Яқинда ишим тушиб, поликлиникага қон топшириш учун чиқдим.
Шунда ғалати бир ҳолатга дуч келдим. Ҳамширалардан бири оқ халатдаги кишини ўзи
билан олиб кириб кетди. Ўша киши қон топшириб, оқ халатини ечиб чиққач,
навбатда турганларнинг бари ҳайратдан ёқа ушлади. Чунки оқ халат шунчаки
навбатсиз кириб-чиқиш учун бир восита бўлган экан!
Беихтиёр ўйлаб қолдим: наҳотки
ўша эркак навбатда турган ҳомиладор аёллару қариялардан заррача уялмаган бўлса?!
Дарҳақиқат, уяти йўқ, яъни сурбет одамлар ишини тезроқ
битиради, навбатсиз кириб-чиқадиган орсизларни эса деярли ҳар бир поликлиникада
ва умуман бошқа жойларда учратишингиз мумкин. Энг қизиғи, улар уятни йиғиштириб
қўйгани билан вақтини тежайди. Навбатда турганларнинг иши бир-икки соатда битса,
у тезроқ ҳал қилади муаммосини. Афсуски, сурбетлик фақат навбатсиз суқилиб ўтиш
билан чекланмайди. Айрим катта-катта муаммоларни ҳал этишда шундай ашаддий
сурбетларга дуч келиш мумкинки, у ҳолатда ҳайратдан ёқа ушламайсиз, балки
тамомила ҳайратнинг ўзига айланасиз. Ер қандай қилиб шундай инсонларни кўтариб
юрибди, деган хаёлга боришингиз ҳам ҳеч гап эмас. Зеро, энг зўр нуқсонларнинг
онаси сурбетлик бўлади. Айнан сурбетлик барча иллатларнинг туғилишига қулай
замин яратади. Шу боис ҳам сурбетлиги намоён бўлган одам ҳақида: “Ҳа, бу ўзи
без-ку, нимасига ажабланасан?” дейишади.
Шу муаммо ҳақида ўйлаб, интернетдаги блогимда “Афсус,
сурбетларнинг яшаши осон экан...” деб ёзганимда, менга танишларимдан бири
шундай муносабат билдирди: “Қачонки, сен ҳаёт йўлида осонгина, ҳеч тўсиқсиз йўрғалаб
кета бошлаганингда, фикр қил, сен ҳам сурбетлашиб кетмаяпсанмикан?” Ўйлаб кўрсам,
бу гапнинг тагида олам-олам маъно бор. Зеро, мен бир-икки соатимни қурбон қилиб
бўлса ҳам, ўз навбатим билан кириб чиқаман шифокор ҳузурига. Ўз навбатини бетоқат
кутаётган беморлар олдида юзим шувут бўлишини хоҳламайман. Шунда виждоним тинч,
кўнглим хотиржам бўлади. Оқ халат ёки яна бошқа нарсани мақсадига етиш учун
восита қилиб, юзидан уятни сидириб ташлайдиганларни эса тушунмайман: наҳотки
уларнинг виждони ухлаяпти, қилаётган сурбетлигига қарши ҳеч нима демаяпти?!
Машаққат, лекин соф виждон билан эришгани кўнгил кўзини юмиб, виждоннинг юзуги
тупуриб эришганидан афзал эмасми? Шундай одамлар кечаси тинч ухлайдими? Менга
буниси қоронғи. Фақат шуни биламанки, сурбетлик ҳам ўзига яраша маҳоратни талаб
этади. Бунинг учун одам виждон, инсоф деган қадриятларни буткул унутиши керак.
Зеро, виждон билан сурбетликни ҳеч қачон бир тарозига солиб бўлмайди. Ҳамкасбларимдан
бири менга касбимизни суиистеъмол қилиб, “левый” йўлда юрганлар ҳақида шундай
деган эди: “Сиз билан биз бу нарсани эплолмаймиз. Бунинг учун ҳам маҳорат
керак”. Қаранг, сурбетликка ҳам маҳорат зарур. Қизиқ, бу маҳоратни қаерда
эгаллаш мумкин? Бу дарсни ким ва қаерда ўқитади? Ё ҳаётнинг ўзи ўргатиб қўядими?
Бу саволларга кимдир эмас, балки инсоннинг виждони жавоб беради, менимча.
Аммо нима учун баъзи одамлар сурбет бўлса, баъзилар
бу каби хунук хатти-ҳаракатларни ўзига эп кўрмайди? Айримларнинг фикрича, бу
одамнинг феъл-атворига боғлиқ экан. Чиндан ҳам шундаймикан ёки бу нуқсон
одамнинг қонида бўлармикан? Мен бу саволга жавоб беришга ожизман. Лекин
сурбетликни ўзига эп кўриб, мақсади йўлида қурол қилганлар ўзига четдан бир
назар солиб, қилмишларини таҳлил қилиб кўрса, эҳтимол, нақадар пасткашликка йўл
қўяётганини тушунармиди, деб ўйлайман. Яна ким билсин. Эҳтимол, бу ўринда сут
билан кирган жон билан чиқади, деган мақолни қўллаш тўғри бўлар...
(с) Комила НОСИРОВА
09.10 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий