пятница, 19 мая 2023 г.

“Меҳнатсиз омад келмайди”


"Салом, азизам” қўшиғи уни халққа хонанда сифатида танитганди. Бироқ биз унинг моҳир созанда эканлигини ҳам биламиз. “Қизми бу, кийикми бу?” қўшиғи унинг яна бир ташриф қоғози бўлди. Айни кунларда санъаткор навбатдаги концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда. Концерт олдидан санъаткор билан учрашиб, бўлажак концерт тафсилотлари ва умуман ижоди ҳақида суҳбатлашдик.

 — Янги концерт дастурингизни “Яна олдим созимни” деб номлабсиз. Ҳосила Раҳимованинг концерти эса “Қўлда созим — дўмбирам” деб номланганди. Бу икки ном ўртасида умумий бир сўз бор – соз. Бу сизнинг энг аввало созанда эканлигингизни билдирадими? Ёки шунчаки қўшиқнинг номими?

— Менинг ижодим билан таниш инсон умримни созга бағишлаганимни ёки созандаликни тарғиб қилишга қанча куч сарфлаётганимни ва ҳаёт тарзим созлар билан ҳамоҳанглигини яхши билади. Ҳосила Раҳимова ижодини бошлаганда, мусиқа сайқалига кўп меҳнатим сингган, яъни кўп қўшиқларига чолғу чалиб берганман. Ҳозирги кунда концерт бериш тажрибаси биздан устунроқ, сабаби мендан кўп концерт дастурлари бўлган. Уларни бу атамаси Сурхондарё, Қашқадарё бахшичилик йўналишига асосланган, холос. Чунки Ҳосилани қўшиқчилик санъати айнан шу йўналишда.

Ҳозирги кунда концерт бераётган санъаткорлар кўп. Хонандаларимиз тўхтовсиз ижод қилиб, халққа ўз маҳсулотларини концерт дастури орқали тақдим қилишяпти. Дастурга ном топиш қийин, кўпчиликдан маслаҳат олишади, кимдур дастурни шундай номлашни маслаҳат бергандир. Менинг концерт дастурим номига келсак, ном топишим осонроқ, ижоддан келиб чиқаман. Ўтган йилги концертимизда қўшиқ айтишдан ташқари, куй ҳам чалган эдим. Мухлисларга жуда маъқул бўлганди. Бу сафар ҳам чолғучиликнинг ўзида икки-уч бастакорлар бор, демак, яна чолғуни қўлга оламиз. Оддий жавоб. Ўтган сафар концертимизни “Юрак, сенсан менинг созим” деб атагандик. Буни оддий тушунса ҳам, мураккаброқ тушунса ҳам бўлади. Юракдаги туйғуларнинг сўзда ифода этишни ҳам назарда тутса бўлади қайсидир маънода. Лекин у атама улуғ шоиримиз Усмон Носир шеъридан олинган эди.

Юрак, сенсан менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг.

Кўзимга ойни беркитдинг

Юрак, сенсан ишқибозим.

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчинг тошди қирғоқдан.

Тилим чарчар ахир гоҳо

Сени таржима қилмоқдан.

Хуллас, концерт дастуримнинг номи ўзимнинг кўп йиллик ижодимдан келиб чиқиб қўйилган. Концерт беришимдан мақсад давлатимиз бизни беминнат бир неча йил ўқитган, шунга яраша мусиқий савияни қўлимиздан келганча кўтаришга ҳаракат қиламиз. Саҳнада узоқ йиллар олинган мусиқий билим ва тажрибани намойиш қилиш. 

Фаолиятингиз давомида нималарни йўқотдингиз-у, нималарни топдингиз? Топганларингиз йўқотганларингиз ўрнини тўлдира оладими?

— Йўқотганимиз соғлиқ. Топганимиз — халқимизнинг меҳри. Кўп йиллик меҳнатимизга иссиқ бағрини очди. Қўлдан келганча ишончини оқлашга ҳаракат қиляпмиз, фақат ҳалол меҳнат билан.

Қўшиқчининг мухлис билан муносабати қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?

— Мухлисларнинг ҳар хили бор. Ҳасад қиладиган мухлис хавфлирок. Манманлик Яратганга хос. Қанча камтар, қанча оддий бўлсангиз, шунча кўп парвоз қиласиз. Бахтимизга мухлисларимиз бор бўлишсин. Бўлмаса, касбимизда маъно бўлмасди.

Бугун пули борлар қўшиқ куйлаяпти, деган фикрга муносабатингиз?

— Ижод қиласиз. Маҳсулот мухлисларга етиб бориши учун тарғиб қиласиз, яъни реклама. Шу реклама албатта маблағ талаб қилади.

Ўзингизга таъриф бериш зарур бўлса, қандай таърифлаган бўлардингиз?

— Таъриф берсам, менда ҳам бир мақтаниб қўйиш имконияти туғилади.

— Бир суҳбатда қўшиқчилик фаолиятини бошлашдан аввал макарону қотган нон билан кун кўрган пайтларим бўлган дегандингиз. Ҳозир ҳамма нарсангиз бор. Ўша кунларни эслаганингизда, кўнглингиздан нималар ўтади?

— Ҳалиям олий навли макаронни ея олмайман.

— Ҳаётда ва санъат йўлида энг кўп таъсир ўтказганлар кимлар?

— Устозларим Фаррух Мирусмонов, Раимжон Шоюнусов ҳамда акам Азиз Саид, онам Моҳира Саидова.

— Акангиз — шоир Азиз Саид. Демак, адабиётга, шеъриятга бегона эмассиз. Шеъриятни яхши тушунсангиз керак. Бу қўшиқ учун шеър танлашда ҳам роль ўйнаса керак?

— Биринчи синфдалигимда акам менга мажбурлаб шеър ёзгин деганлар.

Қиш фаслидаги табиатни соғиниб бир шеър ёзганман. Унда мен 6 ёшда эдим.

Қор ёғар эди далада,

Ўйнардик ташқарида.

Коньки учардик

Қиш вақтларида.

Албатта, ижодхонамда кичкина кутубхона яратганман. Лекин ҳар бир айтаётган қўшиғим Азиз акамнинг назоратисиз бўлмайди.

— Ҳозирги фаолиятингиздан кўнглингиз тўляптими? Ютуқ ва камчиликларингизни нималарда кўрасиз?

— Мана энди сал кўнглим тўляпти. Камчилигим битта қўшиқ устида йиллаб ишлайман. Шунинг учун маҳсулот камроқдек туюлиши мумкин. Ҳар бир танлаётган қўшиғим ёшлар ва ўрта ёшлилар савиясига салбий таъсир қилмаслигига интиламан. Олаётган клипларимиз шарқона маданиятимиздан йироқлашмаслигига ҳаракат қиламан. Чунки биз тарихан буюк маданиятга эгамиз.

— Сиз учун омад калити нимада?

— Дарвоза ёки эшик, ёки машина калитидан бошқа ҳамма нарсанинг калити меҳнатда. Омад ҳам меҳнатсиз келмайди.

— Санъатдан ташқари нималарга қизиқасиз? Хоббингиз нима?

— Хоббим Пинг понг, яъни стол тенниси.

— Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда саҳифа очиб, мухлислар билан мулоқот қилиш, ижодий янгиликларни тарғиб этиш санъаткорлар орасида кенг урф бўлди. Сизнинг ҳам ижтимоий тармоқларда профилларингиз борми?

— Веб сайтимиз бор. Sarbon-music.uz. Бошқа тармоқларда профилим йўқ. Лекин сиз билан Одноклассникида ёки бошка сайтларда гаплашганман, деган мухлислар учраб туради. БУ МЕН ЭМАСМАН.

— Нима деб ўйлайсиз, мухлислар сиздан қандай қўшиқларни кутишади?

— Ҳамма қўшиқ яратаётганда, мухлисларнинг кўнглидан жой олармикан деб яхши ният қилади. Айтаётган қўшиқларим мухлисларим кутган қўшиқлар бўлиб чиқса, бу - катта бахт.

— Кечаги Фарҳод Саидов билан бугунги Фарҳод Саидовни қиёслаганда, қандай ўзгаришларни кўриш мумкин?

— Бир кунга улғайган бўлиши мумкин.

— Ўзингиз қайси санъаткорларнинг ижодига мухлиссиз?

— Улар жуда кўп. Устозлардан тортиб ёшларгача.

— Ҳаётда қандай шиорга амал қиласиз?

— Бу жуда оддий ва анъанавий савол...

— Бўлажак концерт ҳақида...

— Концертнинг биринчи кўриниши — саҳна либоси. Концерт либоси билан кино либосини фарқ қилишига эътибор қиламан. Яъни катта экрандан фойдаланмайман. Ижодимга мос саҳна кўриниши бўлади. Ўтган концертим сингари. Қолганига концертга келганда гувоҳ бўласиз.

 

Фарҳод Саидов ҳақида

Бўйи: 184 см

Маълумоти: олий

Илк қўшиғи: “Ошиқ бўлдим”

Танитган қўшиғи: “Салом, азизам”

Кийиниш услуби: классик

Ёмон кўради: ёлғонни

Ёқтиради: маъсулиятни

Кўп ўқийдиган китоби: шеърий китоб

Севимли актёри: Риши Капур

Севимли актрисаси: Рекха

Севимли қўшиқчилари: Расулқори Мамадалиев

Ёқтирган таоми: шўрва

Ёқтирган ичимлиги: чой

Хорижий тиллар: турк, форс, рус

 

КОМИЛА суҳбатлашди.

(с) 2014 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий