўлиб қолдим.

Жаъфар ЭЛМУРОДОВ, талаба: — Сиримни энг яқин дўстим ва акамга айтишим мумкин. Онам ёки отам билан кўп сирлашмайман. Тўғриси, хижолат тортаманми ёки салобатлари босадими, кўп гапларимни айтолмайман.

Бобур ҲОЖИЕВ, ҳайдовчи: — Сир ичингизда сақлангандагина сир бўлади. Ошкор бўлса, унинг сирлиги қоладими? Ҳозирги замонда ҳеч кимга буткул ишониб бўлмайди. Вақтида содиқ кўринган дўстларингиз ҳам бир кун келиб ўз манфаати учун сизни ноқулай вазиятга солишдан қайтмас экан. Бунга неча марта гувоҳ бўлдим.

Омина ФАЙЗУЛЛАЕВА, ҳамшира: — Инсон кимгадир ишониб яшаши, сирларини, кўнглидаги гапларини айта олиши керак. Бўлмаса, баъзида дунёнинг ташвишлари бир одамнинг елкасига оғирлик қилиб қолади. Кимгадир айтиб, енгил тортишни хоҳлайсиз. Шундай пайтларда ёнингизда ишончли кишининг бўлиши жуда муҳим.

Шоира САИДҚОСИМОВА, талаба: — Ишонган дугоналарим, ҳар қандай вазиятда ҳам қўллаб-қувватлайдиган онам, опамнинг борлиги — менинг бахтим, омадим. Уларга ҳамма сирларимни бемалол, ишониб айта оламан. Ҳеч қачон менга панд бермасликларини яхши биламан.

Даврон РУСТАМОВ, дастурчи: — Мен сиримни ҳам, ўйлаб юрган ғояларимни ҳам ҳеч кимга айтмайман. Оила аъзоларимдан бошқа. Айниқса, касбим билан боғлиқ сирларни бировга ишонолмайман. Чунки ҳозир бировнинг ғоясидан ўз манфаати йўлида фойдаланганлар кўп. Бировнинг нарсасини ўзлаштиришдан тап тортмайдиганлар ҳам бор.

Дилмурод ҚЎЧҚОРОВ, веб-дизайнер: — Сирнинг қандайлигига қараб, уни бировга айтиш-айтмасликни ҳал қилишингиз мумкин. Масалан, баъзи сирлар унчалик катта аҳамиятга эга бўлмайди, баъзилари эса ниҳоятда муҳим, бировга ошкор этиш жиддий         кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Бундай сирларни одам ичида сақлагани, ҳеч кимга айтмагани маъқул деб ўйлайман.

Гулшода ОРИПОВА, талаба: — Баъзиларга эриш туюлиши мумкиндир, аммо сиримни кундалик дафтаримга ишонаман. Бошқаларга кўнглимни очиб, дардимни айтиб юрмайман. Ахир сирингизни ҳамма ҳар хил қабул қилади. Таъна қиладиганлар, дилингизни оғритиб қўядиганлар ҳам топилади. Шунинг учун бошқаларга сир бой бермаган яхши.

СЕВДОРА тайёрлади

Комментариев нет:

Отправить комментарий