пятница, 31 марта 2023 г.

“Энди ғамгин қўшиқлар куйламайман”


“Мажнунингман сени” қўшиғи билан мухлис орттирган Шербек Шодиевнинг “Уйқудаги гўзал” таронаси ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Шу боисми, энди хонанда асосан миллий эстрадада ижод қилмоқда. Ўзини актёр сифатида синаб кўрган хонанда яна қайси соҳаларга қўл уриб кўрмоқчи экан-а? Бу ҳақда суҳбатимизни ўқиб билиб оласиз. 

 — Яқинда “Мерсквич”фильмида ўзингизни актёр сифатида ҳам синаб кўрдингиз. Томошабинлардан қандай фикрлар эшитдингиз? Сиз учун бу қандай тажриба бўлди?

— “Мерсквич” — кинодаги биринчи ишим. Анчадан бери кинода суратга тушиш истагим бор эди. Фильм режиссёри менга сценарийни тақдим этганда, менга ёққан жиҳати шу бўлдики, миллий қадриятларимизга, ўзбекчиликка мос келаркан. Ота-онанинг фарзандига муносабати, уни уйлантириш, совчиликка бориш урф-одатлари менга ёққани учун рози бўлдим фильмда ўйнашга. Фильм қисқа фурсатда суратга олинди. Тахминан бир ой ичида. Умуман олганда, фильм ёмон чиқмади деб ўйлайман. Кинодаги дебютим сифатида ўйнаган ролим ўзимни қониқтирди. Кўпчиликдан яхши фикрлар эшитдим. Лекин фильмнинг рекламасига тўхталадиган бўлсак, унчалик реклама қилинмади. Реклама — ҳозирги пайтда замон талаби, шов-шув бўлмайди. Шунга қарамай, Алишер Навоий санъат саройида тахминан икки ойча намойиш қилинди. Бу яхши натижа. Ҳозир жса вилоятларда намойиш этиляпти. Яқинда режиссёр билан гаплашгандим, яхши кетяпти деди. Одамлардан фильм ва ролим ҳақида салбий фикрлар эшитмадим, мухлислар яхши қабул қилишди.

— Ундан кейин ҳам таклифлар бўлдими?

— Таклифлар бўлди. Сценарийси менга унчалик ёқмади. Бош қаҳрамон охирида ўларкан-да. Мен эса охири ўлим билан тугайдиган фильмда ўйнашни хоҳламасдим. Чунки баъзи санъаткорларнинг ижодини кузатсангиз, айтган қўшиғи ёки ўйнаган роли ўз ҳаётига таъсир қилган пайтлар ҳам бўлган. Шу боис ана шу нарсадан ҳимояланиш, эҳтиёт бўлиш мақсадида рози бўлмадим. Бундан кейин яхши роллар чиқиб қолса, ўйнаш ниятим бор албатта.

— Санъаткор ҳаётига айтган қўшиғи таъсир қилиши мумкин деяпсиз. Лекин сизнинг қўшиқларингизга эътибор берадиган бўлсак, аксарияти маҳзун...

— Тахминан 99 фоиз қўшиғим ўзимга таъсир қилган. Чунки ҳаётингиздан келиб чиқиб куйлайсиз ва ўша ҳолат бўлар экан. Лекин бундан кейин ғамгин қўшиқ куйламайман деб қарор қилдим. Мабодо маҳзун қўшиқ айтсам ҳам, бошқа бировнинг дардини куйлаб чиқаман, ўз ҳаётимга тегишли қисмларини эмас. Ўз ҳаётимнинг хурсандчилик дамларини куйлашга ҳаракат қиламан.

— Аммо бу чекланишга сабаб бўлиб қолмасмикин?

— Менимча, чекланишга сабаб бўлмайди, чунки ижодкор учун куйлашга арзийдиган мавзулар кўп. Излансангиз, албатта қизиқ мавзуни топасиз. Агар чекланиб қоламан деб иккилансангиз, албатта чекланиб қоласиз. Чекланмайман, имкониятларим жуда кенг деган ишонч билан ижод қилсангиз, муаммо бўлмайди, менимча. Масалан, ўзим миллий эстрадада ижод қиламан деб ўйламагандим. Ўзимни миллий эстрадада синаб кўриш ғояси хаёлимга келганидан кейин менда иккиланиш камлиги учун “Барибир миллий эстрадада ўз йўлимни топаман” деб, бирданига ишонч билан қадам қўйдим ва биринчи айтган қўшиғим — “Уйқудаги гўзал” кўплаб мухлисларнинг қалбидан жой олди. Ҳаттоки кучли промо бўлмаган, телеканалларда айлантирилмаган бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлиб, вилоятларда чекка қишлоқларгача етиб борди. Қаерга тўйга борсак, шу қўшиғимизда икки-уч мартадан сўрашади. Ҳатто “Айтасиз!” деб қисташади. Никоҳ тўйи бўлса, шўх қўшиқлар ижро этилиши керак-ку, оғир қўшиқлар бошида айтилади, деб ажабланаман. Йўқ, тўй ўрталарида ҳам келиб сўрашади. Ишқибозлар “айтиб беринг” деб қўйишмайди. Мухлисларнинг талаби билан ижро этаман. Ҳар бир тўйда икки-уч мартадан айтаман. Ундан кейинги қўшиғим “Ажойибсиз, ажойиб” бўлди. Буни бир марта “Озод-шоу”да айтиб чиқдим. Бир марта айтганимнинг ўзида одамларнинг кўнглига ёқди. Ҳар доим сўрашади. Шунинг учун яқинда ушбу қўшиққа видеоклип суратга олдик. Насиб қилса, тез орада телеканаллардан намойиш қилинади.

— Ўзим ҳам клипларингиз ҳақида сўрамоқчи эдим. Нима учундир клипларингизни кўп ҳам айлантирмайсиз.

— Дарҳақиқат, клипларимни кўп айлантирмайман, лекин энди, 2012 йилда рекламага кўпроқ эътибор бермоқчиман. Рекламасиз бўлмайди, бу — замон талаби. Шунинг учун рекламага вақт ажратиб, алоҳида режа тузиб, бу билан жиддий шуғулланиш керак. Ҳозирги кунгача ижодимдаги камчилик шу — реклама камроқ бўлгани эди. Бундан кейин, насиб қилса, бу камчиликни тузатамиз.

— Бу борада ҳомийлар кўмагига таянасизми ёки...

— Йўқ, ҳомий ҳозир шарт эмас. Ижоднинг бошида ҳомийга талаб бор эди, лекин ҳозир анча оёққа туриб олдик. Халқимизнинг эътибори билан, тўй-ҳашамларди хизмат қилиб. Ҳозир харажатлар ўзини оқлаяпти. Лекин ҳомий бўлса, йўқ демасдик (кулиб), аксинча, имкониятларимиз кенгайиб бораверади. Шунинг учун ҳомий бўлса, йўқ демаймиз, бўлмаса, ҳомийга қараб қолган жойимиз йўқ.

— Сизни рекламага суратга тушишга таклиф этишса...

— Йўқ демайман. Чунки юқорида айтганимдек, бу йил рекламага кўпроқ эътибор қаратмоқчиман. Рекламада суратга тушсам, бу мен учун ҳам реклама бўлади. Сиз шу реклама билан ҳар куни телевизор экранларида кўринасиз ёки кўчадаги баннерларда суратингиз осиғлиқ туради. Бу рекламанинг ўрнини қоплайди. Шунинг учун йўқ демайман. Яқинда Италия либосларини намойиш қилиб бир рекламада суратга тушдим.

— Реклама қилишингиз керак бўлган маҳсулот сизга ёқмаса-ю, катта пул таклиф этишса-чи?

— Тўғри, шундай бўлиши ҳам мумкин. Лекин мен агар ёқмаса, суратга тушмай қўя қоламан. Чунки сизга, кўпчиликка ёқмаган нарсанинг рейтингизга салбий таъсири бўлади. Шу боис бу жиҳатларини ҳам ўйлаш керак. “Ҳа, мен телевизорга чиқар эканман” деб ўзини уриш... Яқинда “Такси.уз” деган кўрсатувга таклиф қилишди, йўқ дедик. Негаки ошириб юборишади. Сиз аниқ биласизки, таксига чиқаётган йўловчилар йўловчи эмас, ёлланган йўловчилар. Россия эстрадасига ўхшатишмоқчи бўлишади-ю, лекин бу бизнинг ўзбекчилигимизга ёт нарса: ғийбат қилиш, уни, буни гапириш. Оилавий кўриб ўтирибмиз. Хўп, мен санъаткорман, оила аъзоларимнинг касби бошқа, бу уларга ҳам ёқмаяпти-да. “Шарт эмасди бунақа ёмонлаш, ахир улар ҳамкасб-ку” деган гапларни кўпчиликдан эшитдим. Гап бунда ҳам эмас. Энг асосийси, жонли эмас. Улар чиндан ҳам мухлис бўлса, бегона одам бўлса, сезгилар бошқача бўлади. Сохта бўлса, сохталиги билиниб қолади. Фақат бу кўрсатув эмас, яна бир-иккита кўрсатувга чиқишга рози бўлмадим. Ўзимга маъқул келса, суратга тушаман, бўлмаса, жуда ўзимни урмайман.

— Кўрсатувга бошловчи сифатида таклиф этишса-чи?

— Чиқаман, чунки бошловчиликка қизиқаман. Агар яхши, жиддий кўрсатув бўлса, йўқ демасдим. Боши, охири, кульминацион нуқтаси яхши бўлса, бошловчилик қилардим. Аммо оддий кўрсатувда чиқишни истамайман.

— Ўзингизда олиб чиқишни хоҳлаган қандайдир ғоялар борми?

— Олдин бор эди. Илгари бу ҳақда кўп ўйлардим, интилишим ҳам бор эди. Кейин ўйлаб қарасам, иккита қуённинг ортидан қувиб, иккаласига ҳам етолмаслик мумкин экан. Ҳозир қўлдан келганини қилган яхшироқ. Битта ишга вақт ажратиш керак. Кинорежиссёрликка қўл ургим келади. Сценарий ёзгим келади. Санъатнинг кўп қирраларида ўзимни синаб кўришни хоҳлайман. Ҳаммасини бошлаб қўйганман, лекин ҳозир қўшиқчиликни гуллатиб, мустаҳкамлаб олишим керак, қолганига кейин эътибор қаратса бўлади.

— Қўшиқ танлаётганда нималарга эътибор берасиз?

— Биринчи навбатда шеърига, мағзига эътибор бераман. Шоир нима демоқчи деб фикр қиламан. Шоирнинг фикрини англашга уринаман. Шоирнинг ўрнида ўзим нима дейишни хоҳлардим деб ўйлайман. Шу аснода оҳанг келади. Шу тариқа қўшиқ яралади. Яқинда Бобур Бобомурод шеъри билан битта қўшиқ басталадик.

Сенинг ишқинг яшар қалбим ичида,

Сенинг муҳаббатинг жоним ичра бор.

Айрилиқ кунида, ҳижрон кечида

Хаёлим ўзингга қайтаверар, ёр,

Юрагим исмингни айтаверар зор.

Бошида ўқиганда оддий туюлиши мумкин шеър, лекин илҳомланиб, шоирнинг дардини ҳис қилиб айтсангиз, оҳанг ўзи келади (қўшиқ сўзларини хиргойи қилади). “Зо-о-р”ни шунчаки “зор” деб кетишингиз мумкин. Мен буни ясолмайман, оҳанг ўзи келади. Илоҳий дейишади-ку. Мен бу гапга қўшиламан. Масалан, “Уйқудаги гўзал” ҳам шундай бўлган. Бобур Бобомурод қаламига мансуб. У шеърдан ўтиб кетдим, лекин яна негадир орқага қайтдим. Энг биринчи навбатда тингловчига янги, ҳеч кимникига ўхшамаган, бир хил бўлмаган нимадир беришингиз кераклигини ёдда тутишингиз керак. Ҳар доим қайтарилмайдиган нарса берсангиз, мухлисга янгиликдек туйилиб эшитади. Мен кўпроқ шу нарсага аҳамият бераман. Кейин мусиқа ўртасидаги соло чиройли чиқишига эътибор бераман. Булар битгач, қанча вақт талаб қилса, шунча вақт ижро устида ишлайман.

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

2012 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий