пятница, 28 апреля 2023 г.

Ҳинд киноси фақат қўшиқ ва рақслардангина иборатми?


Ўзбеклар орасида, умуман бутун дунёда ҳинд киносининг мухлислари кам эмас. Бироқ ҳинд киносига киноя билан ёндашадиганлар ҳам етарли. Баъзан воқеалари жуда жўн, савиясиз фильмларни кўрганда, “ҳиндча кино бўлиб қолибди-ку” ёхуд ҳинд фильмларига нисбатан “шу ҳам фильм бўлдими” дея киноя қилувчиларни учратамиз. Бу киноя замирида ҳинд киносига нисбатан очиқ-ошкор беписанд муносабат борлигини пайқаш қийин эмас. Бироқ бутун бир давлат ва миллат киносига нисбатан бундай муносабатда бўлиш ҳинд киносининг борлигини инкор этиш сингари ноўрин. Ҳинд киноси аллақачон қўшиқ ва рақслар, ёрқин манзараларга бойлиги билан ўз номини кино тарихига муҳрлашга улгурган ва жаҳон кино бозорида мустаҳкам ўрнини эгаллаб бўлган ва бугунги ҳинд киносининг қиёфаси сезиларли даражада ўзгарган.

 Томошабинлар кўпинча “Аввалги ҳинд фильмлари яхши эди, маъноли бўларди, ҳозиргиларини кўриб бўлмайди. На маъно бор, на мантиқ. Бунинг устига, очиқ саҳналар ҳам кўп” деб, замонавий Болливуд фильмларидан шикоят қилишади. Аммо, холис таҳлил қилинганда, “аввалги ҳинд фильмлари”нинг ҳам камчиликлари етарли эканлигини кўриш мумкин. Ота-оналаримиз бир пайтлар ҳинд киносигага чипта олиш учун (кўпчилик Митхун Чакрабортининг фильмларини эслайди) бир неча соат навбатда туришганини, ўша фильмлар одамларга жуда қизиқ бўлганини кўп эслашади. Ваҳоланки, Митхун Чакрабортининг кўпчилик катта қизиқиш билан томоша қилган “Ўйна, ўйна”, “Диско раққоси” сингари фильмлари Ҳиндистоннинг ўзида анча танқидларга сабаб бўлганини, бу фильмларда кўрсатилган қаҳрамонларнинг исми ҳиндча бўлмагани, бунинг устига, ғарб маданияти сезилиб тургани учун ҳиндларга у қадар маъқул келмаганига кўпчилик эътибор бермайди. 

Раж Капурнинг фильмларини мақташади. Албатта, у ажойиб актёр, яхши режиссёр бўлган. Унинг фильмлари ҳинд киносининг мумтоз намуналарига айланган. Буни инкор қилиб бўлмайди. Бироқ холис баҳо бериладиган бўлса, Раж Капурнинг фильмларида ҳам танқидга муносиб жиҳатлар етарлича. “Сангам” фильмини олинг. Сюжетини зўр деб бўлмайди. Оддий муҳаббат учбурчаги. Бош қаҳрамонларни гавдалантирган актёрларнинг ёши ҳам энди оила қурадиган ёшларникидан анча катта. Бироқ Раж Капур ўзининг “Сангам”ида томошабинни шундай бўлиши мумкинлигига ишонтира олган. Зеро, актёрлар ижроси юқори даражада бўлган.

Раж Капурнинг “Ганг, сувларинг лойқаланди” фильмини олайлик. Бу фильмга ўз вақтида анча танқид тошлари отилган. Сабаби — бош қаҳрамонни ўйнаган актрисанинг айрим кадрларда очиқ либосларда намоён бўлгани. Раж Капур суратга олган ва Шаши Капур ҳамда Зинат Омон бош ролларни ўйнаган “Ҳақиқат, муҳаббат ва гўзаллик” фильмини ҳам ўз вақтида анчайин очиқ саҳналари учун бемалол танқид қилиш мумкин. 

Тўғри, саноқли саҳналарни айтмаганда, ҳинд киносида актрисалар илгари анча ибо-ҳаёли, либослар борасида меъёрни билувчи эди. Актриса Хема Малинини олайлик. Унинг иштирокидаги фильмларни бемалол оила даврасида томоша қилиш мумкин. Аммо ҳозирги фильмларни оила даврасида (айниқса, болалар ёнида) томоша қилишдан аввал бирров кўз югуртириб чиқишга тўғри келади: ишқилиб, кишини хижолатга соладиган саҳналари йўқмикин?

Замонавий ҳинд киносининг энг катта камчиликларидан бири ана шу: тобора очиқлашиб, яланғочлашиб бораётгани. Бу борада Болливуд Голливуд ёки Европа фильмларидан андоза олаётганга ўхшайди. Айрим фильмлар эса томошабинни қизаришга мажбур қилади. Ҳозирги ҳинд актрисалари учун калта-култа юбка, шорти, очиқдан-очиқ кўйлак, шаффоф либослар, мини чўмилиш либосларида экранда намоён бўлиш у қадар уятли иш эмас. Қаҳрамонлар атрофида одам либос деб аташга хижолат бўладиган қандайдир бир парча матони эгнига ташлаб олган раққосаларнинг сакраши ҳинд киносига хос чиройли рақс саҳналарига сира ўхшамайди. Энди бўса ҳам ҳинд кинолари учун оддий ҳолга айланди. Бир вақтлар аёл ҳамкасбларим билан экранда ҳеч қачон ўпишмайман деб аҳд қилган Шоҳруҳ Хоннинг эллик ёшга яқинлашиб қолган бир вақтида ваъдасини бузгандан кейин... Хуллас, очиқ саҳналар, йигит-қизнинг бўсаси замонавий ҳинд киносига хос жиҳатларга айланмоқда. Мутахассислар фикрича, бу энг аввало кенг томошабин оммасини жалб қилиш, унинг кассабоплигини таъминлаш истаги билан боғлиқ. Бу эса ҳинд киносини оилавий кино деган таърифдан анча узоқлаштиради. Аммо, яхшиямки, ҳинд киноси ҳали ўз либосини, шарму ҳаёни бутунлай унутгани йўқ.

Сюжет ва савия жиҳатидан олганда эса, замонавий ҳинд киносида анча ўсиш сезилади. 80- ва 90-йилларнинг кўплаб фильмларини йигирма биринчи аср фильмларига умуман қиёслаб бўлмайди. Ўша даврдаги фильмларида бир қолипдаги сюжетлардан кўп фойдаланиларди. Хусусан, бош қаҳрамон бўлмиш йигит ёки қиз бой бўлади, уларнинг турмуш қуришига оилалари қарши чиқади, йигит эса барча қийинчиликларни енгиб, гавдали-гавдали каллакесарларнинг чангалидан минг марта калтак еса ҳам, такрор-такрор яраланса ҳам, омон чиқади ва охир-оқибат севгилисига эришади. Ёки болалигида ота-онаси ёмонлар томонидан ўлдирилган қаҳрамон келажакда ўша ёмонлардан қандай бўлмасин ўч олишга қарор қилади, бунинг учун ўзи ҳам жиноятчилар тўдасига қўшилиб, бир-кетин душманларидан ўч олади. Ишқилиб, мақсадига эришади. Адолат албатта қарор топади. Ёки тақдирнинг бешафқатлиги, ғариблик туфайли ёмонлар тўдасига қўшилиб қолган қаҳрамон келажакда бирон қизни севиб қолиб, ҳалол яшашга қарор қилади. Хуллас, ўша йиллардаги кўплаб фильмларни томоша қилганингизда, воқеалар ривожи қандай кечишини аввалдан билиб турасиз. Баъзи фильмларнинг воқеалари ғирт эртакка ўхшайди. Қизиғи, томошабин ана шундай фильмларни қабул қилган.

Бироқ тараққиёт томошабин дидига ҳам, киночиларнинг савиясига ҳам таъсир кўрсатмоқдаки, ҳинд киносида кўплаб ўзгаришлар кузатилмоқда. Энди ҳинд режиссёрлари сюжет ва ғоя жиҳатидан бир-бирига умуман ўхшамайдиган, замонавий дунёнинг муаммоларини холис кўрсатиб берадиган, инсон қалби кечинмаларини нозик ифодалай оладиган фильмларни олишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта, куй-қўшиққа, жанг саҳналарига бой, хэппи энд, яъни талай тўсиқлар бўлишига қарамай, албатта яхшилик, қаҳрамонларнинг бахтга етиши билан тугайдиган, ҳиндлар таъбири билан айтганда, “масала” (зираворлар аралашмаси деган маънони англатади, бунда кинонинг турли жанрлари қоришиб кетган) фильмлар ҳозир ҳам етарлича суратга олинмоқда.

Лекин “масала” билан бир қаторда дунёнинг турли давлатларидаги томошабинларнинг, киномутахассисларнинг эътиборини торта оладиган кинокартиналар ҳам кўп суратга олинмоқда. Сўнгги йилларда ишланган ҳинд фильмлари бир-биридан анча фарқ қилади. Кинорежиссёрларнинг услуби ҳам ўзгача. Дейлик, машҳур Яш Чопра романтика қироли бўлган, Рави Чопра эса асосан оилавий муносабатлар ва муҳаббат мавзусига мурожаат қилган бўлса, Рам Гопал Варма асосан триллер жанрида ижод қилади, Каран Жохар ижтимоий муаммолар ва инсоний муносабатларга эътибор қаратади. Анураг Кашьяп, Мадхур Бхандаркар, Мани Ратнам эса жамиятдаги муаммоларга асосий урғуни беради. Шекхар Капур, Мира Наир, Дипа Мехта, Нагеш Кукунур сингари ҳинд режиссёрлари эса хорижда ижод қилмоқда. Ҳинд актёрлари хорижда ҳам фаол суратга тушмоқда. Ҳинд режиссёрларининг фильмлари турли халқаро фестивалларда совринли ўринларни қўлга киритиб, мукофотланмоқда. “Оскар”га номзод қилиб кўрсатишга арзийдиган фильмлар ҳам суратга олинмоқда. Бу эса ҳинд киносининг ўсаётганидан дарак беради, албатта.

Бироқ ҳинд киноси деганда фақат Боливвудни тасаввур қилиш нотўғри. Болливуд — бу Мумбай киносаноати, унда фильмлар ҳиндий тилида суратга олинади. Ваҳоланки, Ҳиндистонда малаялам, каннада, телугу, тамил, маратхи, гужарот, бенгал, ассам тилида суратга олинадиган фильмлар бор, бу фильмларни Болливуд фильми дейиш нотўғри.

Дарвоқе, ҳинд киносини услуб ва жанр жиҳатидан иккига ажратиш мумкин: “масала” ва “параллел” (“арт хаус” ёки Ҳинд янги тўлқини). “Параллел” фильмларда режиссёрлар асосий эътиборни ижтимоий-сиёсий муҳитга қаратишади. Бундай фильмлар, одатда, тижорат фильмларидан анча фарқ қилиб, ортиқча қўшиқ-рақслар, ёрқин манзарали тасвирлар бўлмайди. Параллел фильмларнинг томошабини унчалик кўп эмас, ижарада яхши касса қилиши қийин. Аммо кассада ҳам яхши натижа кўрсатган параллел фильмлар йўқ эмас. Худди шунингдек, танқидчилар томонидан ҳам, томошабинлар томонидан ҳам юксак эътироф этилаётган тижорат фильмлари ҳам кўпаймоқда. Хусусан, Каран Жохар (“Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”, “Гоҳи шодлик, гоҳи ғам”, “Менинг исмим Хон”) ва Ашутош Говарикернинг қатор фильмлари (“Лааган: Бир пайтлар Ҳиндистонда”, “Ватанга қайтиш”, “Жодха ва Акбар”), Зоя Ахтарнинг “Ҳаёт бир марта берилади”, Гаури Шинденинг “Инглиш винглиш” фильмини шундай кинокартиналар қаторига қўшиш мумкин. Интернет фойдаланувчилари орасидаги томошабинларнинг бу фильмлар ҳақидаги таассуротларини ўқигач эса, ҳинд киносининг чиндан ҳам ўсаётганига амин бўласиз.

“Инглиш-винглиш” ҳақидаги бир томошабиннинг фикрига эътибор беринг: “Бундай фильмни ҳинд кинематографияси билан яхши таниш бўлмаган ёки ҳинд киноси фақат далада муҳаббат ҳақида куйлашдан иборат деб ўйлайдиганларга тавсия қилиш яхши”. Зоя Ахтарнинг “Ҳаёт бир марта берилади” фильми ҳақида эса шундай фикрлар билдирилади: “Ҳа, ҳали дунёда Зоя Ахтардек ажойиб ижодкорлар бор, улар дунёга кўп илиқлик, ёруғлик ва муҳаббат беради. Унинг “айби” билан ҳис қилганларим, кўз ёш ва кулгиларим учун... замонавий кинонинг энг яхши фильмларидан бири суратга олгани учун унга таъзим қилишга тайёрман”.

“Э, ҳиндча киноям кино бўлдими?!” деб ҳинд киносига беписанд қараб, ҳаттоки ҳинд киносини кино сифатида тан олмайдиганлар юқорида тилга олинган фильмларнинг бирортасини кўрмаган ёки бу фильмларда кўтарилган ғояни тушунмаган, ҳис қилмаган. Зеро, ҳар қандай давлатнинг киноси сингари ҳинд киносининг ҳам ўзига яраша камчиликлари билан бирга кун сайин кўпроқ қўлга киритаётган ютуқлари, афзалликлари, истеъдодли вакиллари бор.

 (с) Комила НОСИРОВА

2015 й.

Комментариев нет:

Отправить комментарий