Ижодини мумтоз қўшиқчиликдан бошлаган Ҳилола Ҳамидовани мухлислар миллий эстрадада куйланган “Ошиқ йигит”, “Хайр, севгилим”, “Дуррача” каби қўшиқлар билан ҳам танишади. Лекин унинг энг оммалашган қўшиқларидан бири – “Севгисини айтолмаган қиз” маҳзун таронаси. Бу қўшиқни Ҳилоланинг “ташриф қоғози” деса ҳам бўлади.
– Айни пайтда телевидениеда айланаётган Маъмур Холмедов суратга тушган сўнгги клипингиз ўзгача сюжети билан томошабинлар эътиборига тушди. Клип ғояси ўзингизга тегишлими ёки клипмейкерга?
– Клип ғоясини ўзимиз ўйлаб юргандик. Бу тарона “Аразчи” деб номланади-ку, шунинг учун мавзуга мос тарзда аразчи ёр образини кўрсатишни ният қилгандик. Клипмейкер билан маслаҳатлашганимизда, у киши ўз фикрини билдириб, ўзгартириб юборди. Аслида, ҳар бир клипни суратга олишдан аввал барибир опам билан маслаҳатлашамиз. Фикримизни клипмейкерга айтамиз, у ҳам ўз фикрини билдиради. Шу тариқа клип ғояси яралади. Қолаверса, клип суратга олинаётган жараёнда турли ғоялар туғилади. Масалан, шу клип тасвирга туширилаётган жараёнда Маъмур Холмедов импровизация қилди. Клип ғояси съёмка жараёнида ҳам ўзгариб кетди. Бошқача ишламоқчи ҳам бўлгандик. Масалан, спорт залида суратга олмоқчи эдик. Ошхона фикри Маъмур акадан чиқди. Ҳазил маъносидаги енгил клип.
– Клип ўзингизга маъқул бўлдими?
– Биласизми, очиғини айтсам, клипларим ўзимга унчалик маъқул бўлавермайди. Клипнинг яхши чиқиши харажатига ҳам боғлиқ-да. Қанчалик кўп сарфласангиз, клип шунчалик бой чиқади. Тўғриси, бу клипга жуда кўп пул сарфлаганимиз йўқ. Баъзилар клипига роса катта харажат қилади-ку. Биз шароитдан келиб чиқиб, меъёрни сақлаймиз. Эҳтимол, катта пул сарфлаб, ғояни янада яхши пишитса, ҳаммага маъқул келадиган ўзгача клип яралар. Бу клипдан кўнглим тўлди деб айтолмайман-у, аммо актёрлик маҳорати жиҳатидан ўзимга унча-мунча маъқул келди. Мақсуд ака актёрлик қирраларимни очиб беришга ҳаракат қилди, талаб ҳам қилди.
– Актрисалик қобилиятимни кўрсата олдим демоқчисиз?
– Ўзимни кўрсата олдим, деёлмайман-у, лекин клипмейкер ёрдамида ҳаракат қилдим.
– Кинода суратга тушиш истаги туғилганми?
– Бошида унчалик хоҳламасдим, ҳамма ўз ишини қилгани маъқул деб ўйлардим. Лекин яхши, ўзимга ёқадиган сценарий бўлса, кинода суратга тушардим. Ўзим кўпроқ мелодрама жанрини маъқул кўраман.
– Таклифлар бўлдими?
– Бўлди. Бир режиссёр билан гаплашиб кўрдик, менга маъқул келмади. Қиз ҳалок бўлиши керак экан.
– “Севгисини айтолмаган қиз” қўшиғингиз ҳар томонлама кўпчиликка манзур бўлди. Шу қўшиқнинг муваффақияти нимага боғлиқ деб ўйлайсиз?
– Бу қўшиқнинг мусиқасини Абдуҳошим ака Исмоилов басталаб берганлар. Қолаверса, шеъри ҳам чиройли ёзилган, сўзлари теран маъноли. Қўшиқда севгисини айтолмаган қизнинг изтироблари тасвирланган. Бизда Шарқ қизларининг жуда кўпчилигида, ҳатто юз фоизида десам ҳам бўлади, севгиси армон бўлиб қолади. Мавзуси кўпчиликка яқин бўлгани, шеъри ва мусиқаси чиройлилиги учун ҳам одамларга манзур бўлди, шекилли.
– Биз сизни мумтоз қўшиқлар ижрочиси сифатида таниганмиз, лекин кейин бирданига эстрадага ўтиб кетдингиз. Бунинг сабаби?
– Бирданига ўтганим йўқ, ижодимни бошлаган пайтимдаёқ иккита йўлдан кетишни ният қилганман. Кўпчилик: “Нега эстрадага ўтиб кетдингиз?” деб сўрашади. Менда буни бошлаш қийин кечган, ҳозир кўпчилик ҳомий билан чиқяпти. Ўша пайтда менда маблағ, ҳомийнинг қўллаб-қувватлаши бўлмаган. Шунинг учун мумтоз қўшиқларни айтардим, эстрадада ҳам ижод қилардим, бу йўналишда айтилган қўшиқларим ҳам бор эди. Аммо унга клип олиб, айлантиришга маблағ йўқ эди. Шу боисдан бу йўналишни тўхтатиб туриб, асосан мумтоз қўшиқларни айтганман. Тўғриси, бу катта маблағ талаб қилмасди. Ўзим мақомда ишлаганман, у ердагилар мени қўллаб-қувватлашарди.
– Мумтоз қўшиқларни ҳали ҳам ижро этасизми?
– Албатта.
– Концерт бериш режангизда борми?
– 2011 йилда концерт беришни ният қилгандик, айрим сабабларга кўра амалга ошмай қолди. Насиб этса, 2012 йилда концерт қўйиш режамизда бор.
– Маълумки, маъмур сифатида ишларни опангиз бажарадилар. Бу сизга қулайлик яратса керак?
– Тўғри, биз бир-биримизни тушунамиз. Бошқа одамдан кўра. Бошида ҳамма ишларни бировнинг ёрдамисиз ўзим қилардим. Опам аввалдан ташкилий ишларни яхши бажарарди, шунинг учун кейин Андижондан чақириб олганман.
– Ҳозир ҳомийлар билан бирга ишлайсизми?
– Ҳомий йўқ, ўзимиз ҳаракат қиламиз.
– Фарзандингизни парваришлаш қийинчилик туғдирмайдими? Ҳар қалай, тўй-ҳашам, ижод дегандек... Ёки энага ёллаганмисиз?
– Ҳаммасига улгуриш қийин. Фарзандимни кўпроқ онамга қолдираман, яқин орада боғчага бермоқчиман. Энагаси бор эди, ҳозир нафақада (кулади).
– Рўзғор ишларида қандайсиз?
– Онам кичкиналигимиздан “Санъаткор бўласанми ёки бошқа соҳа одамими, қиз болага керак ишлар булар” деб рўзғор ишларининг ҳаммасини ўргатган. Уйни тоза тутиш, овқат пишириш, ҳатто нон ёпишгача (лекин тандирдамас, духовкада). Вақт бўлса, мендан яхши бека чиқса керак деб ўйлайман (кулади).
– Энг яхши тайёрлайдиган таомингиз қайси?
– Мошкичири.
– Машина ҳайдашни биласизми?
– Биламан, лекин тўлиқ эмас. Агар хоҳласам, ўрганиб оламан, лекин хоҳламаяпман. Дарс ҳам олдим. Аммо барибир бу эркакларнинг иши экан, деб ўйлайман. Рулга ўтиришдан қўрқаман. Айниқса, ҳозир машина кўп, ҳаракат тиғиз.
– Ҳозир қандай қўшиқлар устида ишлаяпсиз?
– Аранжировкага тўртта қўшиқ бериб қўйганман. Биттасини мен олдиндан тадбирларда айтиб юрардим. Қиз узатган оналар тилидан насиҳат тарзида айтилади. Аслида, насиҳат қилишни ёқтирмасдим, лекин буни эшитган оналар “шу қўшиқни ёздиринг” деб кўп гапиришарди. У пайтда ўзимга эп кўрмаганман. “Она тилидан айтиш керак, мен эса ёш қиз бўлсам, болам бўлмаса” деб. Мана энди вақти келди, шекилли, шу қўшиқни ёзяпмиз. Кейин шўх тароналар ҳам бор. Қолаверса, Иқбол Муҳаммаджонов билан ишлаяпмиз. Улар билан ҳам битта шўх қўшиқ тайёрлаяпмиз. Кейин... Ие, ҳаммасини айтмай қўя қолай-а (кулади)!
– Синфдошларингиз билан учрашиб турасизми?
– Бундан уч-тўрт йил аввал Андижонга бориб кўришиб турардим, лекин ҳозир кам учрашамиз. Гоҳида вақт топиш ҳам қийин. Тадбирлар, байрамлар бўлганда, бориб тураман.
– Мухлисларга тилакларингиз.
– Соғ-саломат бўлишсин. Оилавий бахт, фарзанд қувончи ҳаммага насиб қилсин. Юртимиз тинч бўлсин, ота-оналаримиз бахтимизга узоқ умр кўриб, ҳамиша дуогўйимиз бўлиб юришсин.
Қаҳрамон ҳақида маълумот
Туғилган вақти: 1978 йил 13 сентябрь
Туғилган жойи: Андижон вилояти
Буржи: паризод
Севимли қўшиғи: “Зуби-зуби”
Севимли қўшиқчилари: Зулайҳо Бойхонова, Насиба Абдуллаева
Севимли асари: “Телба”
Севимли ёзувчилари: Ф. М. Достоевский, Тоҳир Малик
Ёқтирган ранги: оқ ва қора
Севимли таоми: андижонча ош
Энг яқин дўсти: опаси ва онаси
Энг катта орзуси: онасининг орзуларини рўёбга чиқариш
Нимадан қўрқади: яқинларини йўқотишдан
Севимли актёр ва актрисаси: Дилбар Икромова, Беҳзод Муҳаммадкаримов
Шиори: Бахт осмондан ёғилмайди – унга эришиш учун ҳаракат қилиш керак.
(с) Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
2012 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий