Детектив асарлар устаси, ХХ асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан бири Агата Кристи 1976 йил 12 январда вафот этган. Унинг ҳаёти зиддиятли ва ажойиб воқеаларга тўла бўлганки, аксарияти адибанинг ҳикояларида ўз аксини топган.
* Истеъдодли одамларда турфа ғалатиликлар учрайди. Агата эса дисграфиядан азият чекарди – матн ёзолмасди. У ҳамма асарларини айтиб туриб ёздирган.
* Агата Кристининг биринчи романи ёзилишига адабиётчи опаси билан баҳси сабаб бўлган. Улар Агатанинг опасидан кўра арзирлироқ иш қила олиши ҳақида баҳслашишган.
* Аввалига Агата Мэри Кларисса Маллоуэн (Миллер) детектив асарлар муаллифи сифатида аёлнинг исми кўрсатилса, ўқувчиларда бошқача таассурот уйғотиши мумкин деган фикрда асарларини Мартин Уэст ёки Мартин Грэй тахаллуслари билан чиқармоқчи бўлган, кейинроқ у биринчи эрининг ҳақиқий фамилиясини қолдиришга қарор қилган – Кристи.
* Биринчи жаҳон уруши даврида Агата Кристи ҳарбий госпиталда ҳамшира бўлиб ишлаган, кейин дорихонага ишга кирган ва шу иши туфайли заҳарли моддаларни тушуна бошлаган. Балки, шунинг учун унинг асарларида заҳарлаш кўпроқ учрар.
* 1926 йил Кристининг тақдиридаги энг оғир йиллардан бири бўлди. Худди ўша йили у сирли равишда ғойиб бўлган. Ёзувчининг онаси вафот этди, акаси ашаддий гиёҳвандга айланди, ноширларга “Рожер Экройднинг ўлдирилиши” романи маъқул бўлмади. Бу ҳам етмагандек, эри бошқа аёлни севиб қолиб, ажрашишни талаб қилди. Шундан сўнг Агата ғойиб бўлди, уни узоқ излашди, ҳатто бошқа британ детектив асарлар устаси – Артур Конан Дойлга мурожаат қилишди.
Маълум вақт ўтгач, Агатани кичикроқ сиҳатгоҳ шаҳарчадан топишди. Ёўзувчи у ерда ўзини ҳаммага Тереза Нил деб таништирарди. Унинг хотирасига яхшигина зиён етганди: эрини элас-элас эслар, қизининг исмини эслолмасди, опасини эса бир неча кундан кейингина таниди.
Баъзиларнинг фикрича, ёзувчи эридан қасдини олиш учун йўқолиш билан боғлиқ воқеани уюштирган.
* Агата Кристининг таниши Браян Алдисс унинг услублари ҳақида гапириб берганди – “ёзувчи китобни охирги бобигача ёзиб бўларди, сўнг энг кам шубҳа қилиш мумкин бўлган қаҳрамонни танлар, асар бошига қайтиб, уни қотилга айлантириш учун баъзи жойларини ўзгартирарди”.
* Кристининг айтишича, болалигидан то қаригунча битта тушни кўп марта кўрган: қўли чопилган ва юзи қўрқинчли эркакни. Ёзувчи уни қотил одам деб атарди, ваҳоланки, тушида эркак ҳеч кимни ўлдирмаганди.
* Иккинчи жаҳон уруши йилларида Агата Кристи иккита ҳикоя ёзди: “Парда” ва “Унутилган қотиллик”. Бу асарлар Эркюль Пуаро ва мисс Марпл – унинг энг машҳур қаҳрамонлари ҳақидаги охирги китоблар бўлиши керак эди. Агата Кристининг илтимоси билан иккала китоб банк сейфига яшириб қўйилди. Бу асарлар ёзувчи ёзолмай қолгандан сўнг нашрдан чиқиши керак эди. Ҳикоялар 1974 йилда, ёзувчи 84 ёшга тўлганда чоп этилди.
* “Шарқий экспрессдаги қотиллик” Агата Кристи асарлари экранизациясидан кўнгли тўлган ягона фильм эди. Айтишича, Альберт Финни ўйнаган Эркюль Пуаро у яратган адабий қаҳрамонга энг яқини бўлган.
Агата Кристи кўп саёҳат қилган, фильмга асос қилиб олинган роман эса Истанбулда, ёзувчи эри билан дам олишга борган шаҳарда ёзилган.
* Агата Кристи икки марта турмушга чиққан. Биринчи эридан қизи Розалинда туғилган. Иккинчи марта анча кеч турмушга чиққан, эри ўзидан ўн беш ёш кичик эди. У археолог эди, Агата эса археологнинг хотини уни қизиқтириш учун ўзидан анча катта бўлиши керак, деб кўп ҳазиллашарди.
* Ёзувчининг китоблари 2 миллиарддан ортиқ нусхада чоп этилиб, дунёнинг 103та тилига таржима қилинган. Агата Кристи Буюк Британия тимсолларидан бирига айланган. Унинг шоҳасарлари энг кўп чоп этилиши жиҳатидан Инжил ва Шекспир асарларидан кейин туради.
* Агата Кристи асарларининг театрда қўйилиши борасида ҳам рекорд ўрнатган. Унинг “Қопқон” пьесаси илк бор 1952 йилда қўйилган ва шу кунгача Лондон театрларида тинимсиз намойиш қилинади.
* Агата Кристининг кўп гаплари оммалашган иқтибосга айланган. Масалан, “Озодлик унинг учун курашишга арзийди”.
© Севара АЗИЗ тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий