среда, 23 июля 2014 г.

Сени севаман, ҳаёт!


Юракда туйғулар тўфони тинмас,
Кўзларда порлайди ажиб ҳиссиёт.
Кўнгилда умиднинг чинниси синмас,
Мен сени севаман, севаман, ҳаёт!

Қайғулар, аламлар — ўткинчи бари,
Сиқилган дамларда топилур нажот.
Ҳеч қачон ёпилмас умид дафтари,
Мен сени севаман, севаман, ҳаёт!

Хасталик чалолмас оёғимдан, йўқ,
Биламан: олисдир, олисдир мамот.
Бу қалбда ўчмайди умид деган чўғ,
Мен сени севаман, севаман, ҳаёт!

Орзулар бўстони руҳимга таниш,
Орзулар бағишлар руҳимга сабот.
Умидим бўстони қуримас янглиш,
Мен сени севаман, севаман, ҳаёт!

Муҳаббат гулхани дилимни ёқар,
Вужудим аллалар сеҳрли баёт.
Томирда умидлар қон бўлиб оқар,
Мен сени севаман, севаман, ҳаёт!
 

(с) Комила НОСИРОВА

1 комментарий:

  1. Бу шеър мен учун қадрли. Мен ҳурмат қилган бир инсонга ёққани учун ҳам.

    ОтветитьУдалить