среда, 18 ноября 2015 г.

Суянган тоғинг қуламасин...


Одам суянган кишисини йўқотса, жуда ёмон бўларкан. Салима хола ҳам яккаю ягона ўғли Маъруфнинг ўлимидан сўнг довдираб қолди. Дардини кимга айтишни билмай дуч келган одамга жавдираб қарайди, юпанч излайди. Бироқ унинг дардига малҳам бўладиган, оғирини енгил қиладиган одам топилмади. Қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиб туришди. Аммо ҳар кимнинг ташвиши ўзига етиб ортаркан, чоғи, бир ҳафталар ўтгач, улар ҳам оёқларини узишди.
Қариндошлар ҳақида-ку, гапирмасаям бўлаверади. Ҳол сўрашади-ю, дарров жуфтакни ростлаб қолишади.
“Ён қўшни — жон қўшни”, деб бежиз айтишмаган экан. Шундай оғир кунларда Салима холанинг кунига тўғридаги қўшниси Муҳайё яради. Ишга кетмасдан аввал ҳам ҳол сўрайди, ишдан келгач ҳам. Кечқурун овқат тайёрлаб, бир косасини ҳамсоясига илинади. Салима хола ундан миннатдор бўлса-да, ёлғиз ўғлининг ўлимидан сўнг девонаваш бир кўйга тушиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўйганди. Муҳайёнинг зўри бўлмаса, қошиқни қўлга оладиган ҳоли йўқ. Косага маъносиз термулганча соатлаб ўтираверади, қўйиб берсангиз.
Муҳайё аёлнинг дардини тушунгани учун оғиз очиб бирор нима дейишга чўчийди. Кўнглига озор етказиб қўйишдан қўрқади. Салима холанинг мунгли кўзларига кўзи тушиб қолганда, ўзини айбдордек ҳис этади. Нима қилиб бўлсаям, шу аёлга ёрдам бергиси келади. Аммо на сўз, на ҳаракати билан холанинг дардини енгиллата олишига кўзи етиб, баттар ўртанади.
Салима хола икки хонали квартирада ёлғиз ўғли Маъруф билан яшарди. Йигит энди институтни битириб, ҳарбий хизматга кетиш арафасида юрганди. Онаси билан жуда тотув, меҳрибон эди. Уйда қиз бола йўқлиги учунми, ҳамма ишга киришиб кетар, онасини иложи борича уринтирмасликка ҳаракат қиларди. Қўни-қўшнилардан ҳам ийманмасди: бир қараса, супурги, латта кўтариб уйларни тозалар, бир қараса, овқат пишираётган бўларди. Бу ҳеч кимга эриш туйилмасди. Аксинча, Маъруфни ҳамма алқар, дуо қиларди: “Барака топсин, бола дегани шунчалик бўлади-да! Онасини қанчалик иззат қилишини кўринг!” Салима хола шунга ўхшаш гапларни эшитганда, “Худойимдан ўргилай!” деб мамнун кулиб қўярди.
Умуман, холанинг ҳам, ўғлининг ҳам бировга озори етмаган. Одамларнинг ҳожатини чиқаришни фарз ҳисоблашарди улар. Маъруфни куёв қилиш истагида юрганлар ўзлари яшаётган кўп қаватли уйда ҳам топиларди. Ўзиям куёв қилса арзигулик эди-да! Бўй-басти келишган, қош-кўзлари қоп-қора, қарашлари ўктам йигит эди. Салима хола уни жонидан ҳам ортиқ яхши кўрар, эридан кейин ёлғиз шунга таяниб, суяниб яшаётганди. Кутилмаган фалокат холани боридан айирди. У ўғли учун яшаётганди. Энди кимга суянишни, нима қилишни билмай қолди. Ҳувиллаган уйда ёлғиз ўзи!..
Кунлар ўтарди-ю, Салима холанинг чиройи очилмасди. Уни кўрган одам эллик эмас, олтмиш ёшга кирган кампир деб ўйлаши табиий эди. Сочлари бир неча кундаёқ оппоқ оқариб, юзларидаги ажинлари янада кўпайди. Нигоҳларидаги илгариги меҳр-муҳаббат ўрнини мунг, чексиз ғусса эгаллади. Қарашлари аллақандай бефарқ одамнинг боқишларини эслатарди. Муҳайё неча йиллар ёнма-ён яшаб, онасидек кўргани, қолаверса, дардини чуқур ҳис этгани учун холага ёрдам беришни истарди. Ниҳоят, келин уни эзгин хаёллар бағридан халос этиш йўлини топгандек бўлди.
Салима хола болаларни жуда яхши кўрарди. “Ўғлимни тезроқ уйлантирсайдим, мен ҳам неварали бўлардим. Мевасидан мағзи ширин, деб боқиб ўтирардим боламнинг болаларини!” деб кўп гапирарди. Бировнинг боласи йиғлаб турганини кўрса ҳам, индамай кетолмасди. Онасига эътибор бермай, овутишга тушарди. Домдаги келинлар пастга тоза ҳавода ўтириб, бирпасга чақчақлашгани тушса, албатта, Салима холани чақиришарди. Чунки хола болаларни ўйнатиб ўтирарди-да. Ажабланарлиси, онасининг қўлида йиғлаб турган бола унинг қўлига ўтиши билан жим бўлиб қоларди. Холанинг аллақандай сеҳри борга ўхшарди. Келинчаклар ҳам “Холажон! Жудаям меҳрибонсиз-да! Сиздек қайнонам бўлгандами, ўлсам ҳам алоҳида яшашга кўнмасдим!” дейишарди. Салима холанинг ярим кўнгли бу гаплардан тоғдек кўтарилиб кетар, мақтовларга жавобан шунчаки жилмайиб қўярди.
Холанинг жилмайиши ҳам, бировга озор етказишдан чўчигандек паст овозда сўзлашлари ҳам ўта самимий эдики, одамлар беихтиёр унга мафтун бўлиб қолишарди. Уни ҳурмат қилмаган қўшни йўқ эди. “Бу аёлнинг фариштаси бор-да! — дейишарди улар ҳайрат ва ҳавас билан. — Бирам фаришталики, ёнидан кетгинг келмайди”.
Афсуски, шундай фариштали хола ёлғизгина ўғлидан жудо бўлиб, бутун дунёни унутиб қўйди. Аммо вақт ўтиши билан уйда бир ўзи зерика бошлади, шекилли, кўчага чиқиб ўтирадиган бўлди. Келинчаклар унинг кўнглини кўтариш илинжида ширин сўзлашга уринишарди. Салима хола уларнинг гапига умуман эътибор бермасди. Унинг хаёли бошқа жойларда кезиб юргандек эди. Аммо болаларга бўлган меҳр унинг кўнглини тарк этмаганди. Бирорта келинчакнинг боласини кўтариб ўтириб, бир оз бўлса-да, дардини унутарди. Бола билан қўшилиб ўйнарди.
Бир куни ишдан қайтаётган Муҳайё холанинг қўшни болани кўтарганча, жилмайиб ўтирганини кўрди-ю, дардига нима дармон бўлишини тушунди. Эри билан маслаҳатлашгач, икки ярим ёшли ўғлини Салима хола тарбиясига топширишга келишишди. Муҳайё илгари ҳам иши чиқиб қолганда ўғлини холага бир неча марта ташлаб кетганди. Болакай хола билан тил топишиб, ўрганиб қолганди. Салима хола ҳам кичкина Алишерни роса мақтарди:
— Ўғлингиз бирам ширин болаки, қизим, кўз тегмасин илойим! Гапиришларини эшитинг буни. Тилидан айланай ўзим! Қўйиб берсангиз, эрталабдан кечгача бўлса ҳам, ўтираверардим бу ширинтой билан! Мен қачон невара кўриб, қачон эркалатаман?!
Хуллас, Муҳайё ўғлининг тарбиясини шу аёлга топширишга қарор қилди. Салима хола бу гапни эшитгач, севиниб кетди. Алишерни ўз неварасидек кўриб, меҳр қўйишга улгурганди. Болалар билан ўтириб, дардини унутишига ўзи ҳам умид қиларди.
Алишерни холанинг қўлига топширган Муҳайёнинг кўнгли анча таскин топганди. Зеро, Салима хола бола билан андармон бўлиб, Маъруфнинг ўлими тўғрисида камроқ ўйлайдиган, бор вақти, эътиборини Алишерга қаратишни мақсад қилиб қўйганди.
— Муҳайёхон, сиз менга болангизнинг тарбиясини ишониб топширдингиз. Бу қанчалик муҳим вазифалигини биламан. Кўнглингизни тўқ қилаверинг. Ўғлим раҳматлига қандай тарбия берган бўлсам, Алишержонга ҳам худди шундай, ундан ортиқроқ бераман, — деди хола ишонч билан.
Кунлар ўтарди. Алишер Салима холаникида кун бўйи ўтирар, у билан ўйнар, уникида ухларди. Энди болакай қўшни хотинни “хола” деб эмас, “бувижон” деб атай бошлаганди. Бир кун кўрмаса, соғиниб, “Бувимникига чиқаман!” деб хархаша қиларди.
Салима хола сира эринмас, Алишерни ҳали у ёққа олиб борар, ҳали кўчаларни айлантириб келар, олган нафақасига қуртми, музқаймоқми олиб берарди. У ҳатто болага энагалик қилгани учун Муҳайё тўлайдиган иш ҳақини ҳам рад этганди. Бироқ жувон бунга кўнмаганди. “Холажон, мен сизга хизмат ҳақингизни бераман-ку! Нега ийманасиз?” Аммо Салима хола ундан пул олишни хоҳламасди. “Агар жуда кўнглингиз бўлмаса, бир-икки минг берсангиз, бас. Қари одамга ортиқча пулнинг нима кераги бор?! Нафақам етиб турибди менга”, дерди ўжарлик қилиб.
Салима холанинг тарбияси Алишерга таъсир қилаётгани аниқ эди. Бола ота-онасини кўриши билан, қўлини кўксига қўйиб салом берар, чучук тилини намойиш этганча ҳол сўраган бўлар, хуллас, ақлли болага айланганди. Муҳайё ўғлини холага берганидан заррачаям афсусланмади. Аммо ўзи она бўла туриб, ўғлига қўшни хотинчалик эътибор беролмаётганидан эзилиб кетди.
“Ойи, менга эйтак айтиб бейасми?” дерди Алишер онаси каравотга ётқизиши билан. Муҳайё нима дейишни билмай, “Эртага айтиб берарман. Бугун роса чарчадим”, дер, аммо ўзини жудаям ғалати, ёлғончидек сеза бошларди. “Ойи, бувим-чи, менга ҳай куни эйтак айтиб бейадила!” дерди Алишер оғзини тўлдириб. Муҳайё ўғлига бирпас қараб турарди-да, “Эртага албатта эртак айтиб бераман!” деб ўзини ҳам, боласини ҳам ишонтириб чиқиб кетарди. Аммо эртаси куни... кундалик ташвишларга шўнғиб, бирорта эртак ўқиб олиш яна хаёлидан кўтариларди. Алишер ойисидан эртак айтиб беришни сўраш бефойдалигини тушундими, бора-бора бу ҳақда умуман гапирмай қўйди. Энди у ҳар куни “севимли бувижониси” билан нима ишлар қилганини, қандай ўйинлар ўйнаганини гапириб берарди. Муҳайё ўғлининг завқ-шавққа тўла ҳикояларини тинглаб ўтираркан, боласини рашк қила бошларди. Аммо буни тан олишни умуман истамасди.
Салима хола эса, Алишер ота-онаси билан уйига кириб кетгач, яна ёлғиз қолиб зерика бошлар, нима иш билан машғул бўлишни билмай, бир унга уриниб кўрарди, бир бунга. Аммо кўнгли сира хотиржам бўлмас, бир нимасини йўқотиб қўйгандек ўзини қўярга жой тополмай қоларди.  Телевизорни ёқарди-да, бир зум ўтмай яна ўчирарди. Радионинг қулоғини бурарди-ю, хаёли бошқа жойга учиб, сухандонларнинг нима деб жон куйдираётганини англолмасди. 
Кун ўтган сари Салима хола болага тобора қаттиқроқ боғланиб қолаётганини ҳис этган, аламларини унутгандай эди. Айниқса, дам олиш кунлари уйда ўтириб зерикиб кетар, Алишерни кўчада айлантиргиси келаверарди.
Салима хола бир-икки марта якшанба куни ҳам Алишерни уйига олиб чиқиб кетди. Боланинг ўзи ҳам “бувижониси”ни соғиниб турган экан, кўриб севиниб кетди.
— Ана, бувим келдила! Мани кўчага опчиқалла!..
Муҳайёнинг ранги ўчиб кетганини Салима хола сезмади. Болани кўтариб олганча, эринибгина (келинга шундай туйиларди) ҳол сўрарди-да, пастга тушиб кетарди. Эрига маъноли қараб қўйган Муҳайё алам билан лабларини тишларди-ю, ўзи пиширган ошни айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичиши кераклигини ўйлаб, миқ этолмасди. Аммо унинг тоқати тоқ бўлиб бораётганди. Алишернинг ота-онасига эмас, етти ёт бегонага қаттиқ боғланиб қолгани онага алам қилаётганди. “Нега ўғлим мени кун бўйи кўрмаса ҳам соғинмайди-ю, бу хотиннинг ёнидан бир зумга жилса ҳам, кўргиси келаверади? Нега менга ё отасига эмас, айнан Салима холага интилади? Ахир мен ёмон она эмасман-ку! Болам деб, шунинг келажагини ўйлаб ишлаб юрибман-ку! Бу аҳволда кетадиган бўлса, ўғлим мендан умуман совиб кетса керак... — ўйларди Муҳайё Салима холага ёпишиб олган Алишерга қараб туриб. — Боламни бу хотинга бериб хато қилганга ўхшайман. Ахир унинг фарзанди ўлган... Менинг ўғлимга меҳр қўйиб қолса, кейин ажратиб олишим қийин бўлади. Яхшиси, ҳаммасини ҳозирдан тўғрилаш керак. Йўқса, ўз ўғлим ўзимга бегона бўлиб қолади...”
Муҳайё туну кун ўзига тинчлик бермаётган азобли хаёллардан қутулиш чорасини топгандай бўлди. Аммо бундай қилишга юраги бетламаётганди. Бирданига бу қарорга келиши ажабланарли-да.
Бироқ... Алишернинг “Бувим билан ухлайман. Бувим менга ҳар куни эртак айтиб бейалла!” каби хархашалари кундан-кун кучайиб боравергач, қарори қатъийлашди.
— Асрор ака!.. — дея маслаҳат солган бўлди Муҳайё ишдан қайтган эрига. — Ойимлар айтган квартирани бекор сотиб олмадик-да! Арзонгина эди... Ундан кейин, ойим бизсиз қийналиб қолганлар. Биласиз-ку, акангиз Россияга кетгандан кейин ойим ёлғиз ўзлари зерикяптилар.
Асрор хотинига ажабланиб қаради:
— Хўш, бу билан нима демоқчисан? Кўчиб боришимиз керакми?
Муҳайё кулимсиради.
— Нима бўпти? — деди хотиржам гапиришга тиришиб. — Ўзингиз ўйланг, ахир ойимнинг биздан бошқа кимлари бор? Шундай кунда бўлмаса, қачон ярайсиз корларига?!
Муҳайё эри билан анча талашди. Ахийри, қайнонасиникига кўчиб боришга Асрорни кўндирди. Гулмира опа катта ўғли Россияга бола-чақасини олиб ишлашга кетгач, чоли билан қийналиб қолган, кўпдан буён Асрорни кўчиб келишга ундаётганди.
— Майли, ҳар доимга бўлмаса ҳам, акангиз келгунча ўша ерда яшаб турайлик. Алишер ҳам... ҳовлида маза қилади...
Муҳайё эрига сўзини ўтказганидан хурсанд эди. Аммо бу қарори бировнинг бошига кулфат келтиришини билмасди...
Салима хола билан Алишерни ажратиш осон бўлмади. Бола бувисидан узоққа кетишни истамасди. Муҳайё ўғлининг хархашасини аранг бостирди. Хайрлашиш чоғида Салима хола ўзини тутолмади. Алишерни бағрига босганча йиғлаб юборди. Аммо кўз ёшларини билдирмасликка уриниб, юзини тескари ўгириб олди...
Орадан икки ойча вақт ўтди. Алишер аввалига бувижонисини соғиниб, роса тўполон қилган бўлса ҳам, вақт ўтиши билан камроқ эслайдиган бўлиб қолди. Энди унинг ёнида Салима холачалик бўлмаса-да, меҳрибон бувиси бор эди. Муҳайёнинг кўнгли ҳам анча тинчланди...
Коммунал хизмат ҳақини тўлаш учун “дом”га борган Муҳайё подъезд олдида тўпланиб турган қўшниларини кўриб хурсанд бўлиб кетди. Кўришиш ниятида яқин боргач, аёлларнинг қовоғи солиқ эканини кўриб, кўнгли ғашланди. Назарида, ҳамма унга ғалати қараётганди.
— Тинчликми?.. — дея сўради аранг ёнида турган келинчакдан.
Аёллар жим эди. Муҳайёнинг ваҳимаси баттар ортди.
— Нима бўлди, айтсангиз-чи!.. — деди бетоқатлик билан.
Ёнида турган келинчак пиқиллаб йиғлаб юборди. Бошқа аёлларнинг кўзларида ҳам ёш айлана бошлаганини кўриб, Муҳайёнинг кўнгли хижил бўлди. Ёши каттароқ Гулноза опага қаради.
— Салима хола оламдан ўтди... — деди аёл афсус билан бош чайқаркан.
Муҳайёнинг бошига биров гурзи билан туширгандек довдираб қолди. Қўшниларига жовдираб қараркан, аранг пичирлади:
— Мен айбдорман бунга... Менинг айбим...
Қўшни аёллар бир-бирларига маъноли қараб қўйишаркан, Муҳайёнинг нима демоқчи бўлганини тушунишганди...
(с) Комила НОСИРОВА.
2003 й.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий