пятница, 5 августа 2016 г.

Одамлардан оқибат кўтарилдими?

Замон шиддати, юксак технологиялар асри одамларни анча шошқалоқ, эътиборсизроқ, бандроқ қилиб қўйгани рост. Аммо баъзилар ҳадеб ҳасрат қилгани каби оқибатсизроқ ҳам қилиб қўйгани, одамлар орасидан оқибат кўтарилгани... Бундай даъво қилаётган одамларнинг ўзлари қай даражада оқибатли? Улар ўзлари атрофидаги инсонларга қандай яхшиликларни раво кўришяпти-ю, одамларни оқибатсизликда айблашга ҳақим бор деб ўйлашмоқда? Ёки одамлардан оқибат кўтарилди деган нолишлар асослими?
Мухлиса ТОИРОВА, талаба: – Бу гапни кейинги пайтларда кўпчиликдан ва тез-тез эшитаётганим учунми, мен ҳам шундай фикрда юрардим. Аммо бир куни бир воқеага гувоҳ бўлгач, одамларни оқибатсизликда айблаш нотўғри эканлигини тушундим. Дугонам билан дарсдан чиқиб, уйга кетиш учун бекатга яқинлашдик. Шу пайтда автобусдан тушган ёши улуғроқ бир аёл гандираклаб йиқилиб тушди. Кўринишидан мастга ўхшамайди, иссиқда тоби қочган бўлса керак. Бекатдаги одамлар дарров унга ёрдам беришга шошишди. Биров қўлтиқлаб, бекатдаги ўриндиққа ўтиришига ёрдам берди, биров сув олиб келиб ичирди, биров “тез ёрдам”га қўнғироқ қилди. Хуллас, ҳеч ким бунга бефарқ қараб тургани йўқ. Шундан тушундимки, одамларда ҳали оқибат бор, йўқса, бегона аёл учун бунча жон куйдиришмасди.

Жавдот ЭШОНХЎЖАЕВ, таржимон: – Бу гапда жон бор деб ўйлайман, аммо ҳаммани ёппасига оқибатсиз дейиш нотўғри. Чунки яқинларига, қўни-қўшнию танишларига оқибатли инсонларнинг кўпини танийман, ўзим ҳам кўпроқ шундай одамлар билан муомалада бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки уларнинг қилаётган хайрли, савобли ишлари атрофдагиларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Оқибатсизлар оқибатлилардан хижолат қилгани учун ҳам оқибатлироқ бўлишга уринади. Бу эса яхши инсонларнинг атрофдагиларга ижобий таъсиридир. Ёнимизда бизни қўллаб-қувватлайдиган, оғир дамларда ёрдам беришга тайёр оқибатли инсонлар ҳар доим кўп бўлсин, ишқилиб.

Усмонбек ҚОРАБОЕВ, нафақахўр: – Одамлар бутунлай оқибатсиз бўлиб кетмаган, лекин ҳозир оқибат сал камёблашганини инкор қилиб бўлмайди. Илгари одамлар жигарларидан тез-тез хабар олиб туришарди. Ваҳоланки, ўша пайтларда ҳозиргидек алоқа воситалари кўп эмасди. Қўл телефони, компьютер деган нарсаларни умуман билмасдик. Транспорт воситалари ҳам кам эди. Ҳозир одамлар бирпасда шаҳарнинг у чеккасидан бошқа чеккасига бориши, компьютерда бир-бирини кўриб мулоқот қилиши, телефонда гаплашиши мумкин. Аммо шунда ҳам баъзилар яқинларидан, қариндошларидан ҳол сўрашга вақт тополмай қолишади. Мабодо гина қилсангиз, “Энди иш кўп-да, ҳамма ўз ташвиши билан ўзи овора” деган баҳонани рўкач қилади. Гўё дунёнинг бутун ташвиши унинг бошида тургандек, гўё илгари одамлар буткул беташвиш яшагандек... Шунақа гапларни эшитгач, хафа бўлиб кетади киши. Ахир бу дунёда ҳамма нарса ва ҳамма ўткинчи. Бугун бор одамни эртага топиб бўлмайди...

Ҳилола ШОНАЗАРОВА, тикувчи: – Худога шукурки, бизнинг оиламизда ҳаммани қавм-қариндошга, танишу нотанишларга оқибатли, меҳрибон, шафқатли бўлишга ундаб, тарбия қилишган. Ана шу тарбия феълимизга сингиб кетгани учун ҳали жигарларимдан, яқинларимдан оқибатсизлик кўрганим йўқ. Бошқалардан ҳам. Мабодо кимдир эътиборсизлик қилган тақдирда ҳам, кўнглимга тугиб юриб, бир кун аламимни олишни ўйламайман. Чунки ҳамма нарсанинг жавоби бор. Оқибатсиз одамнинг оқибат кўриши, нияти қора одамнинг хотиржам яшаши қийин. Аллоҳ ҳар кимнинг ниятига қараб беради. Шундай экан, атрофдаги инсонлардан озгина меҳримизни, эътиборимизни аямасак, ўзимиз ҳам эртага оқибатга муҳтож бўлиб қолмаймиз деб ўйлайман.  

Юсуфали БЕРДИЕВ, хусусий тадбиркор: – Эҳтимол, одамлардан оқибат кўтарилди деб нолиётганларнинг ўзлари оқибатсиздир. Мен бир одамни билардим. Қачон қараса, одамлардан, ҳатто яқин қариндошларидан ҳам нолиб, уларнинг камчиликларини фош қилар, “Қариндошларим жуда беоқибат бўлиб кетган, бир ойда бир марта ҳам ҳолимдан хабар олмайди”, – деб нолигани нолиган эди. Кўпчиликнинг бундай гаплардан кейин унга раҳми келарди, мен эса ғашланардим. Чунки қариндошларининг кўпини кўрганман, бир неча марта ҳамсуҳбат бўлганман. Уларнинг тез-тез келиб туришларидан ҳечам оқибатсиз одам деб айтиб бўлмасди. Шунинг учун бир куни ўша киши яна қариндошларидан ҳасрат қилишни бошлаганда, чидолмадим: “Сиз ўзингиз уларга қандай яхшилик қилиб қўйгансизки, ҳадеб оқибат таъма қилаверсиз?!” дедим. Бундай гапни кутмаган экан, шекилли, ҳалиги довдираб, нима деярини билмай қолди. Айтмоқчиманки, одамларни оқибатсизликда айблагандан кўра ўзимиз сал оқибатлироқ бўлайлик.


(c) СЕВДОРА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий