пятница, 20 ноября 2015 г.

Бачкана қўшиқларни ким куйлаяпти?


Бугун аксар ёш (баъзида санъат оламида ўз ўрнини топган!) қўшиқчиларнинг ижоди саёзлашиб, қўшиқлар матни эса бачканалашиб кетаётгани ҳақида жуда кўп гапириляпти. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, албатта. Радио тинглаб ёки баъзи клипларни кўра туриб, айрим қўшиқларнинг матнидан хафа бўлиб кетасан. Хўш, нега бундай ачинарли ҳолат юз беряпти? Бу борада кимни ёки нимани айблаш керак?
Биз шу саволларга жавоб топиш мақсадида адабиёт ва санъатга бевосита дахлдор мутахассислар, санъаткорлар фикри билан қизиқдик. Эҳтимол, айрим фикрлар сизни ҳам ўйлантириб қўяр...

Умарали Норматов, адабиётшунос, профессор: — Қўшиқчиликда ҳамма вақт муаммо бўлган. Илгари ҳам бемаза қўшиқлар бўлган, тўйларда, базмларда куракда турмайдиган гаплар ҳам бўларди. Жумладан, “Ким эдик тарихда биз”, “Атлас кўйлак обермасанг, ёрим демасман”, “Нўғой бола ўйнашим” кабиларни санаб ўтиш мумкин. Ҳамма даврда бўлгани каби ҳозир ҳам қўшиқчиликда шундай муаммо бор. Аммо ҳозир бу муаммо ниҳоятда даҳшатли бўлиб кетди. Адабиётга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар шеър ёзяпти.
Тўғри, ҳаёт фақат оғир қўшиқлардан иборат эмас. Бироқ маънисизлик ўта даражада авж олмаслиги керак. Шеър қўшиққа айланганда, юракни ларзага солиши, унинг нозик торларини черта билиши лозим. 

Анвар Ғаниев, хонанда: Қўшиқни тингловчининг ўзи танлаб эшитади. Лекин енгил, бачкана қўшиқларнинг матнини кўпинча қўшиқчиларнинг ўзи ёзса керак. Бу жараённинг сабаблари кўп, албатта. Аммо юқорида айтганим шу сабаблардан бири, деб ўйлайман.

Абдуҳошим Исмоилов, бастакор: Ўзбек миллий мусиқасини билиш керак. Айтиш шарт эмас. Айтишга овози етмаса ҳам, ўрганиб қўйиш шарт. Миллий мусиқадан бехабарлиги, пойдевори йўқлиги учун хонандалар шундай бачкана қўшиқ айтади. Пойдеворга эга бўлиш учун эса энг аввало миллий мусиқамизни ўрганиш, ҳеч бўлмаганда, эшитиш керак. Қолаверса, айрим хонандалар ижод қилмагани учун ҳам турли давлатларнинг мусиқасидан фойдаланиб, бачкана қўшиқлар айтиш авж оляпти.

Фарида Афрўз, шоира: — Телевидениеда ҳозиргина шу мавзуда интервью бердим. Бу мавзу айни пайтда анча долзарб бўлиб қолди.
Бунга энг биринчи сабаб хориждан келаётган мусиқа ва қўшиқлар оқими. Европада қўшиқ матни деган тушунча бор. Бу қўшиқ сўзидир, лекин асло шеър эмас. Қўшиқ қилса бўлади деган ёш, чин қўшиқнинг маъносини тушуниб етмаган, мазасини тотмаган ёшлар қўшиқ шу экан деб тушунишяпти. Иккинчидан, хонандаларнинг адабиётдан, чин шеъриятдан узоқлиги. Ҳақиқий шеъриятни ҳис қилган, билган хонанда ҳеч қачон енгил-елпи сўзлар тизимидан пайдо бўлган қўшиқни айтолмайди. Шеъри ҳам, мусиқаси ҳам ўзиники, ижрочиси ҳам хонанданинг ўзи бўлиб, қўзиқориндек кўпайиб кетган қўшиқларнинг, буни аслида қўшиқ деб ҳам деб бўлмайди, хиргойи, мусиқали шовқин-сурон, дўқ-пўписа десак тўғри бўлса керак, умри калтадир. Буни Шарқда, айниқса, бизнинг Ўзбекистонимизда диди баланд ўзбек халқи қабул қилолмайди.
Қўшиқни ҳамма эшитади. Юриб ҳам, туриб ҳам эшитаверади. Шунинг учун қўшиқ матнига ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Бу хавфли нарса. Чунки қўшиқда бутун миллатнинг фикри, тафаккури, қарашларини ўзгартириб юбора оладиган куч бор. Энг аҳамииятлиси шундаки, ёш, ўсиб келаётган янги авлод шундай қўшиқлар билан тарбияланиб қоляпти. Бу эса жамиятимиз ривожига, инсонийлик камолига путур етказиши аниқ. 

Хуршид Расулов, хонанда: — Бундай қўшиқларнинг кўпайишига энг аввало халқимизнинг қўшиқ эшитмаслиги, мухлисларнинг қўшиққа эътибор бермаслиги сабаб деб ўйлайман. Агар улар қўшиқни ва унинг шеърини озгина бўлса ҳам таҳлил қилганда, бундай бачкана қўшиқлар дунёга келмасди. Келган тақдирда ҳам, бундай мавқега эга бўлиб, оммалашмасди. Шахсан мен бундай қўшиқчиларни қўшиқчи деб ҳисобламайман, улар учун қўшиқ айтиш — тирикчилик манбаи, холос.

Абдулла Шомағрупов, хонанда: — Бундай қўшиқларнинг кўпайишига одамларнинг тинглашаётгани ҳам сабаб бўляпти. Менимча, енгил-елпи қўшиқларни куйлаётган ижрочиларда озгина савия, профессионализм етишмаяпти. Яхши қўшиқ яратиш учун энг аввало ўзимизнинг мумтоз адабиётдан озгина хабардор бўлиш керак деб ўйлайман. Ҳозир ёшлар орасида шеър маъно жиҳатидан кучли бўлмаса ҳам, сўзлари ўйноқи, қофиядош бўлса бас, деган тушунча бор. Бундай қўшиқчиларга муносабатим ижобий деб айтолмайман, албатта. Аслида, бу фақат санъаткорларнинг, бутун жамиятнинг муаммосига айланди. Шу боисдан ҳам мен ҳар ойда ўнта-ўн бешта енгил қўшиқ қилгандан кўра “оз бўлса ҳам, оз бўлсин” деган нақлга таянаман. Тайёрлаган ҳамма ижод намуналаримни ҳам дарров чиқариб юбормайман.

Раъно Ярашева, актриса ва шоира: — Энди мен мусиқа борасида мутахассис, бастакор ёки санъатшунос эмасман. Оддий тингловчиман. Баъзан ўша биз енгил-елпи деган қўшиқлар орасида ҳам кайфиятни кўтарадиган, одамга ёқадиган қўшиқлар чиқиб қолпяти. Бу изланиш. Ким қандай изланяпти. Аммо ўша енгил қўшиқларнинг тез оммалашиб, тез умри битишига уни тайёрлаётган одамлар масъул деб ўйлайман. Профессионал қўшиқчилар бундай қўшиқлар айтмасликка ҳаракат қилади. Чунки уларнинг умри қисқалигини тушунади. Ҳозир эса шундай вазиятлар бўляптики, чўнтагида пули кўп бирортаси чиқиб, “Кел, битта битта ашула айтиб қўяй” деб, хонандага айланяпти. Уларни на санъат ичидаги одам, на унинг ташқарисидаги киши деб атаб бўлади. Аросатда юрган одам. Энг ёмони ҳам шу. Менинг ўз қизим ҳам санъат оламида ишлаяпти. Шунинг учун бу борада қалтис фикр билдиролмайман. Лекин Мадинанинг мумтоз қўшиқларимизни кўпроқ ўрганишини, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий ғазаллари билан куйланган қўшиқларни айтишини, санъатда ўз ўрнини топишини истайман. Классик асарларимизни ўрганишда ҳикмат катта. Негаки мумтоз асарлар асрдан-асрга, йилдан-йилга ўтиб яшайверади. Ҳозир ўша енгил қўшиқларни айтаётганларнинг қўлига микрофонни бериб, мумтоз қўшиқлардан тўрт қаторини айтиб беришни сўрасангиз, кўпчилиги айтолмайди. Чунки билмайди. Бунинг учун мумтоз адабиётни ўрганиш керак. Агар мендан: “Ёшларга нима маслаҳат берасиз?” деб сўрашганда, “Қайси касб эгаси бўлсанг ҳам, ўзинг юракдан хоҳлаб танлаган касбингнинг устаси бўл!” деган бўлардим. Зеро, одамзод ўз соҳасининг фидойиси, устаси бўлгандагина барака топади, катта ютуқларга эришади, ўз ўрнини топади. “Бўлди, мен санъатда ўрнимни топдим” деб, ижодда бепарволик қилганлар эса адашади. 

Равшан Комилов, хонанда: — Ҳозир бу чиндан ҳам долзарб мавзу бўлиб қолди. Тўғрисини айтаман, кўпчилик бу борада айбни санъаткорга юклайди, лекин мухлисларнинг ўзи заҳарланган. Дилда бошқа-ю, тилда бошқа. Масалан, радио-телевидениеда қўлдан келганча маъноли қўшиқларни ижро этамиз. Мендан кўпинча: “Нега классик қўшиқларни ижро этмайсиз?” деб сўрайди. Нега энди?! Ижро этаман. Ўзим яхши кўраман классик қўшиқларни, аммо фақат шундай қўшиқларни ижро этсам, “банкрот” бўламан. Ўзингиз биласиз, ҳамма ёқ (теле-радиоканаллар) тижорат асосида бўлиб қолди. Белгиланган пулини тўламасангиз, ҳеч ким сизни эфирга қўймайди. Мана, ҳозир мен мавзули қўшиқларни кўп куйлаяпман. Уларга вилоятларда клип олиш ҳам анча қимматга тушяпти. Агар мен фақат классик ёки маъноли қўшиқларни куйласам, эртага янги қўшиқ ёзолмайман ҳам, клип ололмайман ҳам. Тан оламан, менда ҳам енгил қўшиқлар бор. Чунки оқимга қараб сузишга мажбурман. Тошкентдаги тўйхоналарга киринг, зўрға чиқасиз. Кечагина радио ёки телевидениеда оғир қўшиғингизни мақтаганлар ҳам тўй ёки концертда “Битта шўхидан бўлсин!” деб талаб қилишади. Мажбурсиз уларнинг талабини бажаришга. Бошқа иложи йўқ. Сиз бу ёқда маъноли қўшиқ айтаман десангиз, бошқаси тайёр туркча, арабча ёки эронча мусиқани олиб, сўз ёздириб куйлайверади. Шунда ким зўр? Ўша ўйноқи қўшиқни куйлаган зўр!
Мана, ҳозир тўйларда ўғлимнинг қўшиқларини ҳам айтишимга тўғри келяпти. Одамларнинг талабларига қараб. Оқимга қараб, замонга яраша ишлашга мажбурмиз. Шоу-бизнес деган тушунча санъатни бутунлай эгаллаб бўлди. Шу боис, бу борада фақат санъаткорларни айблаш тўғри эмас, мухлисларда ҳам айб бор...
(с) Комила НОСИРОВА.
2011 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий