Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сухандон ва қўшиқчи, “Тараннум” кўрсатуви бошловчиси Шуҳрат Қаюмов “Табибим” деб номланган яккахон концерт дастурини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 22 йиллигига бағишлаб бермоқда. Ўтган йилгидек бу йил ҳам концерт жонли ижрода бўлади. Концерт арафасида санъаткор билан суҳбатлашишга қарор қилдик.
— Шуҳрат ака, нима деб ўйлайсиз, санъаткорнинг эришган ютуқларини нималар белгилайди? Бу омадга боғлиқми ёки тинимсиз меҳнатгами?
— Иккаласи мужассам бўлиши зарур. Тинимсиз меҳнатдан чарчамаслик, толмаслик керак. Бироқ омад ҳам бўлиши керак. Омад бўлмаса, қандай истеъдодга эга бўлманг, элнинг назарига тушиш қийин. Эл назарига тушиш учун ҳам инсонга қандайдир бошқача ҳолат зарур бўлса керак. Бу ҳолатни ҳали ҳеч ким тушунтириб беролмаган, мағзини чақолмаган. “Эстрада юлдузиман” деб осмонга сакраб, саломга алик олишга ярамайдиган айрим “юлдузчалар”нинг ўрнида жудаям иқтидорли, истеъдодли ёшларимиз бўлиши мумкин. Афсуски, улар четда қоляпти-да, деярли ҳеч қандай овозга эга бўлмаган, ҳаттоки бир октавалик овози йўқ, “сени севаман, мени севасанми?” дейдиган юлдузчаларимиз омади келгани учун элга танилиб юрибди. Жуда машҳур бўлмаса ҳам, ўзининг назарида, ниҳоятда машҳур, порлоқ юлдуз.
Баъзан кулгили воқеаларга гувоҳ бўлиб қоламан. Келади-да, “Мени эълон қилиб юборинг” деб қўяди. Мен эса уни ҳали умуман кўрмаганман. “Кимсиз?” деб сўрасам, оғир ботади. Гўё у юлдузни мени танимагандек ёки танисам ҳам, танимаганликка олгандек. “Ростдан ҳам сизни танимадим, кимсиз?” десам, “Мен фалончиман, ахир ҳамма танийди-ку” дейди. Ваҳоланки, йигирма беш йилдан бери элга хизмат қилаётган бўлсам, мени ҳам танимайдиган одамлар бўлиши мумкин. Мен буни истисно қилмайман. Танимайман деса, хафа бўлмайман. “Бўлиши мумкин”, дейман. “Йигирма беш йилдан бери телеэфирда бўлсам, қўшиқ айтсам, нега танимайди?” деб эътироз билдирмайман. Афсуски, ёшларимиз орасида бундайлар тез-тез учраб туради. Ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Хўп, мен танимагандирман, клипини кўрмагандирман, айниқса, шовқин-суронли, миллий менталитетимизга мос келмайдиган клипларни умуман кўрмайман. Мабодо кўзим тушиб қолса ҳам, бошланиши билан ўчириб қўяман. Кимдир кимдирни танишга, билишга мажбур эмас. Улар эса биздан хафа бўлишади. “Хафа бўлманг” деб тўғри тушунтираман. Шунда ҳам “Мени танимадинг” ёки “Таниб туриб, атай ерга урмоқчисан” дегандек, киноя билан, кўз қири билан қараб чиқиб кетади. Кўзларидан шундай ишораларни сезишингиз мумкин. Аслида, ундай эмас, қўлимдан келганча, имкон борича хафа қилмасликка уринаман. Ўзи индамай ўтирса ҳам, шогирдлардан бирортасидан “Бориб билиб кел-чи, исми нима экан?” деб сўрайман. Гарчи тўйхонага кириб келган ҳар бир санъаткор одоб юзасидан бошловчи билан саломлашиши, “Ассалому алайкум, мен фалончиман, менга навбат беролмайсизми?” ёки “Қачон менинг навбатим?” деб сўраши ўринли бўлса ҳам. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозир Тошкент тўйларида санъаткорларимиз навбат кутиб туришади. “Бирров” деган нарса бор. Бу бошида катта-катта, устоз санъаткорлар тадбирларга улгурмасдан, “Майли, сизникигаям беш дақиқага кириб, хурсанд қилиб чиқиб кетарман” деган маънода пайдо бўлган. Ҳозирги кунда туғилибоқ бирданига “бирров”га чиқишга шашт қилишяпти. У тадбирга бу одам керакми-керакмасми, бу ҳақда ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Бу ҳам хўжа кўрсинга, “Тўйингизга қанча санъаткор келди?” деса, “Ҳа, ўттизтаси келди” деб, саноғини кўпайтиришга керак бўляпти.
— Балиқ боқишни ёқтиришингизни биламиз. Яна қандай қизиқишларингиз бор?
— Чиндан ҳам қизиқаман. Лекин кейинги пайтларда вақт-имкониятим камайиб, ишларим кўпайиб кетяпти, шекилли, бундай қизиқишларга бироз ўрин қолмаётгандек. Аммо гул парваришига жуда эътиборлиман. Уйда гулларим кўп. Онам ўстирган гуллар бор. Уларни парвариш қилишга, ҳеч бўлмаса, парваришини назорат қилишга уринаман.
— Қандай давраларда ўзингизни ноқулай сезасиз?
— Маст-аластларнинг даврасида. Ичиб, ўзини тутолмайдиган даражага етган, ўзини назорат қилолмай қолган, нима қилаётгани, нима деяётганини ўзи тушунмай, эртага ўша ҳаракатларидан ўзи уяладиганлар даврасида. Афсуски, шунақа давралар ҳам учраб қолади. Шундай жойга таклиф этилган бўлсам ҳам, уларнинг кўнглини ранжитаманми-ранжитмайманми, билмадим, лекин ўша даврда ўтирмасам дейман, тез чиқиб кетишга ҳаракат қиламан.
— Ёзувчию шоирлар илҳом бўлмаса, ёзолмайди. Қўшиқчи илҳомсиз ижод қилиши мумкинми?
— Менимча, йўқ.
— Ҳаётни ортга қайтариб бўлмайди, албатта. Аммо озгина тасаввурга берилганда, қайси йилларни ортга қайтарган бўлардингиз?
— Онам ёнимда бўлган йилларни.
— Яқинларингиз сизни танқид қила оладими?
— Ҳа, бемалол. Уларга ижозат берганман. Шогирдларимга ҳам. Лекин танқид билан айбловнинг ўртасида катта фарқ бор. Танқид қилаётганда айбламаслик, танқид тўғри бўлиши керак. Шунингдек, танқид қилишга ҳақли одам бўлиши керак. Масалан, мумтоз ашулаларнинг ижроси бўйича устозларим танқид қилишса, тан олишим мумкин. Лекин ҳали ўзи битта ашулани ижро қилиб улгурмаган, мумтоз ашулаларимизнинг бир қаторидан бехабар одам танқид қиладиган бўлса, албатта у танқидни қабул қилмайман. Танқид қилаётган одам энг аввало ўшанга ҳаққи борлигини ўйлаб кўриши лозим. Бу ўринда энг биринчи ўринда танқид қилувчи туради. Ўша одам “Танқид қилишга ҳақим борми-йўқми?” деган саволга биринчи ўзи жавоб бериши лозим. Танқид қилиш учун ана шу соҳанинг мутахассислари бўлишлари керак. Масалан, санъатшунослар, театршунослар бор. Ёш санъатшунос бировни танқид қилишдан олдин устоз мутахассислар билан фикрлашиб, ўз фикрларини айтиб кўриши керак. Чунки баъзи пайтларда шундай ҳолатлар бўлиб қолади, театр соҳасида ҳам бу нарса бор. Танқид қилувчи ҳали театрда ишлаб кўрмай, саҳна нималигини ёки ижрочилик нималигини билмай туриб, ижрочига нисбатан танқидий мулоҳаза қиладиган бўлса, бу ҳам нотўғри бўлади. Менинг назаримда, режиссёр аввал актёрликни яхши ўрганиб, кейин режиссёр бўлиши керак бўлгани каби, танқид қиладиган одам ҳам ўша соҳанинг мутахассиси, ўша соҳанинг том маънодаги профессори бўлиши керак. Шундай одамларнинг танқидини қабул қилмаган одамнинг эса ақли расо бўлмайди.
— Шогирдларингизни саҳнага олиб чиқмоқчи экансиз?
— Бу йил концертда саҳнага олиб чиқаманми-йўқми, ҳали аниқ эмас. Бу режалар қаторидаги бир режа, холос. Ҳозирча бу хом режа, олдиндан бир нарса дейиш қийин.
— Яқин келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми?
— Инсоннинг ҳаёти учга бўлинаркан: туғилиши, дунёдан ўтиши ва охирги нуқтаси орзулари экан. Одамнинг орзу-умидлари доим ҳаётидан икки баробар узун бўларкан. Олдинда режаларимиз кўп, қайси бирига эриша оламиз, қайси бирига эриша олмаймиз — буни вақт кўрсатади. Аммо доимий ҳаракатдаман, доимий изланишдаман.
Бироз кўз тегдими, шамоллаш анча чўзилиб кетиб, катта бир режамиз амалга ошмайроқ турибди. Ишнинг охирги нуқтаси қолганда, бироз оқсоқланиб турибди. Шамоллаш узоқ чўзилиб кетгани учун. Халқимиздаги “кўз тегади” деган гап тўғри бўлса керак. Одамлар мақтаса, уч ойнинг ичида ўттиздан ортиқ тарона ёзганимизга “ўҳ-ҳў, жуда ажойиб-у, таҳсинга сазовор иш бўлибди” ёки “рекорд бўлибди” дейишса, биз ҳам шунга қўшилиб ҳаволанганимизданми, айб ўзимизда бўлса керак, узоқ вақтдан бери шамоллаш кетмай турибди. Концерт арафасида ҳам репетицияларни шамоллаш билан ўтказяпман. Яратгандан ўзимга шифо, мадад сўраб турибман. Қолаверса, мухлисларимизнинг дуолари билан концертни яхши ўтказиб оламан деб умид қиламан.
(с) СЕВДОРА ва Мансур ҲАСАНОВ суҳбатлашди.
2014 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий