Сўнгги вақтларда айниқса катта
ёшлилар Ғарб маданияти ёхуд турли хорижий фильмлар, Интернет ва ижтимоий
тармоқлар таъсирида кўплаб қадриятларимизга путур етаётгани ҳақида ташвишланиб
гапиришмоқда. Ана шундай қадриятлардан бири сифатида муҳаббат тилга олинмоқда. Бунда
жон бор, албатта. Зеро, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Нега ёшлар
бу покиза ҳиссиётни бу қадар пастга уриб, яланғочлаштириб юборишяпти? Бу ҳақда
ёшларнинг ўзи қандай фикрда?
“Ҳаёсиз юз жонсиз жасаддир”
Зафар ҲАСАНОВ: –
Бугун турли нашрларда, ижтимоий тармоқларда бир-бирига хат йўллаётган, радио
орқали дил изҳорини айтаётган йигит-қизларнинг гапларини эшитиб, таажжубга
тушаман. Ҳамма ёшлар чин юракдан севишини, севган одамисиз ҳаётини тасаввур қила
олмаслигини, усиз ҳаёт қоронғилигини ёзади. Лекин бу
оҳ-воҳлар, “ўлдим-куйдим”лар ҳақиқийми? Ўша оҳ-воҳлар замирида сохта туйғулар,
шунчаки ҳавас ётмаганмикин? Ҳақиқий
севги оддий, осуда ва ҳаё пардасига ўралган бўлиши керак. У
ҳаммага ҳам кўринавермайди. Ҳамма ҳам парда орқасидаги бу ноёб ҳиссиётни илғай
олмайди. Зеро, пинҳон нарсагина
қимматлидир. Ҳар қандай гўзал нарса ҳам очиқ-ойдин намойиш этилса,
ўз қимматини, жозибасини йўқотади. Тасаввур қилинг, соҳибжамол бир қиз
очиқ-сочиқ кийиниб юрса, одамлар кўзига қанчалик чиройли кўринади? Кишиларнинг
эътиборини унинг чиройи эмас, очиқ кийингани тортади. Муҳаббат ҳам шундай
сирлилиги билан эъзозли, қадрлидир. Ошкора муҳаббатнинг қадри ҳеч
қачон юксак бўлмайди. Ҳаё пардаси кўтарилган севгининг умри қисқа, у кўп
яшолмайди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино: “Ҳаё
инсоннинг латофатидир, ҳаёсиз юз жонсиз жасаддир”, деб бекорга айтмаган.
“Қизлар нега ўзларини хўрлашади?”
Муҳаббат РАҲИМОВА: – Бир
нарсани сира тушунолмайман: нега қизлар ўзларини бунчалик хўрлашади? Севаман, ўлдим-куйдим,
дея ҳамма ёққа жар солишади. Севгани билан хафалашиб қолса, тиз чўкиб кечирим
сўрашга-да тайёр бўлишади. Ахир буларнинг бари йигитларга хос иш-ку.
Яқинда радио эшитиб ўтирсам, бир қиз қўнғироқ қилиб,
йигити билан аразлашиб қолганини айтиб, ундан узр сўради. Ҳатто
радиобошловчидан ҳам “Йигитим мени кечирсин, айтинг”, деб илтимос қилди. Уни
бутун Ўзбекистон эшитади-ку. Бу аҳволда ғурур, ҳаё-ибо нима
бўлади? Бу билан фақат ўзининг эмас, ҳамма ўзбек қизларининг обрўсини
туширади-ку. Қолаверса, инсон севгисини кўз-кўз қилиши эмас, балки пинҳон
тутиши керак. Севгисини изҳор қилмоқчи бўлса, марҳамат, изҳор қилаверсин, лекин
меъёрни билсин. Шунда йигитнинг олдида ҳурмати, қадри бўлади.
Қизлар! Бу қадар паст кетманг. Нимадан қўрқасизлар?
Шуни билингки, Аллоҳ ҳеч кимни ёлғиз яратмаган.
“Бўлди, любовь
тугади!”
Ҳилола УСМОНОВА: – Яқинда
таксига ўтирганимда, бир қизнинг “севгилиси” билан суҳбатини беихтиёр эшитиб,
лол бўлиб қолдим. У “Бўлди, энди мени безовта қилма. Сендака сўтакларга зор
эмасман. Любовь тугади!” деди. Қиз олифта кийиниб олган, бармоқларига қўша-қўша
узук таққан, сочларини алламбало қилиб турмаклаганди. Кўринишидан тузуккина
оиланинг фарзандига ўхшайди, лекин ўзини тутиши... Қизларга хос на ҳаё бор, на
назокат. Овози ҳам қўпол. Гапириш оҳангини-ку, айтмаса ҳам бўлади.
Тўғрисини айтсам, ўшандан сўнг кўнглимга ғулғула
тушиб қолди. “Наҳотки, ҳозир ҳамма қизлар муҳаббатга шундай юзаки қараётган
бўлса? Наҳотки, уларнинг билгани фақат ўйин-кулги, вақтинчалик кўнгилхушлик
бўлса?” деган шубҳа уйғонди. Ахир муҳаббат ўйинчоқ, мазах қилинадиган, ҳар
кўйга солинадиган туйғу эмас-ку. У шундай покиза, бебаҳо неъматки, доим
асраб-авайлашга, қадрлашларига муҳтож. Уни топтаганлар уволига қолиши аниқ.
Наҳотки, ўша қиз шу оддийгина ҳақиқатни ҳам билмайди? Ваҳоланки, ҳозир севгини
назар-писанд қилмайдиганлар кўпайиб кетган. Шундай одамларни кўрганимда,
ғазабим қўзийди. Яхшилаб “насиҳат” қилгим келади-ю, гапларим ҳавога учишини
ўйлаб тилимни тишлайман.
Лекин бугун газета орқали ёшларга мурожаат
қилмоқчиман. Муҳаббат қалбингизга меҳмон бўлдими, демак, Аллоҳ сизга буюк иноят
қилибди. Уни кўз қорачиғингиздай асраб-авайлашингиз, беғубор сақлашингиз керак.
Бир гард юқдими, кейин ҳеч қачон тозармайди.
“Ҳасратчилар
муҳаббат нималигини биладими?”
Жавоҳир МАМЕДОВ: –
Тўғрисини айтганда, “фалончини севардим, лекин у пистончига кўнгил қўйди”, “пистончи
менга хиёнат қилди” қабилидаги гапларни эшитсам ёки ўқисам,
энсам қотадиган бўлиб қолди. Шу ҳам муҳаббатга ошно одамнинг гапими?! Агар ўша
ҳасратчи муҳаббат нималигини билганда эди, туйғулари ҳақида бутун оламга жар
солиб юрмасди. Чунки севги тилда эмас, дилда бўлади. У ҳақда ҳаммага
жар солиш, “Мен ана шундай севаман!” деган маънода кўз-кўз қилишнинг кераги
йўқ. Одамлар шахсий ҳаётлари ҳақида кўп гапиришни ёқтиришмайди. Муҳаббат
туйғуси ҳам худди шундай, яъни шахсий. Шундай экан, уни оммага ёйиш номақбул. Бошқалар
қўшилмаслиги, қоралаши мумкин, албатта, лекин бу — менинг фикрим.
“Севги учқуни
сезилмайди”
Темур ЭРКИНОВ: – Қизларнинг
гапларини эшитиб, тўғриси, ҳайрон қоламан. Улар муҳаббат ҳақида гапиришади-ю,
кўзларида севги учқуни сезилмайди. Худди оддийгина, маиший буюмлар
(масалан, уйдаги супурги, совутгич ва ҳ.к.) ҳақида гапираётганга
ўхшашади. “Йигитимга фалон нарса дедим, пистон нарса дедим...” “Аҳмоқ, ғирт
тўнкага ўхшайди...” Қулоққа шунақа хунук гаплар эшитилиб туради баъзан. Улар
учун бундай нозик муносабатларнинг умуман қадри йўқдай туйилади менга. Агар
ўша қизлар йигитининг “ғирт тўнкалигини билса, нега у билан учрашади? Заррача
ҳурмати бўлмаган одам билан вақт ўтказишнинг нима кераги бор? Бундай сохта
муносабатлардан кимга, қандай фойда? Ёки ҳозир севишганларнинг бир-бирига
шундай “чиройли” таъриф бериши урф бўлганми?
“Севги эрмак бўлмасин”
Умид ЗОКИРОВ: – Кейинги
пайтларда кўпчилик йигит-қизларнинг тилидан битта
сўз тушмайдигна бўлиб қолди: севги. Бир қарашда,
бундан қувониш керакдек. Ахир севги-муҳаббат – жуда гўзал, кўнгилни
тозартирадига покиза туйғу. Бироқ ҳозирги кунда бу муқаддас туйғунинг
қадрига етаётганлар жуда кам. Баъзи йигит-қизлар севгини шунчаки
эрмак деб билишади, сохта муҳаббат изҳорлари билан бошқаларни
алдашга уринишади. Аслида, ўзларини ўзлари алдаётганларини хаёлларига
ҳам келтиришмайди. Тушунганда жуда кеч бўлади. Ёшлар орасида
жавобсиз муҳаббат туфайли ўз жонига қасд қилаётганлар ёшлар ҳам йўқ эмас.
Бундай воқеалар ҳақида эшитганимда, ёқамни ушлаб қоламан. Ахир
йигит ёки қиз севмаса, бу — ҳаёт тамом бўлди, дегани эмас-ку. Ҳаётда
муҳаббатдан бошқа яна қанча чиройли ҳиссиётлар, муносабатлар бор. Ёшларга мана
шу ҳақда ён-атрофидаги одамлар тушунтириши, тўғри йўлга сола билиши ҳам керак,
назаримда.
“Сохта кўзёшлар,
сохта изтироб...”
Шоҳида
ЙЎЛДОШЕВА: – Менинг фикримча, ҳозирги кунда кўп
йигит-қизлар севги бобида “ёндим-куйдим”дан нарига ўтмайдиган бўлиб
қолишган. Муҳаббат тилда мавжуд бўлса ҳам, дилда мавжуд эмас.
Оғиз кўпиртириб, бўрттириб кўрсатилаётган туйғулар умуман йўқ. Улар муҳаббат
ҳақида қаердадир эшитиб ёки ўқиб олган гапларини такрорлашади. Йўқ туйғуни бор
қилиб кўрсатишдан заррача тортинишмайди. Шунинг учун муносабатлар тугаганда ҳам
ортиқча изтироб чекишмайди. Сохта ҳиссиёт, сохта кўзёшлар, сохта изтироб... Қиз
боланинг йигитга биринчи бўлиб севги изҳор қилиши ҳам бугун янгилик бўлмай
қолди. “Замонавий” қизлар бунинг ҳеч қандай уятли томони йўқ деб ҳисоблашаркан.
Албатта, хорижда бу ҳеч кимни таажжубга солмайди, аммо бизда, қизларнинг энг
биринчи ва зарур фазилати ҳаё ҳисобланадиган халқда бундай ҳолатлар кўпчиликка
эриш туйилиши табиий.
“Севгини рақамлаб бўлмайди”
Элёр ИСЛОМОВ: – Бугун
тенгдошларимга шуни айтмоқчиманки, ҳавасни ҳеч қачон муҳаббат деб ўйламанг.
Ахир муҳаббат лаҳзалик, ойлик, йиллик бўлмайди. Севги абадий, у фақат бир марта
ташриф буюради инсон қалбига. Мангуликка етмаган муҳаббатни асло муҳаббат деб
атаманг. Биринчи севги, иккинчи севги деб рақамлаш эса бугун биттасининг,
эртасига иккинчисининг этагидан тутиб кетадиган беқарорларнингэрмаги. Севгини
рақамлаб бўлмайди. У дилда ягона бўлади. Ҳавасга алданиб қолишдан Худо сақласин.
Эҳтиросни ҳам севги деб тушунманг. Эҳтирос ўтиб кетади. Эҳтиросга, ҳавасга
тутқун бўлган, нафсга берилган одамни соф муҳаббат ҳеч қачон кечирмайди.
(с) Комила
НОСИРОВА.
2013 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий