вторник, 8 мая 2018 г.

Хотира — муқаддас



9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Шу икки сўз замирида қанча маъно, эҳтиром ва одамийлик бор. Зеро, ҳаётда ҳар доим ўтганларни хотирлаб, тирикларни қадрлаб яшаш лозим. Фақат шундагина инсон ўзининг инсонлигини, одамий хусусиятларини унутмайди. Бу қадриятлар инсонга ўзлигини, аслини эслатиб туради. Айниқса, бизнинг халқимиз учун бу қадриятлар муқаддас ҳисобланади.

Алишер ИРГАШЕВ, дизайнер: — Хотира нима учун муқаддас? Негаки унда бизнинг қадриятларимиз, аждодларимиз, ақидамиз, динимиз ва иймонимиз бор. Хотирасини йўқотган инсон кимлигини, ўзлигини унутади. бу эса унинг учун бирорта ҳам муқаддас нарса қолмаслигини англатади. Хотиранинг қадри нимада эканлигини хотирасини йўқотиб уни қайта топган одамдан сўранг. Аждодларни ёд олиш, уларни хотирлаш қанчалар зиёга етаклашини биласизми? Бекорга айтмайдилар, бошингга кулфат тушса, ўзлигингни йукотсанг, қабристонга бориб ўтганларни хотирла деб.
Бунинг замирида кимнидир зиёрат қилиш ёки руҳлардан мадад сўраш эмас, балки хотирани тиклаш, ўтган ишларни хотирлаш ва ўтганлар билимларини эсга олиш ётади. Зеро, ўтмишни хотирлаган киши, уни хотирида сақлаган инсон келажакни кўра олади. Илм фан нуқтаи назаридан, барча билимларимиз учун ўтган аждодларга ва қолдирилган меросларга қарздормиз.
Диний нуқтаи назардан ҳам, ўтмишимиз, расулимиз, китобимиз бизнинг хотирамиздадир. Зеро, улар биз учун ўтмиш эмас, балки келажакдир. Иймонимиз қанчалар муқаддаслиги уни қанчалар хотирлашимиз билан боғлиқдирки, уларнинг буюклиги келажакни хотирлашимизга имкон берибди.
Онани муқаддас дедик. Лекин волидамиздан айрилганимиздан сўнг ҳам унинг нафақат ўзи, балки хотираси ҳам биз учун муқаддас бўлади. Мана шунинг ўзи рад қилиб бўлмас далил ва исбот эмасми? Муқаддас китобда ёд олинг, хотирланг, эсланг ва улардан ўрганиб тўғриликка амал қилинг, деб ёзилган-ку. Шу боисдан хотира ҳам, хотирлаш ҳам хайрли амаллардандир.

Юлдуз ИСОҚОВА, журналист: — Хотиранинг муқаддаслиги унинг биз учун борлиги. Хотира қандай кўринишда бўлмасин, у биз билан бирга. Ширин хотира бўладими ёки қайғули, инсонлар учун хотира ҳамиша қадрли. Аммо баъзида шу азиз хотиралар инсонлар орасида қадрсизланади. Зеро, хотира фақат ўтганларни хотирлаш эмас, балки ана шу хотиралар билан яшаётганларни ҳаётга қайтариш ҳам демакдир. Биласизми, хотира гоҳида сизу бизни мақсадлар сари ҳам етаклайди. Зеро, биз буюк аждодларимизга муносиб бўлишимиз керак. Балки шунинг учун ҳам хотира барча учун муқаддасдир. 

Саида БЕКИЕВА, ҳисобчи: — Ўтганларни, уларнинг эзгу ишларини хотирлаш, тирикларни эса қадрлаш, уларга оқибат кўрсатиш — халқимизга хос гўзал амаллардан деб ҳисоблайман. Бундай амаллар биз ёшларга аждодларимизнинг қандай одам бўлганлиги ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш, уларнинг хайрли ишларидан ибрат олиш ва аждодларга муносиб авлодлар бўлиш учун ҳаракат қилишга ундайди. Зеро, хотирлаш дегани фақатгина эслаш эмас, ўша инсонларнинг эзгу ишларидан ўрнак олиш, хатоларидан сабоқ чиқариш дегани ҳам. Бунинг учун инсон албатта ўз аждодлари қандай инсон бўлганини, қандай яхши ва улуғ ишларни амалга оширганини билиши керак. Шу мақсадда дугоналарим билан ҳар йили Шаҳидлар хиёбонини зиёрат қиламиз. Уларнинг ҳақига дуолар ўқиймиз. Юртимиз равнақи, миллатимизнинг ёруғ кунлари учун қилган улуғ ишларини хотирлаймиз. Худди шу сингари ҳар бир оилада ана шу қадриятларни шакллантириш, ёшларга ўтганларни хотирлаб, тирикларни қадрлаб яшашни ўргатиш лозим деб ўйлайман. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, бошқаларни қадрлаган инсонгина қадр топади.

СЕВДОРА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий