пятница, 10 октября 2014 г.

Қизнинг қиймати


Бир куни икки денгизчи дунё бўйлаб сафарга чиқишди. Бахтларини топиш учун. Бир оролга келишди. У ердаги қабила сардорининг иккита қизи бор эди. Каттаси — соҳибжамол, кичиги — унчалик эмас.

Бир денгизчи иккинчисига деди:

— Бўлди, мен ўз бахтимни топдим, шу ерда қоламан ва сардорнинг қизига уйланаман.


— Сен ҳақсан, сардорнинг катта қизи чиройли, ақлли. Тўғри қарор қабул қилибсан — уйлан.

— Сен мени тушунмадинг, дўстим! Мен сардорнинг кичик қизига уйланаман.

— Эсингни едингми? Ахир, у... унчаликмас-ку.

— Бу менинг қарорим, шундай қиламан ҳам.

Денгизчи бахт излаб сузиб кетди, куёвликка даъвогар эса қизга совчи бўлиб борди. Қабилада келин учун қалинни сигир билан бериш анъанага айланганди. Яхши келин ўнта сигирга муносиб эди. Денгизча сардорнинг ёнига ўнта сигир етаклаб келди.

— Сардор, мен қизингга уйланмоқчиман, унинг учун ўнта сигир бераман!

— Яхши танлов. Катта қизим чиройли, ақлли, ўнта сигирга лойиқ. Розиман.

— Йўқ, сардор, сен тушунмадинг. Мен кичик қизингга уйланмоқчиман.

— Ҳазиллашяпсанми? Кўрмаяпсанми, ахир у... унчаликмас.

— Мен айнан унга уйланмоқчиман.

— Яхши, унда мен ҳалол одам сифатида ўнта сигирни ололмайман, у бунга арзимайди. Унинг учун учта сигирни оламан, ортиғи керакмас.

— Йўқ, мен айнан ўнта сигир бермоқчиман.

Денгизчи сардорнинг қизига уйланди.

Йиллар ўтиб, денгизчининг сафардаги дўсти уни кўришни истаб қолди. Кемасида сузиб келди. Соҳилда чиройли хотинга дуч келди.

У аёлдан дўстини қандай топишни сўради. Аёл кўрсатди. Келиб кўрса: дўсти ўтирибди, ёнида болалари чопиб юрибди.

— Қандай яшаяпсан?

— Бахтлиман.

Шу пайт соҳилдаги чиройли аёл кириб қолди.

— Мана, таниш. Бу менинг хотиним.

— Қанақасига? Сен яна уйландингми?

— Йўқ, бу ўша аёл.

— Лекин у қандай қилиб шунчалик ўзгариб кетди?

— Унинг ўзидан сўраб кўр-чи.

Дўсти аёлнинг ёнига бориб сўради:

— Қўполлигим учун кечирасан, аммо эсимда қолгани шуки, сен... унчалик эмасдинг. Нима бўлди? Қандай қилиб бунчалик гўзаллашиб кетдинг?

Шунчаки, бир куни ўнта сигирга муносиблигимни тушундим.

СЕВДОРА таржимаси.

Комментариев нет:

Отправить комментарий