пятница, 13 ноября 2015 г.

Тирикчилик “қурбони”


Бу аёл, аниқроғи, кампир ҳақида ёзиш мен учун бироз қийин. Негаки, у менга бир неча йил таълим берган. Демакки, устозим ҳисобланади. Аммо уни устоз дегим келмайди сира. Кўрганимда, энсам қотарди. Сабаби...
Тўққизинчи синфни битиргач, касб-ҳунар билим юртига ўқишга кирдим. Гуруҳда қизлар жуда кўп эди. Баъзилари олифта, баъзилари камтар. Ҳаммасининг ўзига яраша фазилатлари бор. Кўп ўтмай барчаси билан чиқишиб кетдим.
Аммо гуруҳимизга раҳбар этиб тайинланган хотин (унинг ёши олтмиш бешларда эди) бир менга эмас, кўпчиликка маъқул келмади. Унинг шу ёшда нафақага чиқмай, ҳалиям ишлаб юргани ғашимни келтирди негадир. Айрим қизлар истеҳзо билан кулиб қўйишди: “Болалари боқолмаётгандир-да! Тирикчиликнинг айби йўқ!” Эҳтимол, бу тахминимиз тўғри бўлгандир.
Ўқишнинг биринчи куниёқ устозимиз бизга хонани, яъни бизга бириктирилган, ағанаб кетишга тайёр бўлиб турган партасию чанг босиб ётган стулларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ хонани жиҳозлаш тўғрисида гап очди. Унинг муғомбирона кулиб турган кўзлари менда ёқимсиз таассурот уйғотганди ўшанда. Ҳар биримизга алоҳида эътибор билан қараркан, ниманидир текшираётгандек кўзлари олазарак эди.
 — Худо хоҳласа, — дея гап бошлади у айёрона жилмайиб, — хонани ҳамманикидан зўр қилиб қўямиз. Супурги, хокандоз, парда оламиз. Озгина ремонт қиламиз. Гуруҳимизда шунча қиз бор-ку!..
Устозимиз берилиб гапираркан, энсам қотиб тинглардим. “Оббо! Келмасимиздан пулдан оғиз очди-ку! Ҳали бизни роса “соғса” керак бу кетишда!” Назаримда, қизларнинг кўпчилиги шундай хаёлга борди.
Тахминим тўғри экан. Кўп ўтмай устозимизнинг “йиғ-йиғ”лари бошланди. Ҳали супурги, ҳали парда. Хуллас, пул бўлса бас, баҳона топилаверади. Устозимиз биз ўйлагандан анча “меҳрибон” чиқиб қолди. Бир ой ўқимасимиздан бизга китоб сотиб олишни таклиф қилиб қолди.
— Китобсиз қийналиб қоласизлар! — деди у муҳим янгиликни айтаётган каби. — Бу соҳада ўзбекча китоблар жуда кам. Мен бир танишим билан гаплашиб қўйдим. Сизларга топиб берадиган бўлди. Бозордагидан анча арзон нархда бермоқчи. Олсанглар, ютқазмайсизлар. Барибир, бу нархга китоб топиб бўлмайди!..
Устозимизнинг маслаҳатлари билан ҳаммамиз ўша китобдан сотиб олдик. Китоб ўлгур ҳам атиги эллик варақдан иборат бўлиб, қоғозлари қоп-қора, сифатсиз эди. Пулимиз куйганини тушунсак ҳам, ҳеч биримиз эътироз билдирмадик.
Шундай қилиб, раҳбаримиз бизни ўйлаб, жуда жон куйдирадиган, “фидойи”лардан эди. Биринчисини индамай сотиб олганимиздан сўнг устозимиз яна янги-янги китобларни таклиф қила бошлади. Биз унинг гапларига ишониб, олаверардик ҳаммасини.
Бир куни китоб дўконига ишим тушиб қолди. Дугонам билан териб қўйилган барча китобларни кўздан кечириб борарканмиз, устозимиз бизга “Ҳеч қаердан бу нархга тополмайсизлар!” дея сотган китобини кўриб қотиб қолдим. Дугонам менга қарайди, мен унга. Бизнинг таажжубимизга сабаб шу эдики, китоб биз олган нархдан анча, яъни икки баробар арзон тураркан. Ўша онда “меҳрибон” устозимиз бизни алдаганини тушуниб қолдик. Раҳбаримизга нисбатан ўшанда дилимда нафратгами, ижирғанишгами ўхшаш туйғу уйғонди.
Табиий, бу воқеадан кўп ўтмай ҳамма қизлар огоҳ бўлди. Аммо ҳеч ким бу ҳақда устозга гапиришга журъат этолмади. Чунки унинг феълини барча яхши биларди. Ўчакишиб қолса, баҳоларни пасайтириб қўйишидан чўчирди кўпчилик. Гуруҳимиз сардори эса, унинг ёнини олди.
— Арзимаган уч-тўрт сўм деб энди ўқитувчи билан талашиб юрамизми? Китоб сотиб олган бўлсак, нима бўпти? Ўзимизга керак-ку!..
Шу-шу ҳеч ким ҳеч нарса демади раҳбарга. Аммо мен уни аллақачон ёмон кўриб қолгандим. Унинг гапларини эшитган сари шубҳаларим кўпайиб бораверарди: “Яна ниманинг илинжида экан бу хотин?”
Шундай қилиб, йиллар ўтиб борарди. Устозимизнинг янги-янги “қилиқлари” асабимизга қанчалик тегмасин, қарши чиқишга чўчиб юрардик.
Ҳаш-паш дегунча билим юртини битирадиган пайт ҳам келиб қолди. Диплом олганимизни “ювиш”ни истардик. Аммо қизлар билан келишиб, катта зиёфат қилиб ўтирмасдан, бирор қаҳвахонага бориб ўтирмоқчи бўлдик. Ўқитувчимизга эса, оз-оздан пул йиғиб, эсдалик учун у-бу совға қилишга қарор қилдик. Аммо раҳбаримиз бизнинг бу қароримиздан бехабар, ҳаммамизни тўплаб, мақсадини ошкор этди:
— Билим юртини битириб кетяпсизлар. Шунга бирор нарса қилиш керак, менимча. Ҳамма ўқитувчилар айтяпти “Бу гуруҳдагилар жуда пулга пишиқ экан!” деб. Аввалги битирувчилар кетаётиб зиёфат қилиб берарди-да ҳаммага!..
Бу гапдан барчамизнинг оғзимиз очилиб қолаёзди. Раҳбаримизнинг сурбетларча биздан “стол” талаб этаётганидан сездикки, ўзига ҳам нимадир таъма қиляпти. Жаҳлимиз чиқса-да, кетар чоғимизда кўнгилсизлик бўлишини истамаганимиз боис, ортиқча гап-сўз қўзғамадик. Ўқитувчимизнинг нафсини қай даражададир қондирадиган совға олдик. Аммо ҳеч бир қиз устоз билан хайрлашаётиб илиқ гап айтмади. Бошқа ўқитувчиларнинг олдида раҳбаримиз анча ноқулай аҳволга тушиб қолганини кўрсак-да, бирортамиз ачинмадик.
Билим юртини битиргач, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, қизлар деярли кўришмай қўйдик. Ҳар кимнинг ташвиши ўзига етарди.
Бир санъаткор билан учрашиб, ишга анча кеч боришимга тўғри келди. Шоша-пиша бекатга келиб тўхтаган троллейбусга чиқдим. Эшиклар ёпилмаёқ, таниш овоз қулоғимга чалинди.
— Вой, бу менинг қизим-ку!..
Ажабланганча ён-веримга қарарканман, тўғримдаги ўриндиқда ўтирган кампирга кўзим тушиб, юрагим шувиллаб кетди. Бу ўша мен ижирғанган, нафратланган гуруҳ раҳбари эди! У эса мени кўриб, астойдил сўраша кетди. Унинг саволларига истар-истамас жавоб берарканман, бу ерларда нима қилиб юрганини сира тушунолмасдим. “Устозим” ўзи изоҳ бериб қолди:
— Ўғлимнинг ишлари юришмаяпти ҳеч. Келиним ҳам расво-да! Участкани сотишга мажбур бўлдим. Пулига иккита квартира олдик. Бирида ўғлим хотини билан, бирида мен синглим билан бирга яшаяпман... — деди у йиғламсираб. — Устига-устак, нафақага чиққанман... Ўғлим рўзғорни бут қилолмаяпти. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Қари бўлсам!.. Шу ёшда пул топиш ўзи эмаскан... Битта ўзим сиқилиб ўтираман. Қизларга айтинг, жуда соғиндим. Келишса, роса хурсанд бўлардим... Тўпланинглар...
Устоз менга тақдири қаролигидан, тирикчилик қурбони бўлаётганидан, бизларни соғинганидан, қариб, ҳеч кимга кераги бўлмай қолганидан обдан ҳасрат қилди. Манзилини, телефон рақамларини айтди. Мен ёзиб олмадим. Чунки барибир кўришга бормаслигимни билардим.
У билан хайрлашарканман, негадир енгил тортдим. Лабларим беихтиёр пичирлади: “Тирикчилик “қурбони”!..”
(с) Комила НОСИРОВА.
2003 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий