“Боланг
бўлса, шўх бўлсин, шўх бўлмаса, йўқ бўлсин”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат,
болалик – пошшолик даври ўзининг беғубор шўхликлари, беозор шумликлари билан
қизиқ, севимли, соғинишли. Болалик деганда, кўз олдимизда дарров ўша – пошшолик
давримизда қилган шўхликларимиз гавдаланиши бежиз эмас.
Шоира НУРИДДИНОВА, талаба: – Менимча, болалик – одам
ҳаётининг энг беғубор, ширин даври. Бу даврни ҳеч нимага қиёс этиб бўлмайди.
Қалбингиз энг ширин орзуларга тўла, бу дунёнинг ҳойю ҳавасларига ҳали
берилмаган, ўзингизни худди хондек ҳис қиласиз. Ҳамма нарса меники, қўлимни
ойга узатсам ҳам – етади, деб ўйлайсиз. Ота-онангиз сизга осмондаги ойни-да
олиб беришга тайёрдек. Болалигимда мен ҳам шундай деб ўйларканман. Бир куни дўконда
чиройли қўғирчоқ кўриб қолдим. Ойимдан ўша қўғирчоқни олиб беришни сўрадим.
Аммо ойим негадир унамади: ё ёнида пул йўқ эди, ё шусиз ҳам қаторлашиб ётган
қўғирчоқларим сонини кўпайтиришни истамади. Онам қўлимдан тутиб, дўкондан олиб
кетишга уринаркан, менинг икки кўзим қўғирчоқдан узилмайди. Ойимнинг илтимосимни
рад этгани алам қилиб, ўша жойда йиғлаб юбордим. Аввалига овоз чиқармай, кейин
бор овозим билан... Ойим бечора бир бизга қараб-қараб ўтаётган одамларга минг
хижолат билан аланглаб қарайди, бир менга: “Бўлди, одамни шарманда қиляпсан”, –
деб дакки беради. Ойимнинг хижолат бўлишидан ҳозир менинг йиғлашдан тўхтатишим
учун ўша қўғирчоқни олиб беришга тайёр бўлаётганини сезиб, баттар авжига
чиқдим. “Бўпти, олиб бераман ўша қўғирчоқни, фақат бас қил!” – деди охири мулзам
бўлган онам. Жим бўлдим. Ойим дўконга кириб, ўша қўғирчоқни сотиб олди. Ўшанда
илк бор мақсадимга етиш учун ҳийла ишлатгандим, кейинчалик бу “ҳунар”дан
фойдаланмайдиган бўлдим, албатта. Ҳозир эса ўша воқеани эслаб, ойим билан роса
куламиз.
Саида УМАРБЕКОВА, муҳандис: – Болалик – жуда ажойиб, турли
қизиқарли воқеаларга бой давр. Мен ҳам болаликда ўтганнинг ўроғини, кетганнинг
кетмонини оладиган бўлмасам ҳам, жуда шўх бўлганман. Мендан ҳам шўх бир дугонам
бўларди. Иккимиз бирга бўлсак, нуқул бир ишкал чиқарардик. Ҳеч тинч
ўтиролмасдик. Мактабдан уйга қайтаётганимизда ҳам доим бир нималарни бошлаб
юрардик. Бир куни, эсимда, қиш эди, роса қор ёққан. Дарс тугаб, ҳамма уйга
кетди. Мен эса дугонам билан мактабимизнинг орқа томонида сирпанчиқ учиб
қолдим. Ўйинга берилиб, вақт қандай ўтганини сезмабмиз. Бир пайт қарасам, дадам
биз томонга қараб келяптилар. Яхшигина дакки эшитишимни сезиб, индамай
туравердим. Дадам ёнимга келгач, менга узоқ ва синовчан қарадилар. Кўзларидан:
“Онанг иккимиз сендан хавотир олиб, юрак ҳовучлаб ўтирибмиз. Сен бўлсанг, бу
ерда кўнгил ёзяпсан” деган иддао бор эди. Уялиб кетдим. Дугонам билан
хайрлашиб, дадам билан уйга жўнадим. Дадам менга ҳеч нима демадилар, дакки ҳам
бермадилар. Лекин ўша куни негадир ўз-ўзимдан қаттиқ хижолат бўлиб, йиғлаб
кечирим сўрадим ва бошқа ҳеч қачон ота-онамни хавотирга қўймасликка сўз бердим
ва сўзимнинг устидан чиқдим.
Умид БОЙМАТОВ, оператор: – Менимча, ҳар бир одам энг
аввало болалик даврини соғиниб эслайди. Мен ҳам болалигимни кўп қўмсайман. У
даврда катта ҳаётнинг ташвишу муаммоларидан йироқ бўлганимиз учунми, олам бизга
турфа рангларда, жуда гўзал ва мусаффо кўринарди. Орзуларимиз, ўйларимиз
беғубор эди. Болалигимда техник уста бўлишни хоҳлаганман, шунинг учун кўзим
илғаган ва қўлимга илинган ҳамма нарсани ўзимча тузатишга уринардим, ўша нарса
бузуқ бўлмаса ҳам. Ҳамма нарсани синаб кўришим, ичида нима борлигини билишим
керак эди. Шундай қизиқишим сабабли бир гал анча кўнгилсиз иш қилиб қўйганман. Ўзимча
отвёртка олиб уни розеткага тиққанман. Розетка тешигига отвёртканинг киришини
биламан, бир пайт уйимиздаги ҳамма чироқлар тақ этиб ўчиб қолса денг! Онам кир
юваётган эдилар – ваннадан отилиб чиқдилар. Қўлимда отвёрткани кўриб, ҳушдан
кетиб қолаёздилар. Мени ток урган деб ўйладилар. “Тузукмисан?” деб титраган
товушда сўраганларидан кейин нима бўлганини сал англагандек бўлдим. Онам менга
ҳеч нима қилмаганини тушуниб, койишга тушдилар. “Эсинг жойидами? Розеткагаям
тиқадими отвёрткани? Ўлмоқчимисан?!” Ярим соатча мени койиганларидан сўнг дадамга
қўнғироқ қилиб, бўлган ишни айтдилар. Кечқурун ишдан қайтгач дадам ҳам мени
роса койидилар. Мен бундай ишни бошқа такрорламасликка сўз бердим. Ўшанда
қилган қилиғим туфайли икки кун чироқсиз ўтирдик, қандайдир носозлик юзага
келган экан. Гарчи шўхликларим шу билан ниҳоясига етмаган бўлса ҳам, шу-шу розеткага
яқин йўламайдиган, йўласам ҳам, кавламайдиган бўлганман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий