Бола бугун келмаса керак. Ўтган куни қасам ичдим: агар у бу ерда, кўча
муюлишида яна кўриниб, оқ қўлқопли қўлларини силкий бошласа, ўрнимдан туриб,
“Мартишка” дейман. Кўриб бўлдим — етади. Нима жин уриб бу ерга келади — бизнинг
мартишкаларга хос меҳнатимизни мазах қилишга!
Одамларнинг менга қулоқ солмаслигига сабаб вақтлари йўқлиги эмас.
Сабаби менинг шунчаки қари кўримсиз одам эканлигим, ҳеч кимнинг мен билан иши
йўқлиги ҳам эмас. Мен улар учун — “шунчаки, ҳеч ким”. Ҳамма учун буткул,
тамоман “шунчаки, ҳеч ким” бўлган шундай одамлар бор (улар озчилик эмас). Мен
ҳам ўшандай, газета сотувчи “шунчаки, ҳеч ким”лардан бириман. Бошқа алоҳида
хусусиятларим йўқ. Нари борса, лозим бўлганидан узоқроқ қирсиллайдиган машина
сингари носоз бўлиб чиқишим мумкин. Менга қулоқ солиб, “ақлдан озган чол,
тинмай минғиллайди”, деб ўйлашади. Чиндан ҳам шундай — ростдан ҳам
минғиллайман. Бор овоз билан гапирса, нима бўлади? Ҳаммага қисқа ва тушунарли
қилиб: “Мартишка” деса? Натижаси маълум: бундай гап ҳеч кимга маъқул бўлмайди. Бунга
жавобан узоқ ўйлаб ўтирмай дарров қарши гап айтишади: “Аҳмоқ”. Уларнинг ҳаммаси
тамом бўлган одамлар. Тамом бўлган одамлар, тамом бўлган одамлар. Айнан шунинг
учун улар ҳар доим, ҳар қандай вазиятда, фақат ўзларидан бошқа ҳеч кимга қулоқ
солишмайди.
Ана қара, рўпарада боққоллик моллари дўкони эшигини очишяпти. Ҳадемай
бола пайдо бўлади.
Ким бўлибманки, менга минғиллашнинг ўзи камлик қилса? Улар келишади —
газета олиб, ўтиб кетишади, — лекин менга бу кам. Мен уларсиз яшолмайман. Гапларимни
эшитишларини жуда хоҳлайман, лекин мени эшитишмайди, шунинг учун ҳам
минғиллайвераман, шунда эшитишаётгандек туюлади. Нима деб тўнғиллайман? Ҳеч
нима, умуман ҳеч нима. Минғиллагим келади, минғиллайман. Жин урсин! Ҳойнаҳой,
мартишка бўлишга ўз ихтиёри билан кўнган дунёдаги ягона одам мен бўлсам керак.
лекин негадир иккинчи мартишка ҳеч кўринмаяпти. Кечикяпти. Кеча умуман
келмади. Бугун эса кечикяпти. Унга зўр завқ билан “Мартишка” деган бўлардим-а. Буни
анави тамом бўлганларга айтиб бўлмаса, ҳеч бўлмаса, шунга, ўн беш ёшлига
айтаман. Э йўқ — у ҳам тамом бўлган. У ҳам тамом бўлган. Агар менга дарров
жавоб тополмаса-чи? Шундай бўлса-чи? Яна бекорчи гапни гапиряпсан, қария.
Хотиржам бўл, у кўзлари билан жавоб беради. Сўз билан эса — онасига газета
дўкончасидаги чол уни мартишка деб ҳақорат қилганини айтганидан кейин.
Наҳотки у менга фақат шунинг учун керак бўлса? Аввал-бошдан у менга
керак эди, эрталаблари унга шуни уқтирардим. Табиийки, ичимда, у қўл силкиётган
пайтда минғиллаб уқтирардим. Қайсидир кўринмас ришта туфайли унинг онгига бу
ерда, орқасида совуқ қотаётган одам ўтирганини етказишим зарур эди. Ахир бу
ерда узоқ ўтиролмайман — лекин бу муҳим эмас, ахир одамлар келишади, кетишади,
ҳаммаси ана шундай, бошқача эмас, бу муҳим эмас. Аммо манавиндай кезишлар ва унга
алоқадор бошқа нарсалар сендан бошқа биров пайқамайдиган тарзда содир бўлса, бу
ёмон. Бундай ўйдан этинг жимирлаб кетади, ҳеч қандай пўстин бундан
қутқаролмайди. Шундай қаҳратонда совуқдан қотиб қолгандек ўтирибман — жойимдан
жилмайман. Оёғимни ўқ олиб кетгандан бери ўтираман. Замбарак ўқи бўлса керак,
ундан бундайроғи эмас! Аммо барибир бу ерда шунинг учун ўтирганим йўқ. Мартишка,
қандай ёғочоёққа ўтказсанг ҳам, барибир мартишкалигича қолади — шунинг учун
ўтирибман бу ерда.
Лаънати бола — ҳали ҳам келмаяпти. Уни эрталабгача кутишимга тўғри
келса, ҳаммаси бошдан бошланадиганга ўхшайди. Аввалига унинг найрангларидан
кулардим, холос, кейин жуда яхши кўрдим, охири эса ёқтирмай қолдим. Ҳа, унга
ҳеч нимани уқтиролмаслигимни кўрганимда, ёқтирмай қолдим. У мен учун ҳар куни
эрталаб қаршимда очиладиган қопқоқли туйнукнинг ўзи, кун бўйи вужудимда
қалтироқ пайдо қилувчи мартишкаларга хос меҳнатнинг гувоҳига айлантирадиган қопқоқли
туйнук.
У ҳар доим онаси сут дўкончаси ва боққоллик моллари дўкончасида харид
қилгунча анави ерда, бурчакда туради. Эгнида кўк кепка, куртка ва узун жигар
ранг шим, шундай узун ва кенгки, ботинка рантлари тагидан аранг кўринади. Кейин
унинг қўлқоплари бор — узун оқ қўлқоплари. Жуда ажойиб оппоқ. Уларни онасига неча
кун, неча ҳафта давомида ялиниб олдирган бўлса керак; бу қўлқопларни таққанда,
худди орзулари чегарасига етиб боргандек кўринади. У қудратли маъбудга айланган
— йўл ҳаракатини тартибга солувчига. У узоқ ўйланмасдан йўлканинг энг бурчагига
ўтади, оқ қўлқопли — чап қўлини кўтаради, ўнги билан эса автомобилларга
ҳаракатланишга ишора беради. Кейин ҳафсала билан, тантанавор бурилиб, ўнг
қўлини кўтаради-да, чап қўлини силкийди. У ҳеч нимани кўрмайди, эшитмайди —
чорраҳадан ўтаётган автомобиль ва трамвайлардан бошқа ҳеч нимани. Уйдек
келадиган катта, кўк автобус кўринганда эса, — бизлар, бечора мартишкалар
ҳолига вой! — бола янада жиддий тортади — ўз қўллари билан шакллантирадиган
дунёларга боқаётган Худонинг ўзидек гўё. Оёқ учида туриб, оқ қўлқопли қўлини
тикка кўтаради ва ишланган газ чиқарувчи трубанинг қасир-қусури остида
автобусни чорраҳадан жўнатади. Ўн-ўн беш дақиқача, чорраҳага давом этади, кейин
чорраҳага ҳеч қандай оқ қўлқопни писанд қилмайдиган даражада қудратли биров
келиб, “Қани, кетдик” деганча тепага кўтарилган қўлни ушлаб, полициячини
кетидан судраб олиб кетади.
Кеча онаси харид қилишга бир ўзи келганди. Бугун эса у ҳам кўринмайди. Аттанг.
Болатой хасталаниб қолмадимикин? Мен уни шундай қаҳратонда битта курткада
чиқармаган бўлардим. Э йўқ, у ичидан жун свитер кийган, албатта, бошқа бўлиши
мумкин эмас — яна бекорчи гапларни гапиряпсан, қария.
Ана, ана улар келишяпти. Йўқ, фақат онаси. Бола кўринмайди.
Келмади, бугун ҳам келмади. Онаси ўтиб кетди, сут дўконига. Юзи ҳаддан
ташқари кибрли, ҳеч нимани уқиб бўлмайди. Бола касал бўлиб қолган — шундай
бўлса керак. Нима, онасидан сўрасинми? Қандай бемаънилик. Йўтал ва тумов,
болаларда кўп учрайди.
Онаси дўкончадан чиқди, мен ҳам амаллаб ўрнимдан турдим. Яқинлашганда
эса, гап бошладим:
— Хоним...
У ўгирилди. Барибир ўгирилди.
— Кечирасиз, хоним, айтмоқчийдимки...
Шошилиш керак — хоним музлашни бошлади.
— Сизнинг ёнингизда доим кичкина, кичкинагина-мартишка бола бўларди...
Ҳалиги... оқ қўлқопли...
— Хўш?
— Хўшми? Хўш? У касал бўлиб қолмадими, ахир...
— Худо сақласин, асло!
Хоним менга шундай таънаомуз қарадики, ўзимни ёмон иш қилаётгандек,
боласига зарар етказаётгандек сезаман. Сўзларим томоғимга тиқилади — ҳеч нима
деёлмайман, тушунтиролмайман, хоним эса менга бошдан-оёқ разм солиб қарайди — у
разм солиб қаради, разм солди, мен эса улгурмадим. Керакли сўзни топишга
улгурмадим. Энди хоним ҳам уларнинг ҳаммаси сингари тамом бўлган одам, бутунлай
тамом бўлган.
— Менинг ўғлим билан сизнинг нима ишингиз бор ўзи? — У менга яна бир
разм солади. — Сизнинг нима ишингиз бор?
Ҳаммаси тамом. Хаёлга яна сўзлар келади, лекин энди бошқа, ҳеч ниманинг
аҳамияти бўлмаганда, айтиладиган сўзлар.
— Сизнинг ўғлингиз? У менинг ўғлим эди!
Илгари ҳеч қачон фикримни бунчалик аниқ ифодаламаганман. Аёлнинг
кўзлари косасидан чиқиб кетай дейди, юзидан камалакнинг ҳамма ранглари ўтади.
Қичқириб, қочиб кетади.
Қочаверсин. Унинг ўғли бор, менда ҳеч қачон бўлмаган. Мен шунчаки
бирозга йўл ҳаракатини тартибга солаётгандек тасаввур қилдим, қўлқоп ўринга эса
менда “ўғлим” ва “бор эди” деган сўзлар. Улкан автобуслар маълум сонияларда
қўлқопларим ишорасига қараб юраётгандек туюлди ҳатто. Бироқ бу ёлғон.
Автобуслар кетиб бўлди. Кетиб бўлди. Ўзинг асра, Худойим, чиндан ҳам биз
мартишкаларни асра!
Комментариев нет:
Отправить комментарий