Наргизанинг
қалбини ларзага солган, дунёни кўзларига тор кўрсатган воқеа қуйидагича
кечди...
Наргиза
8-синф ўқувчиларига дарс ўтаётганди. Эшикнинг кутилмаганда шаҳд билан очилиши
берилиб шеър ўқиётган Наргизани ўша томонга қайрилиб қарашга мажбур этди.
Синфга жуда олифта кийинган баланд бўйли аёл кириб келди. Наргиза бу шаддод,
шаллақи аёлни дарров таниди. Гарчи унинг синфга индамай-нетмай кириб келиши
Наргизага ёқмаган эса-да, аёлга ноилож мулозамат қилди.
— Ассалому
алайкум, опа. Келинг...
Наргизанинг
оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Аёл унинг саломига алик олишни ҳам,
гапини охиригача тинглашни ҳам лозим кўрмай, ғазабли кўзларини чақчайтирганча
шанғиллаб деди:
— Менга қара,
сен ўзи неча ёшдасан?! Қаерни битиргансан?
Бундай ўринсиз
саволдан, аёлнинг менсимай сенсираб гапиришидан Наргиза эсанкираб қолди.
Тутила-тутила жавоб берди:
— Йигирма
икки ёшман. Пединститутни битирганман...
—
Битирганинг ўша пединститут экан-у, намунча кеккаясан?! Нимангга ишонасан?!
Наргиза
кутилмаган бу бемаъни саволга нима деб жавоб берсин? Ўзига тикилиб ўтирган ўқувчиларига
кўзи тушиб, гуноҳ иш қилиб қўйгандек, қизариб кетди у.
— Опа, бу
ерда дарс кетяпти. Гапингиз бўлса, ташқарига чиқиб гаплашайлик.
Аёлнинг фиғони
фалакка ўрлади. Баттар ловуллай бошлади.
— Нега энди
ташқарида гаплашарканман?! Шу ерда гаплашамиз. Сен менга буйруқ бермагин!
Наргиза уни
инсофга чақиришга уринди:
— Мен сизга
буйруқ бераётганим йўқ. Беролмайман ҳам. Ёшингиз мендан катта. Мен сизга тўғриликча
тушунтиряпман, холос. Ҳатто илтимос қиляпман...
Аёл инсофга
келмади.
—
Илтимосингни пишириб егин!
Наргиза ҳақоратларга
ортиқ чидолмади.
— Оғзингизга
қараб гапиринг. Бу ер сизнинг уйингиз ёки истаган гапингизни гапирадиган жой
эмас, мактаб! Хоҳлаган гапингизни гапиришга ҳақингиз йўқ. Бунинг учун сизга ҳеч
ким ҳуқуқ бериб қўймаган.
Аёл ниҳоят
мақсадга ўтишни маъқул кўрди.
— Сиз қизимга
хўжайинлик қилманг, — деди бирдан сизлашга ўтиб. — Қизим формани эмас, ниманики
хоҳласа, ўшани кияди.
— Қизингизнинг
ҳеч кимдан ортиқ жойи йўқ. Қонун-қоида ҳамма учун баробар. Ҳамма ўқувчилар
кияди, — деди Наргиза ўзини бирмунча босиб олиб. — Нега сизнинг қизингиз
киймаслиги керак?!
— Менинг қизим
ҳамма эмас, — “бўш келиш”ни хаёлига келтирмасди аёл. — Ҳамма кийса-кияверсин,
лекин менинг қизим киймайди. Мен унга чет элдан қанча-қанча кийим опкелиб
берсам-у, қаёқдаги мактаб формасини киярканми у?! Бўлмаган гап!
Наргиза
аёлнинг аҳмоқлигидан ранжиди.
— Опкелган
кийимларингизни киймасин, деётганим йўқ. Кияверсин, фақат мактабга эмас.
— Нега
энди?! Мактабдан бошқа қаерга
кияди?! Ўртоқларига кўрсатгиси келади қизимнинг. Айнан мактабга кийиши керак.
— Нега
тушунмайсиз?! — Наргиза бўғилиб кетди. — Мактабнинг ўз қонун-қоидалари бор. Бу қоидага
ҳамма бирдек амал қилиши зарур. Сизнинг қизингиз ҳам бундан мустасно эмас.
Аёл унинг
гапларига эътибор бермади. Бошдан-оёқ Наргизага разм солиб чиқди-да, бурнини
жийирди.
— Ўқувчилар
формадан бошқа кийим киймаслиги учун жон куйдиришларингизнинг сабабини энди
тушундим. Арзимаган ойликка тузукроқ кийим олиб бўлармиди?! Ололмайсизлар. Шунинг
учун ўқувчиларингиз сизлардан яхшироқ кийиниб юришидан қўрқасизлар. Ўзингизнинг
ҳам бундай кийимларга қурбингиз етмаса керак. Эҳтимол, қизимга ҳасад ҳам қилаётгандирсиз...
— Бас қилинг!
— Наргиза бақириб юборди. — Нималар деб валдираяпсиз?! Оғзингизга келган гапни қайтармай
гапираверасизми?!
Шу дам қўнғироқ
чалиниб қолди. Индамай ўтирган болалардан ҳануз садо чиқмасди. Улар учун
“томоша”нинг давоми қизиқ эди. Наргизанинг уларга қарагиси келмади. Нима деган
одам бўлди энди?
Ўқувчилар
кейинги дарсга кечга қолишлари мумкинлигини ўйлаб зўрға чиқиб кетишди.
Наргиза
аёлга тик боққанча — унинг кўзларида нафрат, алам, ғазаб қоришиб кетганди —
секин, аммо таҳдидли оҳангда деди:
— Тезроқ бу
ердан чиқиб кетинг!
Аёл яна бир
нима демоқчи эди, Наргиза ўшқириб берди:
— Жўнанг
деяпман сизга!..
Аёл шанғиллаганча
синфдан чиқиб кетди. Наргизанинг обрўсини, қадр-қимматини ер билан битта қилиб,
қалбини яралаб чиқиб кетди.
Наргиза
ортиқ дарс ўтолмади. Директорнинг ёнига тушди. Директор заҳаргина аёл эди,
негадир бу гапларни эътиборсизгина тинглади. Сўнг бир талай насиҳатлар қилиб, “ҳали
бундай кўнгилсизликларнинг кўпини кўришга тўғри келишини, арзимаган нарсага сиқилиш
керакмаслигини, унинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаслигини” айтиб, Наргизани
хонасидан чиқариб юборди.
Наргиза
хонадан чиқиб кетаркан, кўнглидан бир олам аламли саволлар ўтди: “Ҳақорат
халтасини индамай кўтариб кетавераманми?! Бутун синф олдида обрўим бир пул бўлди.
Шунча гапдан кейин ўқувчиларим мени ҳурмат қилишармиди? Энди бу ерда ишлай
оламанми? Қандай чора бор? Нима қилай? Касбимдан воз кечайми ё қадр-қимматимдан?”
Нодон бир
хотиннинг аҳмоқлиги туфайли эътиқоди, қалби, қадри топталган Наргиза тун бўйи
ухлолмай чиқди. Тонгга яқин узил-кесил бир қарорга келди. У обрўси тўкилган
жойда ортиқ ишлолмаслигини тушунди...
2002 й.
(с)
Комила НОСИРОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий