понедельник, 8 августа 2016 г.

Агар мен кўп пул топиб олсам...

Одам зоти борки, кўп пул топишни, бой-бадавлат бўлишни хоҳлайди. Аммо бунинг учун кўп меҳнат қилиш ёки фавқулодда ақл соҳиби бўлиш, тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳамманинг ҳам ҳафсаласи келавермайди. Шу боисдир, одамлар хаёлларида ғойибдан келган хазиналарни тасаввур қилишади. Бу мавзуда кўп фильмлар суратга олинган. Аммо хазинадан фойдаланиш ҳам ҳар хил бўлади. Кимдир хайрли ишлашга сарфлайди, яна кимдир ўз нафси йўлида...

Самад ТОЖИЕВ, ҳайдовчи: — О, кўп пул топишни орзу қилмайдиган одам бўлмаса керак бу дунёда. Ҳашамат ичида яшашни, истаган нарсасига эга бўлишни ҳамма ҳам хоҳлайди. Агар кўп пулим бўлганда, дунёдаги энг зўр машинани сотиб олган бўлардим. Албатта, яқинларимга ҳам энг яхши нарсаларни ҳадя қилардим.

Гулбаҳор ҚАМАРОВА, талаба: — Агар кўп пулим бўлганда, биринчи навбатда дунёнинг энг нуфузли давлатидаги университетда таълим олиб, ўзим танлаган соҳа бўйича малакали мутахассис бўлардим. Ундан сўнг катта бир компания ташкил қилиб, энг малакали ходимларни жалб қилардим ва уларга яхши маош тўлардим.

Зайниддин ОЛЛОБЕРГАНОВ: — Кўп пулим бўлса, биринчи галда онамни Ҳаж зиёратига олиб борардим. Уларга дунёнинг энг гўзал давлатларида дам олиб келишга имкон яратиб берардим. Ахир одам энг аввал онасини рози қилиши керак, бошқа ишлар кейин бўлаверади...

Шокир СОБИРЖОНОВ, тадбиркор: — Агар меҳнат қилмасдан кўп пул топиб олсам, уни ўзимга сарфламаган бўлардим. Чунки одамнинг пешана тери билан топган пулигина ҳалол ҳисобланади. Мен озроқ бўлса ҳам, ҳалол пулимни сарфлашни хоҳлайман.

Зайнаб ОРТИҚОВА, ҳамшира: — Агар кўп пулим бўлганда, оғир касалга чалинган беморларга қўлимдан келганча ёрдам берардим. Муҳтожларга хайрия қилардим. Менимча, бойлик энг аввало хайрли ишларга сарфланиши керак, шундагина ундан фойда бўлади.

Сурайё ҲАЛИМОВА, чевар: — Кўп пул топсам, ўзимнинг Мода уйимни очардим (кулиб). Чеварларнинг энг катта орзуси шу бўлса керак. Ўзбек либосларининг қанчалик чиройлилигини, нафислигини бутун дунёга намойиш қилардим. Кейин бошқа истеъдодли чеварларни шу фирмага таклиф этардим.

Умиджон ХАЙРИДДИНОВ, талаба: — Агар кўп пул топиб олсам, дўстларимнинг шартнома пулларини тўлашга, муҳтожроқ қариндошларимга ёрдам берган бўлардим. Шахсан ўзимнинг эҳтиёжларимга эса ҳозир ота-онам бераётган пул етиб турибди. Умуман, ҳозир менга кўп пулнинг кераги йўқ деб ўйлайман. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор: пулингиз бўлгач, эҳтиёжларингиз ҳам ўшанга яраша бўлгани маъқул...

Севара НОРҚУЛОВА, таржимон: Агар кўп пулим бўлганда, энг яхши таржимонларни ёллаб, сўнгги йилларда нашр этилган энг яхши асарларни таржима қилдирардим ва қанчадир қисмини текинга тарқатган бўлардим. Балки, шунда одамлар кўпроқ китоб ўқишармиди... Мен ўзим ўқиган ажойиб асарларни бошқалар ҳам ўқишини жуда хоҳлардим.


(с) СЕВДОРА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий