Ахборот
технологиялари ва техника шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда қўлда
мактуб ёзишга ҳеч кимнинг сабри чидамайди. Одамлар мулоқот учун уяли телефонда
гаплашиш ёки смс-хабар жўнатишни, жуда бўлмаганда, электрон почта орқали хат
ёзишни маъқул кўришади. Аммо электрон хат қўлда ёзилган мактуб ўрнини боса
оладими? Умуман ҳозирги даврда одамлар учун қай бири афзал?
Ҳилола АШУРОВА, журналист: — Ростини айтсам, мен ҳеч кимга
қўлда хат ёзмаганман, аммо электрон хат қўлда ёзилган мактубнинг ўрнини боса
олмайди деб ўйлайман.
Ботир НОСИРОВ, муҳандис: — Шу кунгача фақат бир марта
қўлда хат ёзганман. Бу ҳам мактабда ўқиётганимда, бир қизни ёқтириб қолганимда
бўлган. Уни яхши кўраман деб ўйлаб, ишқий нома битганман. Аммо ўша хатни қизга
беришга юрагим бетламаган. Ҳозирда эса электрон почтани афзал кўраман. Чунки
ёзган хатингиз тез етиб боради, йўлингизни яқин қилади ва сиздан кўп харажат
ҳам талаб қилмайди. Аммо биргина салбий томони почтаннизни бирон хакер бузса,
ҳамма муҳим хатларингиздан айрилиб қолишингиз мумкин.
Сарвиноз ОЛИМОВА, талаба: — Мен учун қўлда ёзгандан кўра
электрон почта орқали хат ёзиш қулай. Чунки хатим албатта ва тез етиб боришини,
жавоби ҳам кўп куттирмаслигини биламан. Қўлда ёзилган хат эса почтада адашиб,
эгасига етиб бормай қолиши ҳам мумкин. Шахсан ўзим ҳеч қачон қўлда хат
ёзмаганман. Аммо ёзишни жуда хоҳлардим. Бунинг ўзига яраша қизиқ ва завқли
жиҳатлари бор деб ўйлайман. Чунки уларни асраб қўйишингиз, интернетга кирмасдан
туриб ҳам ўқишингиз, хат ёзган одамнинг ҳуснихатидан феъл-атворини тахмин
қилишингиз мумкин.
Шодмон ЭРКИНОВ, тадбиркор: — Мен учун бунинг унчалик
аҳамияти йўқ. Чунки деярли хат ёзмайман. Агар кимдадир гапим бўлса, қўнғироқ
қилиб қўя қоламан. Мулоқотнинг энг тезкор ва қулай усули — телефон орқали
қилинган мулоқот. Шунда суҳбатдошингизнинг жавобини ҳам дарров эшитасиз, бирон
муаммони ҳал қилиш лозим бўлса, тезроқ ҳал қиласиз ҳам. Хат ёзиб, унга жавоб
кутиб ўтиришга тоқатим етмайди.
Шоира СОЛИЕВА, дизайнер: — Мен учун қўлда ёзилган
мактубнинг ўрнини ҳеч қандай смс-хабар ёки электрон хат боса олмайди. Қўлда
ёзилган хат электрон хатдан самимийроқ, сифатлироқ бўлади, менимча. Электрон
хатни ёзаётганда одамлар кўпинча шошишади, хато қилишаётганини сезмай қолишади.
Қўлда ёзаётганда эса ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз кўз олдингизда бўлади, шунинг
учун имло хатоларига албатта эътибор берасиз. Кейин сўзларингизни ўйлаброқ
ёзасиз. Қолаверса, қўлда ёзилган хатларни сақлаб, йиллар ўтгандан кейин қайта
ўқишнинг завқи бошқача. Электрон хатларни эса қайта ўқишга ҳафсала қилишингиз
амримаҳол. Кўпинча уларни бир ўқигандан кейин ўчириб юборишади.
Хушбахт АБДУЛЛАЕВ, таржимон: — Электрон хатлар ҳеч қачон қўлда
ёзилган мактубларнинг ўрнини боса олмайди. Тўғри, электрон почтанинг тезкор,
арзон ва сифатли эканлигини, ҳар томонлама қулайлигини инкор қилиб бўлмайди.
Аммо унда “жонлилик” йўқ. Гарчи турли туман смайлларни, ишораларни қўллаш
имкони бўлса ҳам. Қўлда ёзилган мактуб эса хат ёзган кишининг ҳамма туйғулари,
ҳаяжонларини етказиб беришга қодир. Ўзим фақат бир марта қўлда хат ёзганман.
Мени маърузаси билан ҳайрон қолдирган домламга. Хат ёзиб, миннатдорчилик билдирганман
ва унинг дарсларидан олган таассуротларимни батафсил ёзганман. Ўшанда
домламнинг қанчалик хурсанд бўлганини ҳалигача унутмайман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий