вторник, 11 апреля 2023 г.

“Ҳозир - шоу-бизнес қозони қайнаган пайт”


“Турналар” қўшиғи билан санъат оламига кириб келган Нилуфар Саидова ижодий фаолияти давомида кўп ютуқларга эришди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист даражасига етди. Ҳар қалай, омад унга ҳамроҳдек туюлади. Аммо бу омад ортида албатта мухлис нигоҳи пайқамаган машаққатлар, синовлар ҳам бўлади. Бу синовлар уни тоблайди, дунёқарашини, одамларга, ҳаётга муносабатини ўзгартиради. Хўш, Нилуфар Саидова қанчалик ўзгарди? Унинг ҳаётий ҳақиқатлари кечагидекми?

 – Нилуфар опа, қисқа танаффусдан сўнг яна ижодга қайтдингиз. Клиплар суратга олдиряпсиз. Айтинг-чи, ҳозир қандай ишлар билан бандсиз?

– Ҳозир “Оқ олма, қизил олма” деб номланган янги СD альбомни тайёрлаш билан бандман. Бу альбомдан ўрин оладиган қўшиқларнинг ҳаммаси янги. Янги қўшиқларга ҳозир клиплар суратга олиняпти. Ҳозирда альбомдаги ўнта қўшиқ тайёр, яна ўнтаси ёзиляпти. Ижодий ҳамкорларим – Тоҳир Муҳаммад ва Абдурашид Усмонов билан бирга ишлаяпман. Мухлисларга маълум, мумтоз қўшиқларни ҳам ижро қилганман. Энди шуларни чолғу асбобларида жонли мусиқа билан битта нафасда ижро қилиб чиқармоқчиман. Ҳозир ана шу ишлар билан бандман. Режаларим кўп, бу ишларга биринчи ўринда ўзимни тайёрлаяпман. Қолаверса, халқ хизматидаман, ижодий сафарлар кўп. Хуллас, иш қайнаяпти.

– Бу қўшиқларни айлантириш ниятингиз борми?

– Худо хоҳласа, ҳаммасини айлантираман. Барчасининг муаллифи ўзимман. Қисқа фурсатли танаффусим ўғлим Муҳаммадюсуфнинг туғилиши билан боғлиқ бўлди. Яқинда шу ўғлимга атаб, умуман ҳамма оналар тилидан бир қўшиқ ижро қилдим. Тоҳир Муҳаммад сўзи билан “Ўз юртингни асра, болам” деб куйланган қўшиқ. “Энг аввало оқ сутимни оқла, болам, Ундан кейин юрт ишончин сақла, болам” деган нақорати бор. Яқинда “Наврўз” радиоканали орқали шу қўшиқнинг премьераси бўлди. Ундан сўнг бир соатлик концерт дастуримдан ўрин олди. Ҳозир шу қўшиқ радиода айланяпти. Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 22 йиллигига, қолаверса, оналарнинг ўғилларига атаб ижро қилинган тарона. Ўғилнинг масъулияти бошқача бўларкан-да. Улар бизнинг ҳимоячимиз, тиргагимиз. Худо кўрсатмасин-у, мушкул вазиятларда катта оғирлик эркакларга тушаркан. Биз аёллар, барибир, табиатан ожизамиз-да. Қўшиқда ана шу маъно ҳам ифодаланган. Насиб қилса, бунга ҳам клип олишни ният қилганман.

– Кузатишимча, кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда анча фаоллашиб қолдингиз. Интернет ва компьютер сизнинг ҳаётингизда қандай ўрин тутади. Фойдаланишни яхши биласизми?

– Албатта, сизлардек тажрибали фойдаланувчи эмасман, ҳали ҳам ўрганиш жараёнидаман. Аммо бунинг нима эканлиги ҳақида умумий тасаввурга эгаман. Сингилларим ёрдам беришяпти. Техникадан фойдаланиш керак экан, бу – замон талаби. Қолаверса, бу рекламанинг яхши усули экан. Ўз ижодимда шунга амин бўляпман. Интернетда ташриф қоғозларим эълон қилингандан бери мухлисларнинг талаби ҳам кўпайди. Йўқотганлар топа бошлашди. Санъаткор учун эса бу жуда муҳим. Ҳар бир санъаткор энг аввало унга талаб кучли бўлишини истайди. Бизнинг ижодимиз ҳам бир маҳсулот. Қандолат корхоналари, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини реклама қилишса, биз ҳам яхши маънода ўзимизни ўзимиз реклама қиламиз. Ана шу рекламада интернет ҳам катта ёрдам бераркан. Ҳар қалай, менга шундай туюлди. Ҳозир интернетдаги фаолликни янада фаоллаштиришга ҳаракат қиляпмиз (кулиб).

– Ижтимоий тармоқлар орқали мухлислар билан бевосита мулоқот қилиш ниятингиз борми?

– Албатта, ниятим бор. Альбомимнинг тақдимотини ўтказишни ҳам режалаштиряпман. Альбомдаги йигирмата қўшиқнинг ҳаммасини ёзиб бўлгандан сўнг буни албатта интернет ҳамда матбуот орқали тақдим қилиш ниятидаман. Байрам сифатида. Чунки альбом чиқариш осон эмас. Альбомдаги қўшиқларнинг муаллифи ўзимман. Бу тароналар танаффусим давомида яратилган қўшиқлар. Шу боис бу қўшиқларни мухлисларга тақдим қилиш мен учун жуда муҳим.

– Қўшиқларингизнинг мусиқасини ўзингиз ёзяпсизми?

– Қўшиқларнинг ғояси меники, мусиқий сайқал устида Абдурашид Усмонов билан бирга ишлаяпмиз.

– Аммо ўзингиз ҳам мусиқа ёзасиз, шекилли?

– Йўқ, мен ҳали мусиқа ёзишга киришмаганман, бу осон иш эмас. Лекин ғоялар билан ўз ижодимни бемалол ривожлантира оламан. Овоз жиҳатидан ҳам ўз устимда ишлаш қўлимдан келади. Тушунаман бу ишни. Бу беш фоиз истеъдод бўлса, тўқсон беш фоиз меҳнат орқасидан бўлади.


– Танаффусингиз давомида мухлисларингиздан қандай фикрларни эшитдингиз?

– Фақат “Нега кўринмаяпсиз? Қачон чиқасиз?” деган саволлар бўлди. Ҳеч бир муболағасиз айтяпман, ошириб-тошириб айтаётганим йўқ. Дўконда бирон нарса сотиб олмоқчи бўлсам ҳам, “Биз сизнинг мухлисингизмиз. Албатта чиқинг”, дейишади. Шундан аввалги ижодий изланишларим бесамар кетмаганини тушундим. Масалан, бир шифокорга “Сиздан шифо топдим” дейишса, унинг кайфияти кўтарилиб кетади. Демак, ўша шифокор бу касбни бекорга танламаган, унга юқтирилган. Мухлисларнинг муносабатларидан мен ҳам: “санъатда бор эканман, санъатнинг одами эканман” деб, ўзимга нисбатан ишончим ортди. Аслида, мен санъатдан кетмаганман, фарзандли бўлганим учун бироз вақт чекиндим, холос, шунга қарамай, ижодга бу қадар тез шўнғиб кетаман деб ўйламагандим. Секин-секин бўлади бу жараён деб ўйлагандим. Ҳозирги ҳолат эса мен ўйлаганимга нисбатан бола эмакламасдан бирданига югуриб кетганга ўхшайди. Ҳозир менинг иш суръатим шундай. Бундан жуда хурсандман. Худонинг назарими ёки ўша танаффус пайтида ҳам руҳан, хаёлан саҳнат билан бирга бўлганимми, бунга сабаб бўлса керак.

– Танаффус деганимиз билан барибир ўша вақтда ҳам ижоддан четлашмагансиз, шундайми?

– Ҳа. Фақат телевидениеда чиқмадим, холос. Қўшиқлар яратишдан тўхтаганим йўқ. Хаёлимга ғоя келдими, Абдурашид акага қўнғироқ қиламан. Бориб студияда ишлаймиз. Ҳатто чақалоғим билан бирга бориб ишлаган пайтларим бўлди. Ижодий ҳамкорлик ҳар доим давом этган, бир дақиқага ҳам тўхтамаган. Ўғлимни ухлатаётган пайтда яратган қўшиқларимни айтиб-айтиб пишитдим десам ҳам бўлади. Ижоддан юз фоиз чекиниб, телевизор кўриб, олма еб ётганим йўқ (кулиб). Фақат учинчи фарзандим бўлгани, жарроҳлик йўли билан дунёга келгани учун ҳам жисмонан ўзимни тиклаш, куч тўплаб олиш учун тўхташимга тўғри келди. Ижод билан машғул бўлганимда, ҳар доим бутун вужудим билан ишлаганман. Хизматга, тўйларга борганимда, пулимни оқлаб олганман. Шунинг учун катта куч тўплашим керак бўлди. Аммо руҳан ижоддан четлашмаган ҳолда. Жисмонан тайёр эмасдим холос, ҳозир тайёр бўлдим.

– Ҳозир шоу-бизнес жараёнини кузатганда, кимларга ҳавас қиласиз? Кимлар шиддат билан ижод қиляпти деб ўйлайсиз?

– Ёшлар жуда фаол, ўз ижод йўлига эга. Озодбек Назарбеков шиддат билан ижод қиляпти. Ҳосила Раҳимовага ҳавасим келади, қойил қоламан. Бу хонанда чиндан ҳам ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришяпти. Зиёда, Гулсанам Мамазоитова яхши ижод қиляпти. Умуман олганда, ҳамма шиддат билан ишлаяпти. Ҳозир қозон қайнаётган, олов баландлашган пайт. Шунақа давр келдими ёки санъаткорларимизнинг ўзлари қозонни қайнатишяптими, хуллас, шиддатли жараён кетяпти. Ҳаммада шундай. Биттасини айтсам, бошқаси эсимга келмай қоляпти. Умумий айтганда эса, ҳамма санъаткорларда шундай жараён кузатиляпти. Яхши маънода рақобат бўлиши керак. Рақобатдан ҳам одам ўзига яхши нарсани олиши керак. “У чиқяпти, мен нега чиқолмайман?” деб тирноғини тишлаб, ўзини касал қилиши керак эмас. Мен ўзимга шу жарённи яхши маънода рақобат деб билдим. Қайтишим керак, мана бундай ишларни, ундай ишларни қилишим керак, деб. Хусуматсиз, ичи қораликсиз. Барибир, ўзингизда бори чўмичга чиқади. Минг уринган билан унинг омадидан меникига бир грамм қўшилиб қолмайди ёки аксинча. Инсон шу нарсани англаши керак.

– Ўзингизга нисбатан бошқаларнинг рақобатчилик қилаётганини сезганмисиз?

– Ёш қизларнинг тушуниб-тушунмай тақлид қилган ёки ўрнини эгаллайман деган ҳолатлари бўлди. Буни орқаваротдан эшитдим ҳам. Аслида, одамга сезилади бу. Лекин мен уларга ҳеч қандай ёмон гап гапирганим йўқ. Айтиш у ёқда турсин, хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Рақиб деб билиш учун ўша одам кучли бўлиши керак. Агар улар ўзида шундай кучни сезса, марҳамат, рақобатни давом эттираверсин. Агар ёмон маънода рақобатчилик қилиб, ёмонликни раво кўрадиган бўлса, уларга ҳам Худо бор...

– Сизга ёмонлик қилган одамни кечиришингиз осонми?

– Шу одам менга ёмонлик қилди деб ўйламайман ҳам. Биринчи айтадиган гапим: “Э Худо, ўзинг инсоф бергин!” Худога юзланаман, ҳаммасини Худога ташлайман. Агар ўша инсон ўзи истамаган ҳолда мени хафа қилиб қўйса, мен уни кечираман. Агар у инсон руҳан мендан узоқ бўлса, келажагимга раҳна солса, ўз манфаати йўлида вақтинчалик мендан фойдаланса, у билан алоқани узиб қўяман ва уни умуман ўйламайман, қайтиб у томонга қарамайман.

– Кечирим сўраган тақдирда-чи?

– Ўз манфаати йўлида бировдан фойдаланадиган одамнинг кечирим сўраши осон бўлади. Сизни чиндан яхши кўрадиган, келажагингиз учун қайғурадиган, астойдил куюнадиган одамнинг кечирим сўраши эса қийин бўлади. Буни ўзингиз сезасиз. Кечирим сўрамаган тақдирда ҳам, кечираман. Ўзим ҳам боришим мумкин унинг олдига. “Мен тушунмай қолган эканман, келинг, муомаламизни, ишимизни яна давом эттирамиз”, деб айтишим мумкин. Шундай қила оламан. Аммо менга узоқ одам бўлса, кечирим сўраса ҳам, кечирмайман.

– Айбингизни тан оласизми?

– Тан оламан. Лекин тўғри бўлса. Баъзи одамлар бор, сизни қоқилтириш учун ҳам айбингизни топади. Сиз буни сезиб турасиз. Бу сизга қайсидир маънода ёмон таъсир қилади. Шундай пайтларда унинг ўзига қайтариб танбеҳ беришим ҳам мумкин. “Шу гапни нотўғри гапирдинг, бу гап ноўрин” ёки “Тўғри айтдинг, озроқ ошириб юборган бўлишим мумкин. Раҳмат сенга” дейишим мумкин. Танганинг бир томонини кўриш билан иш битмайди, мен албатта орқа томонини ҳам кўраман.

– Бу анча қийин-ку?

– Тўғри, лекин шундай қила оламан.

– Ўз нуқсонларингизни биласизми?

– Биламан. Энг катта нуқсоним – мен жудаям ишонувчанман. Жудаям. Тўғри, маълум бир пайтда шу жиҳатим туфайли ютқизаман, лекин охирида барибир ютаман. Ишонувчан бўлганимдан юрагимни очиб беришим, бундан душманлар фойдаланиши мумкин. Аммо вақт ўтиб, мен ютаман. Ахир ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейишади-ю.

– Мухлислар сизга хонанда сифатида қандай эътироф беришини хоҳлардингиз?

– Авваламбор ўша эътирофларга лойиқ санъаткор бўлишни хоҳлардим. Ҳозир керагидан ортиқ эътироф беришяпти. Мухлисларнинг эътирофу эътиборларига муносиб бўлиш учун тинимсиз ишлашим керак. Кутилмаган эътирофлар бор, аммо санъатда қилмоқчи бўлган ишларим ҳали жуда кўп. Шу боис ҳозирча ана шу эътирофлар етарли. Ортиғи билан бор эътирофлар. Бундан ортиғи, билмадим... Бунинг учун мен ҳам шунга яраша ҳаракат қилишим керак. Мен ҳали ич-ичимдан хоҳлаётган, тасаввуримдаги нарсани халққа етказиб беролганим йўқ. Етказиб берганимдан кейин мухлисларнинг ўзлари яна бошқа эътирофлар беришар (кулиб).

– Мухлисларингиз сизни кўчада учратганда, қандай мурожаат қилишади? Ҳайратга тушишадими ёки...

– Йўқ, ўзимни жуда ҳайратга туширадиган даражада тутмайман. Оддий, самимий тутаман. Кўпинча “Сизни шундай деб ўйлардим-у, лекин ўйлаганимдан ҳам содда, киришимли экансиз”, – дейишади. Мухлис бир четда гапиролмай турган бўлса ҳам, қулай вазият яратиб, гаплашиб кетаман. “Кибрли экан, манман экан” деган фикрни йўқотишга ҳаракат қиламан. “Э, нима деса деб ўйлайверсин”, деб кетолмайман. Эътибор қилаётган бўлса, эътиборига эътиборсизлик билан жавоб беролмайман. Кўчада ўзимни юлдуздек тутиш менга бегона. Бу қўлимдан келмайди ҳам...

– Масалан, баъзи санъаткорлар кўча-кўйда одамлар таниб қолмаслиги учун беркиниб, баъзилар эса шу мақсадда қора кўзойнак тақиб юради...

– Йўқ, йўқ, менда бундай бўлмаган. Ҳаммаси очиқ-ойдин. “Сиз шуми?” дейишса, “Ҳа, ўшаман” деб жавоб бераман.

– Ҳаётда сиз англаб етган ҳақиқат?

– (ўйланиб) Одам тақдирдан қочиб қутулолмас экан. Мен ҳар доим иккиланардим, инсон ўз тақдирини ўзи яратадими ёки белгиланган бўладими, деб. Ҳамма ҳар хил гапиради. Баъзилар “Худо беради, олиб кетиш ўзингнинг қўлингда”, дейди. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, тақдирда ёзилгани бўларкан, лекин барибир ўзингиз ҳам ҳаракат қилишингиз керак экан. Тақдир – бор нарса, аммо ҳаракат ҳам бўлиши керак. Мен шунга амин бўлдим. Мўъжиза бўларкан инсон ҳаётида. Қаттиқ хоҳласангиз, Худо бераркан. Мен шуни англаб етдим. “Худо беради” деб оғзимизнинг бир чеккасидан осонгина чиқиб кетади, лекин бунинг тагида катта маъно бор. Кейин яна бир ҳақиқатни англаб етдим, инсон бировнинг айбини тузатаман деб ҳам, бировнинг бахтига эришаман деб ҳам ҳаракат қилмаслиги керак экан. Ўзингизни, болангизни, оилангизни ривожлантирсангиз ҳам, ҳаммаси устма-уст йиғилиб, бир-бирини тўлдираркан. Ўзингизни чала бўла туриб, бировни судрашга урисангиз, бу ортиқча юк бўларкан. Мен ҳозир ўз тушунчаларимни айтяпман. Буни мухлислар қандай қабул қилади, қолаверса, сиз қандай етказиб берасиз, ўзингизга ҳавола. Ўзимдан келиб чиқиб гапиряпман: одам бировнинг бахтини сўраши ҳам, камчиликларига қарши курашиши ҳам керак эмас экан, ўзини ривожлантириши зарур. Ҳар биримиз, хоҳласак-хоҳламасак, Худонинг синовларидан ўтарканмиз, ҳамма нарсанинг бадалини тўларкансиз. Тўланаётган пайтда кимнингдир ёрдами зарур бўлади, аммо иложи борича ўзингиз сабр билан кутишингиз лозим. Ўша нарса ўзи келиши, шошмаслик керак экан. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор экан.

– Четдан назар ташлаганда, кечаги Нилуфар Саидова билан бугунги Нилуфар Саидованинг ўртасидаги фарқни нималарда кўрасиз?

– Илгари шунчаки гапирган бўлсам, ҳозир гапиришдан олдин обдан ўйлайман. Ўзгариш бўлиши табиий. Ўн йил олдин битта болам бор эди, ҳозир эса уч болали аёлман. Ўн йил олдин йигирма олти ёш эдим, ҳозир ўттиз олтидаман. Бу кўп нарсани ўзгартиради. Ҳаётий мактабдан, синовлардан ўтдим. Ўн марта баҳор, ўн марта қишни кўрдим. Шундай экан ўзгариш бўлиши табиий. Аммо ўзгариш қайси томонга бўлгани муҳим. Ўйлайманки, яхши томонга ўзгардим. 

— Ижодингиздаги янгиликлар?

— “Оқ олма, қизил олма” деб номланган янги СD альбомни тайёрлаш билан бандман. Бу альбомдан ўрин оладиган қўшиқларнинг ҳаммаси янги. Янги қўшиқларга ҳозир клиплар суратга олиняпти. Мухлислар билишади, мумтоз қўшиқларни ҳам ижро этганман. Энди ана шу қўшиқларни чолғу асбобларида жонли мусиқа билан битта нафасда ижро қилиб чиқармоқчиман. Режаларим кўп, бу ишларга биринчи ўринда ўзимни тайёрлаяпман. Қолаверса, халқ хизматидаман, ижодий сафарлар кўп. Хуллас, иш қайнаяпти.

  Мухлисларга тилакларингиз?

– Мухлисларим ҳамиша соғ бўлишсин. Хонадонимиз ҳар доим тинч бўлсин, хотиржамлик тарк этмасин. Ниманики сўраган бўлишса, ҳамма ниятларига етишсин. Санъатга бўлган иштиёқлари, меҳр-муҳаббатлари ҳеч қачон сўнмасин. 

 

Санъаткор ҳақида қизиқ маълумотлар:

* Мактабда ўқиб юрган чоғларида биологиядан республика бўйича олимпиададан биринчи ўринни олган, аммо кимё ва физика фанларига унчалик қизиқиши бўлмаган.

* Болалигида тез гапиргани учун онасидан кўп танбеҳ эшитган.

* Кўп ишлатадиган ибораси: “Ҳаммаси яхши бўлади”, “Зўр бўлади”.

* Тарихий фильм олишни орзу қилади.

* “Ватан” деган қўшиғини кўзда ёшсиз ижро этолмайди.

* Хамирли овқатларни хуш кўриб тайёрлайди, ош дамлашга эса бироз қийналади.

* Одамларга ишонади, аммо сирларини ичида сақлашни маъқул кўради.

 

Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

2013 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий