понедельник, 22 мая 2023 г.

“Жонли ижрони қаҳрамонлик деб ҳисобламайман”


Бу санъаткорни тажрибали сухандон, истеъдодли бошловчи десак ҳам, маҳоратли хонанда десак ҳам, янглишмаймиз. Шуҳрат Қаюмов — кўп йиллардан бери ўзбек телевидениесида сухандонлик фаолиятини олиб бориш билан бирга миллий қўшиқларимизнинг тарғибига муносиб ҳисса қўшиб, ўзи ҳам кўплаб гўзал лирик тароналарни тақдим этаётган санъаткор. Унинг қўшиқларини нафақат ёшлар, ўрта ёшлилар, онахонлар ҳам севиб тинглашади. “Сиз ўшами”, “Ғаниматим онажон”, “Сизни севолмасам, нетай?”, “Бу ҳаёт сени менга берди” сингари қўшиқлари аллақачон мухлисларнинг кўнгил мулкига айланган.  

 — Шуҳрат ака, гарчи кейинги пайтларда жонли ижрога катта аҳамият берилиб, қатор хонандалар концертини юз фоиз жонли ижрода ўтказа бошлаганига қарамай, барибир ҳали ҳам кўпчилик фонограммани маъқул кўрмоқда. Ҳатто жонли концерт беришга овози, кучи етадиган қўшиқчилар ҳам. Сиз эса ўтган йили ҳам жонли ижрода концерт бергандингиз, бу йил ҳам жонли ижрони афзал кўрибсиз...

— Жонли ижрони ҳеч қачон осмонга чиқариб, қаҳрамонлик деб ҳисоблашни хоҳламаганман. Ҳеч қачон фонограммадан фойдаланиб, концерт бермаганман. Концерт дастурида фонограмма деган сўзнинг қўлланилишини нотўғри деб ўйлайман. Аммо ҳамма хонандалар ўзлари учун ўзлари жавоб беришади. Мен биров учун жавоб бериб, ҳеч кимга ҳеч нарса демоқчи эмасман. Фонограммани маъқул кўраётганларнинг ўз сабаблари бўлса керак. Лекин менга “Шунча маблағ берамиз, ҳомийлик қиламиз, фонограммада концерт беринг” дейишса, рози бўлмасдим.  

— Эшитишимча, бу йил концертда бошқа тилларда ҳам қўшиқ куйларкансиз. Кўпчилик хонандалар ҳиндча, туркча қўшиқларни куйлашади-ю, талаффузини маромига етказа олишмайди. Нима деб ўйлайсиз, хонанда ўзи билмаган тилда қўшиқ айтганда, нималарга эътибор бериши керак?

— Саволингизн тушундим. Бугунги кунда мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил, бутун дунёга ўрнак, намуна сифатида яшаяпмиз, бунга шукроналар айтишимиз керак. Ўзбек номи асрлар давомида дунёга машҳур бўлган, бу билан янада шараф топяпти десам, хато бўлмайди. Концертимиз бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишлаб ўтказилмоқда, қолаверса, бошқа, қардош халқлар орасида ҳам мухлисларим борлигини инобатга олганмиз. Ҳатто нечта концерт номери бўлса, ҳаммасин ҳар хил тилда ижро этиш режамиз ҳам йўқ эмасди. Бироқ бу бирданига катта нарса бўлишини ўйлаб, айрим тилларда қўшиқ айтишни синаб кўрмоқчимиз. Мен ҳам хато ва камчиликлардан холи бўлмаслигим мумкин. Тингловчилар эшитгандан сўнг баҳо беришади. Олдиндан “Мен ҳаммадан яхши ижро қиламан” деёлмайман. Камчиликларни мухлислар келиб айтишса, келажакда албатта уни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Лекин ундан аввал ҳам саҳнага тўғрилаб чиқиш ниятидаман. Қўшиқчини айтадиган тилимнинг мутахассисларига, ўша тил вакиллари билан гаплашиб, тил билан бевосита шуғулланиб, кейин саҳнага чиқмоқчиман. Бу борада ишлаяпман.

— Мана, бир неча йиллардан бери сиз олиб бораётган “Тараннум” кўрсатувингиз ўтган йили “Эътироф” мукофотига сазовор бўлди. Бу кўрсатувнинг миллий қўшиқларимизни тарғиб қилишдаги ўрни қандай деб ўйлайсиз?

— “Тараннум”нинг “Эътироф”га лойиқ топилганлиги кўрсатув ижодкорларига катта қувонч, шодлик келтирди. Ижодий гуруҳнинг йиллар давомида қилган меҳнати юқори баҳоланди. Кўрсатув, айтганингиздек, миллий, мумтоз қўшиқларимизнинг ёшларимиз орасида оммалашишида ўзига хос ўрин тутди десам, муболаға бўлмайди. “Тараннум” кўрсатуви энди очилган пайтларда ҳамнафасларимиз камчилик бўлган бўлса, ҳозирда ёшларимиз орасида, Ўзбекистон давлат консерваторияси, санъат институти, қолаверса, лицей ва коллежларда ўқиётган ёшларимиз орасида ҳамнафасликда ашула ижро этаётганлар, катта ашула йўлига қизиқаётганлар, умуман, мумтоз йўналишга меҳри юксалган ёшларни кўплаб учратишимиз мумкин. Кўрсатувни ташкил қилишнинг мақсад-моҳияти ҳам шундан иборат эди, ёшларимиз орасида миллий мусиқамизни тарғиб қилиш ва шу билан бирга уларнинг қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантиришга кўмаклашиш эди. Агар бу вазифани уддалаётган бўлсак, ижодий гуруҳнинг ютуғи деб ўйлайман. Фақат меникимас.

— Санъаткорнинг муваффақияти сири нимада деб ўйлайсиз?

— Муваффақиятларнинг сири ҳар хил бўлиши мумкин. Шу пайтгача ҳали ҳеч ким бу сирнинг тагига етолмаган бўлса керак. Кимдир камтарликда дейди, кимдир соддаликда, кимдир халқчилликда дейди. Балки, ҳаммаси мужассам бўлиши керакдир. Қолаверса, халқнинг дилидагини топиб айтишда, дейишади. Балки, ўша ҳамма-ҳамма жиҳатларни ўзида мужассам этгандан кейингина муваффақият қозониши мумкиндир.

— Кўпчилик санъаткорлар ўзининг даражасидаги, ёки ўзидан-да бир неча поғона юқорида турган санъаткор билан дуэт айтишни истайди, ёш, номи чиқмаган хонанда билан қўшиқ куйлашни ўзига эп кўрмайди, бошқача айтганда, обрўсини туширишдан чўчийди. Сизда эса бундай ҳолат кузатилмайди?

— Аввал “Обрў нима?” деган саволга жавоб бериш керак. Кўп ёшларга кўча-кўйда, тўй-тадбирларда учрашиб қолсам, гапираман. Нафақат катта санъаткорлар, балки, ёш санъаткорлар ҳам баъзида ўз-ўзидан чираниб қолади. “Устозларни ҳурмат қилсанглар, ўзинглардан катталарга эҳтиром кўрсатсанглар, келажакда албатта шундай ҳурмат-эҳтиромга эришасизлар”, дейман. Шу сингари ҳеч ким бирданига халқ эътирофига сазовор бўлмаган, юлдуз бўлиб туғилмаган. Ҳаммаям аста-секин, қийинчилик билан саҳнага чиққан, элга танилган. Юқорида турган ўша санъаткорлар ҳам ёшларга қараб бошида ўзининг қийналганини бироз фикр қилиши керак. Майли, масалан, бизга кимдир қўлини чўзмагандир, кимдир ёрдам бермагандир, аммо биз ёрдам берайлик. Ахир ёшлигимизда биз ҳам кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлганмиз, кимгадир суянгимиз, таянгимиз келган-ку. Бироқ мақсад фақат ёрдам кутиш бўлиб қолмаслиги керак. Баъзан шогирд тушишга келган ёшларнинг мақсадини чуқурроқ англасангиз, ҳомийлик қилади ёки телевизорга чиқишимга, эфирларимга ёрдам беради, институтни битирсам, ишга киришимга ёрдам беради деган аниқ мақсадлари бўлади. Лекин мен уларнинг энг аввало одамлар билан муомала маданиятини, одобни ўрганишини хоҳлардим. Ахир устоз шунинг учун ҳам устоз эмасми?

Устоз отангдан улуғ, дейишади. Талаба бўлиб, 17-18 ёшда ота-она бағридан чиқиб кетиб, тўлиқ шаклланиш даврида уларнинг ёнида бўлмагани учун отасидан ўрганолмаганларини, жамиятдаги ўзаро муносабатларни, одамлар билан мулоқотни, одобни ўрганса, мана шу мақсад бўлса, мен жону таним билан устозлик қилган бўлардим. Афсуски, баъзан қўшиқ айтиш ҳам эмас, бирон жойга эгалик қилиш, манфаат мақсад бўлади. Аслида, мен айтиб ўтган нарсалар ҳам манфаат, яъни одоб манфаати, шаклланиш манфаати... Аммо моддий манфаатдан йироқроқ бўлса, маъқулроқ бўлади. Таассуфки, шундай ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳатто уйланишига бироз вақт қолганда шогирдликка олинг деб келиб, кейин тўйи арафасида “Тўйимга борасизми” деганлар бўлган. Қанчасининг тўйига бордим. Бироқ тўйдан кейин у шогирддан ном-нишон йўқ. Ҳозир шогирд тушишга келадиганларга “Қўшиқ айтишни ўрганаман десанг, йўл-йўриқ кўрсатишга, одамгарчиликни ўргатишга ҳаракат қиламан, лекин ига киргизиб қўймайман, ҳомийлик қилмайман, тўйингга бормайман” деб шарт қўйишга мажбур бўляпман. Кап-катта одам бўла туриб ёш боланинг алдовига учиб қолганим гоҳида ўзимга ҳам алам қилади.    

— Бир вақтлар жуда мазмунли, турли ёшдаги мухлисларга манзур бўладиган видеоклипларни тақдим этгандингиз. Лекин кейинги йилларда жуда кам қўшиқларингизга клип суратга олдиряпсиз. Бунинг сабаби нимада?

— Асосий сабаби моддиятда. Видеоклип суратга олдириш, сўнг уни телеэфирда айлантириш анча маблағ талаб қилади. Ҳеч кимга сирмас, оилам — ўзига яраша катта оила, тўй-тадбирга ҳам ҳар куни боравермайман, кўпинча ишда бўлиб қоламан. Топаётган пулим қоплаганда эди, клип суратга олдиришни истаган қўшиқларим, мазмунли ғояларим жуда кўп. Аммо, афсуски, ҳаммаси маблағга тақаляпти.

— Ҳомийлик асосида ишлаш таклифлари тушдими?

— Таклифлар бўлади. Лекин олмоқнинг қайтармоғи бор. Ҳомийларни ҳам тўғри тушуниш керак, албатта. Ҳозир ҳамма ўзи учун ўзи ҳаракат қиладиган замон. Агар ҳомий сизга маблағ тикадиган бўлса, келажакда у албатта фойдаси билан қайтиши керак. Ҳомий билан ишласам, у билан шартнома тузишим, топган даромадимнинг маълум бир қисмини беришим ёки қандайдир йўл билан қайтаришим зарур. “Қандай қайтараман?” десам, “Шарт эмас, тўй-тадбирларимизда ёнимизда бўлсангиз”, деганлар бўлган. Шунинг ўзи ҳам мени ўйлантиради. Тасаввур қилинг, мен кимгадир ваъда бериб қўйганман, ҳомий қўнғироқ қилиб, ваъда берилган кунга “Шуҳратжон, уйимизда тадбир бўляпти, келсангиз”, деб қолса... “Йўқ, менинг тўйим бор” десангиз, тўғри тушунса, тушунди. Тушунмаса, буни кўрнамакликка, яхшиликни унутишга йўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳеч қандай ҳомийларсиз ишлаган, халқимизда бир яхши гап бор, кўрпамизга қараб оёқ узатганимиз маъқул. Шукр, мана, концертлар беряпмиз, мухлисларимиз кириб янги қўшиқлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Дискларимиз чиқиб турибди. Ҳозирча бир йилда битта клип олиб, тақдим этсак ҳам, катта гап бўлиб қоляпти, фақат моддий имкониятга бориб тақаляпти.  

— Яқин келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми?

— Инсоннинг ҳаёти учга бўлинаркан: туғилиши, дунёдан ўтиши ва охирги нуқтаси орзулари экан. Одамнинг орзу-умидлари доим ҳаётидан икки баробар узун бўларкан. Олдинда режаларимиз кўп, қайси бирига эриша оламиз, қайси бирига эриша олмаймиз — буни вақт кўрсатади. Аммо доимий ҳаракатдаман, доимий изланишдаман.

 

(с) СЕВДОРА ва Мансур ҲАСАНОВ суҳбатлашди.

2014 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий