четверг, 27 апреля 2023 г.

“Уни ташлаб кет, соғини топиб оласан”


Дунёда севгига ишонмайдиган одамлар бор. Шу билан бирга ҳақиқий муҳаббатнинг тирик намуналари ҳам мавжуд.

“Сенга доим ғамхўрлик қиламан”

Эр-хотин Янфалар – Ду ва Жу бири 20, бошқаси 28 ёш пайтида турмуш қуришди. Асал ойи ўтгач, эр энг яқин шаҳарчадаги кўмир конига ишлашга кетди. Иш оғир бўлса-да, даромадли эди. Улар эса бир талай болалари бўлишини орзу қилишарди. Ду жўнаб кетаркан, хотини ҳомиладор бўлганига ва кондан қайтганда, тўнғичи туғилишига пинҳона умид қилди. Уйдан келган хатларни у зўр қувонч билан очди. Хушхабар келганига ишончи комил эди! Хатда эса атиги бир нечта иероглиф бор эди: “Хотининг касал, тўшакдан туролмаяпти”. Бошқа гап йўқ.

Ду дарҳол муддатсиз таътил олиб, уйга жўнади. Унинг гўзал ёш рафиқаси тўшакда қимирламай ётар, на оёғи, на қўлини қимирлата оларди. Танаси гўё тош қотгандек эди. Нима бўлди? Шифокорлар ҳеч қандай тахмин билдира олишмасди. Ақл бовар қилмайди! Ёш аёл бир соатда мустақил туролмайдиган, ҳатто ёнбошига ўгирила олмайдиган ожиз танага айланди. Жу фақатгина йиғлай оларди. Кўзларидан тинмай ёш оқар, аммо у кўз ёшларини ҳам артолмасди. Унинг ёшларини Ду артарди.

“Ташвишланма, - дея пичирларди у хотинига. – Мен сенга ғамхўрлик қиламан. Ҳамиша”.

Ду кондан бўшашга ва ёрдамчи хўжалик билан кун кечиришга мажбур бўлди. Ду деярли 60 йил хотинининг ёнидан кетмади. Уни қошиқ билан овқатлантирди, тагига тувак тутди. Ногиронлар аравачасига пул йиғиб, севган аёлини кўплаб шифокорларга олиб борди. Бироқ ҳеч ким Жуга ташхис қўёлмади. Врачлар фақат бир гапни – аёл умрининг охиригача ётишини, фарзандли бўлолмаслигини айтишарди.

Ёлғиз қолганда дўстлар ва қариндошлар Дуга: “Сен ёш эркаксан, уни ташлаб кет, ўзингга бошқасини, соғини топасан”, деб маслаҳат беришарди. Ду эса бундай гапларга қулоқ солмас, шунчаки кетиб қоларди. Уйда ишлари бир талай. Баъзан қўшнилари кириб туришади, шаҳардан дорилар келтиришади. Асосий гиёҳли дамламани эса Ду хотинига ўзи тайёрлайди. Шу йиллар давомида у ҳақиқий гиёҳчи табибга айланди.

 

Ҳикоянинг овозли вариантини ютубда қуйидаги ҳавола орқали тинглашингиз мумкин:

https://www.youtube.com/watch?v=3hy4cmQUjYM

Комментариев нет:

Отправить комментарий